The words you are searching are inside this book. To get more targeted content, please make full-text search by clicking here.

ЎЗБЕКИСТОНДА МУСУЛМОН ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА УЛАМОЛАРИ ФАОЛИЯТИ

Discover the best professional documents and content resources in AnyFlip Document Base.
Search
Published by mansurbek.0888, 2022-02-24 03:18:58

ЎЗБЕКИСТОНДА МУСУЛМОН ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА УЛАМОЛАРИ ФАОЛИЯТИ

ЎЗБЕКИСТОНДА МУСУЛМОН ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА УЛАМОЛАРИ ФАОЛИЯТИ

1

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ
ВАЗИРЛИГИ

АНДИЖОН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВА АГРОТЕХНОЛОГИЯЛАР
ИНСТИТУТИ

Юсупов Расулжон Маликович
ЎЗБЕКИСТОНДА МУСУЛМОН ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАРИ

ВА УЛАМОЛАРИ ФАОЛИЯТИ
(XX асрнинг 40-80 йиллари)
Ўқув қўлланма

АНДИЖОН - 2022

2

Юсупов, Расулжон.
Ўзбекистонда мусулмон диний ташкилотлар ва уламолар фаолияти
(XX асрнинг 40-80-йиллари) [Матн] // Р.Юсупов. –Тошкент, 2020. -142 б.

Масъул муҳаррир: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,
тарих фанлари доктори, профессор И.А Алимов

Тақризчилар:
О.К.Комилов, АДУ тарих фанлари доктори, доцент

А.М.Салмонов, ФарДУ тарих фанлари номзоди, доцент

Ушбу ўқув қўлланма Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус
таълим вазирлигининг 2021 yil, 31 майдаги 237 –сонли буйруғига асосан
нашр этишга рухсат берилди.

Мазкур ўқув қўлланма бакалавриатнинг 5120300-Тарих (жаҳон
мамлакатлари бўйича) таълим йўналиши 3-босқич талабаларининг ўқув
режасида белгиланган “Ўзбекистон тарихи”, шунингдек ”Фалсафа”,
”Фукаролик жамияти”, ”Ўзбекистоннинг энг янги тарихи”, АКХАИ ҳамда
Башкирия ва Гродно аграр университети билан хамкорликда ташкил этилган
қўшма факультетдаги ”История Узбекистона” фанлари бўйича намунавий
дастур талабларига тўлик мос келади. Яъни барча бакалавриат таълим
йўналишлари 1-босқич талабаларининг ўқув режасида ўқитиладиган
“Ўзбекистон тарихи” фанининг фан дастурларида келтирилган «Ўзбекистон
Иккинчи жаҳон уруши йилларида (1941-1945 йиллар)» ва «Ўзбекистон 1946-
1985 йилларда» мавзулари бўйича адабиёт сифатида фойдаланишлари
мумкин. Мазкур мавзуларни ёритишда XX асрнинг 40-80-йилларида
Ўзбекистондаги мусулмон диний ташкилотлари ва уламолар фаолияти
масалалари кенг таҳлил этилган.

Ўқув қўлланма Олий ўқув юрти бакалавир ва магистратура таълим
йўналиши талабалари, профессор-ўқитувчилари, таълимнинг бошқа соҳалар
йўналиши ҳодимлари ва кенг омма учун мўлжалланган.

3

КИРИШ
Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгач бой
тарихий меросимизга, диний, маънавий ва маданий қадрият ва
анъаналаримизга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Бу борада, аввало,
Биринчи Президент Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас
куч” китобида таърифлаганидек, инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга
чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини
бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч – маънавиятга давлат
сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратди.
2016 йили Ўзбекистон Республикаси пойтахти Тошкентда иш
бошлаган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар
вазирлиги кенгаши мажлисининг очилиш маросимида Президент Шавкат
Мирзиёев “Биз исломий қадриятлар ва мусулмон маданиятини муҳофаза
қилишимиз лозим” дея баҳо бериб, ислом динини тинчликка, маърифатга ва
маънавий бойликка даъват этадиган дин экани улуғланган. Президент
Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида
мамлакатимизда “жаҳолатга қарши-маърифат” деган эзгу ғоя асосида ислом
динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олийжаноб
мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий
масалалардан бири бўлиб қолади. Жорий йилда ҳадис илмининг султони
Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг
давомчиси Абу Муин Насафийнинг ҳаёти, илмий меросига бағишланган
ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий
конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади. Имом Бухорий
бобомизнинг Самарқанддаги ёдгорлик мажмуасини бу мўътабар зотнинг
мусулмон дунёсидаги улуғ мақомига мос равишда мутлақо янги лойиха
асосида қайта барпо этиш ишларини ҳам бошлаймиз. Шунингдек, буюк

4

аллома Баҳовуддин Нақшбанд бобомизнинг 700 йиллик таваллуд айёмини
юқори савияда ўтказишимиз керак дея, бежиз таъкидламадилар.

Кундай равшан бўлиб кўриниб турибдики, кўҳна тарихимиз, бой
маданий меросимиз, урф-одат ва анъаналаримиз, диний-миллий
қадриятларимиз қайта тикланмоқда, азиз авлиёларимизнинг қаровсизликдан
харобага айланган қабрлари, зиёратгоҳлар обод қилинмоқда, масжид ва
мадрасалар таъмирланмоқда, янгилари қуриб халқимиз ихтиёрига
топширилиб келинмоқда. Ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама етук,
баркамол этиб тарбиялашда, ҳеч шубҳасиз, тарихий хотира, маданият,
маърифат, диний қадриятлар, аждодларимизнинг бой илмий-адабий меъроси
ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шу боис, мустақиллик даврида буюк
аждодларимизнинг ҳаёти ва бебаҳо меъросини ўрганиш, руҳлари мангу
қўним топган жойларни обод этиш ва асраб авайлаш борасида улкан ишлар
амалга оширилмоқда.

Яқин ўтмиш тарихдан маълумки, совет тузуми динимизни йўқотиш ва
бу орқали миллий ўзлигимиздан айиришга, бизни ўзига тобе сифатида ушлаб
туришга қаттиқ киришди. Атеистик сиёсат натижасида, диндорлар, диний
уламолар тазйиққа учради, диний ташкилот ва мозорлар ёпиб кўйилди,
диний маросим ва анъаналар таъқиқланди. Шундай бўлишига қарамай,
халқимиз ичидан чиққан кўплаб фидойи инсонларнинг маънавий жасорати,
ўзини қурбон қилишлари натижасида совет империясининг ушбу сиёсати
халқимиз онгидан динга, буюк алломалар руҳига, уларнинг қадамжоларига
бўлган ҳурматни сиқиб чиқара олмади.

Мустақилликка эришгач Ўзбекистонда динга бўлган муносабат тубдан
ўзгарди. Унинг инсон маънавиятини шакллантиришдаги беқиёс ўрни алоҳида
эътироф этилди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа
қонунларда фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатлаб қўйилди.
1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Дин
ишлари бўйича қўмита ташкил қилинди. 1992 йил 27 мартда Республика
Президентининг мусулмонларнинг истак ва хоҳишларини инобатга олиб

5

ҳамда фуқаролар ўртасида меҳр-оқибатни барқарорлаштириш мақсадида
“Рўза ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги Фармони
эълон қилинди.

Истиқлол йиллари маънавий қадриятларимиздан ҳисобланган динга,
айниқса, ота боболаримиз дини ҳисобланган ислом динига, диндорларга
яратиб берилган шароитларни баҳолашда, унинг қадрини англашда яқин
ўтмишимизда ушбу борада қандай воқеалар юз берганини ишончли манбалар
воситасида тадқиқ этиш аҳамиятлидир.

Ушбу ўқув қўлланмада мусулмон диний ташкилотлари, масжид ва
мадрасалар ҳамда уламолар фаолиятининг совет даврида чекланганлиги,
диний ташкилот ва мадрасаларнинг вақф ерларидан маҳрум қилиниши ва шу
йўл билан уларни йўқ қилишга уринишлар архив ҳужжатлари, матбуот
материаллари ва бошқа манбалар ёрдамида тадқиқ этилган, таҳлил қилинган.
Ўқув қўлланма юзасидан билдирилган фирк-мулоҳазаларни муаллиф
мамнуният билан қабул қилади.

6

БИРИНЧИ БЎЛИМ
СОВЕТ ҲОКИМИЯТИ ТОМОНИДАН МАСЖИДЛАРНИ ОЧИШГА

РУХСАТ БЕРИЛИШИ ВА УЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ЧЕКЛАШИ
1.1. Совет ҳукуматининг масжидлар фаолиятига чекланган
даражада эркинлик берилиши

Маълумки, фашистлар Германияси 1941 йил 22 июнда Совет
Иттифоқига адолатсиз уруш бошлади. СССР халқлари, жумладан,
Ўзбекистон халқлари бошига оғир синовлар тушди ва уларнинг фашизмга
қарши кураши бошланди. Уруш халқлар аҳволини жиддий ўзгартирди, Ватан
ҳавф остида қолди. Ўзбек халқи барча Совет Иттифоқи халқлари сингари
«Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун!» шиори остида меҳнат
қилди. Урушнинг дастлабки кунлариданоқ бутун мамлакат халқлари қатори
ўзбек халқи ҳам фашистлар Германиясининг уруш эълон қилмасдан тўсатдан
ҳужум қилишига ўз ғазаб-нафратини билдирди, барча кучларни, агар лозим
бўлса, ҳаётини ҳам ғалаба учун бағишлашга амру қарор қилди. Урушнинг
оғир йиллари ўзбек халқининг асосий маънавий-ахлоқий хусусиятлари
намоён бўлди.

Уруш туфайли ҳар бир хонадон, ҳар бир оила оғир синовларга,
маҳрумликларга ва азоб-уқубатларга мубтало бўлди. Уруш одамлар
руҳиятига ҳам салбий таъсир қилди. Совет ҳукумати халқлар ҳаётидаги
моддий ва руҳий қийинчиликларни қисман бўлса ҳам енгишни
осонлаштириш ва маънавий, диний қадриятларни фашизмнинг тезроқ тор-
мор қилиш ишига сафарбар қилиш мақсадида динга, жумладан, ислом динига
чекланган даражада эркинлик берди.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикалари диний арбоб ва мусулмон
диндорларининг биринчи қурултойи 1943 йил 20 октябрда Тошкент шаҳрида
бўлиб ўтди. Марказий Давлат архивида қурултой мажлислари баённомалари,
қарорлари ва бошқа ҳужжатлари сақланган. Бу ҳужжатлар қурултой Ўрта

7

Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратини ташкил қилганлигини,
Диний назоратга раис, муфтий қилиб Эшон Бобохон Абдулмажидхонни,
Диний назорат Президиуми таркиби сайланганлигини кўрсатади. Қурултой,
шунингдек, иттифоқдош республикалардаги Диний назоратнинг вакилларини
тасдиқлаган. Қурултой Диний назоратга мусулмонлар орасидаги диний
ишларни Қуръони карим ва ҳадислар талаби асосида олиб боришни
топширди.

Диний назорат очишга рухсат берилган масжидларга, имом ва
хатибларни тайинларди ва масжидлар орқали диний ишларни олиб борарди.
Архив ҳужжатлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний
назоратининг ҳуқуқлари чекланганлигидан далолат беради. У Ўзбекистон
бўйича амалга оширадиган барча асосий ишларни Ўзбекистон Халқ
Комиссарлари Совети (ХКС) ҳузуридаги Диний ишлар бўйича кенгаш вакили
билан келишилган ҳолда бажариши шарт қилиб қўйилган эди. Масжидлар
ЎзССР ХКС хулосаларига мувофиқ, Диний ишлар бўйича кенгашнинг
тавсиясига кўра, СССР ҳукумати қарорига асосан очилар эди.

СССР ХКС ҳузуридаги Диний ишлар бўйича кенгашнинг Иттифоқ ва
автоном республикалар кенгаши, вилоят (ўлка) ижроқўмларининг
вакилларига йўриқномасида уларнинг асосий вазифалари аниқ белгилаб
берилган. Бу ҳужжат Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакилига 1946
йил 15 майда келган. Йўриқнома 8 та бўлимдан иборат бўлиб, уларда
масжидлар очиш тўғрисидаги диндорлар аризасини кўриб чиқиш тартиби
диний жамоани, уни ижроия органи, ревизия комиссияси ва диндорларни
рўйхатга олиш, масжид биносини диний жамоага фойдаланиш учун бериш
тўғрисида шартнома тузиш, масжидларни рўйхатга олиш, диний
маросимларни, тегишли ҳукумат қарорларининг бажарилишини назорат
қилиш, масжидларни ёпиш, қайта қуриш, бузиш ва янги бино қуриш, СССР
Диний ишлар бўйича кенгашини республика ва вилоят ҳудудидаги диний
арбоблар фаолияти тўғрисида ўз вақтида ва доимий равишда хабардор қилиб

8

туриш ва кенгаш вакили амалий фаолиятида амал қилиши керак бўлган
умумий қоидалар баён қилинган.

Йўриқномада масжидни очиш учун қўйилган талаблар уни рўйхатга
олишга, очишга имконият даражасида йўл бермасликка қаратилган.
Диндорлар масжид очиш тўғрисидаги аризасини кенгаш вакилига берганлар.
Йўриқномада кўрсатилишича, шаҳар (туман) ижроқўми ёки қишлоқ Совети
билан шахсан гаплашиб, текшириб қуйидагиларни аниқлаши лозим бўлган.

Биринчидан, диний жамоани ташкил қилувчилар сони аниқланиши
талаб қилинган. Улар 20 нафардан кам бўлса, масжид очишга рухсат
берилмас эди;

Иккинчидан, масжид биносининг ҳолатини, намоз ўқишга яроқли
эканини аниқлаш, техника, санитария ва ёнғинга қарши назорат идораси
актини талаб қилиш вазифаси юклатилган. Масжидлар биноси одатда эски,
хонликлар ва чоризм даврида қурилган эди. Албатта юқоридаги талабларга
жавоб бермас эди. Совет идоралари кўпинча шу сабабни рўкач қилиб,
масжидни очишга рухсат бермас эди.

Учинчидан, диндорлар очмоқчи бўлган масжид жойлашган шаҳар ёки
туманда бошқа очилган масжид бор-йўқлигини аниқлаш талаб қилинган.
Агарда рўйхатдан ўтказилган масжид бўлса, иккинчи масжидни очишга йўл
бермаган, диндорларга ишлаётган масжидга бориб ибодат қилиш тавсия
этилган.

Тўртинчидан, ўқиб бўлмайдиган аризалар, ариза берувчилар ёши,
турар жойи, сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки қилинмаганлиги
кўрсатилмаганлари кўрилмас эди. Бу маълумотларни талаб қилишдан мақсад
– 20 нафар ариза берувчилар ичида 18 ёшга тўлмаган, сайлов ҳуқуқидан
маҳрум қилинганлар бўлса, аризага рад жавоб берилган.

Бешинчидан, масжид очишни сўраб ёзилган аризага Диний назорат
рад жавобини берган бўлса ёки ариза берувчилар рўйхатидаги
диндорларнинг шахсий имзоси бўлмаса, қалбаки имзо бўлса, бундай
аризаларга рад жавоби берилган. Олтинчидан, очилиши талаб қилинаётган

9

масжид банд бўлса, масалан мактаб, боғча, артель, фабрика ва бошқалар
жойлашган ёки одамлар яшаётган бўлса, масжид очишга рухсат берилмаган.

СССР ХКСнинг 1944 йил 19 ноябрдаги «Диндорларнинг
ибодатхоналарини очиш тартиби тўғрисида»ги қарорида Диний ишлар
бўйича кенгаш вакили рўйхатга олган ибодатхона очилган ҳисобланади, деб
кўрсатилган. Кенгаш рухсатисиз ишлаётган ёки маҳфий очилган масжидлар
ноқонуний деб топилган ва ёпилган.

Диний ташкилотларнинг ҳукумат томонидан ҳал қилинадиган
масалалари билан шуғулланиш учун 1944 йил 9 августда Ўзбекистон Халқ
Комиссарлари Совети фармойиши билан СССР ҳукуматининг қарори
асосида республика Диний ишлар бўйича кенгаш вакили лавозими ташкил
қилинди.

1943 йил октябрда бўлиб ўтган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмон
диний арбоб ва диндорлари қурултойи «делегатлари жойларга бориб совет
ҳукумати масжид очишга расмий рухсат берар экан», деб овоза тарқатди.
Натижада мусулмон диндорларидан масжид очиш тўғрисида кўплаб аризалар
туша бошлади. Диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг 1944 йил августда
СССР Диний ишлар бўйича кенгаш вакилига ёзган ахборотида Ўзбекистон
ҳукумати номига диндорлардан 93 та масжид очиш тўғрисида ариза
тушганлиги кўрсатилган. Бу аризалар кўриб чиқилиб, қуйидаги 8 та
масжидни ЎзССР ХКС рухсати билан 1944 йилнинг июнь-июль ойларида
очишга ижозат берилган: Тошкентда – «Тилла Шайх», «Хўжа Алим
Бардор», Самарқандда – «Хўжа Зулмурод», Бухорода – «Хўжа Зайниддин»,
Наманганда – «Шайхи Эшон», Андижонда – «Уйғур» (махсус уйғурлар
учун), Қўқонда – «Мадрасаи Мир», Қорақалпоғистон АССР нинг Чимбой
шаҳрида – «Хон Масжид».

Қолган ариза берганларга аризаларнинг рад этилганлиги далиллар
билан асосланиб, масжидни маданий ташкилотлар ва бошқалар билан банд
эканлиги кўрсатилиб жавоб берилган.

10

1944 йил июлда СССР ХКС ҳузурида Диний ишлар бўйича кенгаш
ташкил қилингандан кейин масжид очиш учун унинг розилигини олиш
тартиби ўрнатилди. Янги тартибга биноан, 1944 йил 9 августда ташкил
қилинган Ўзбекистон ХКС ҳузуридаги Диний ишлар бўйича кенгашнинг
вакили Исмоил Ибодов 6 та масжидни очишга рухсат сўраб, барча зарур
ҳужжатларни СССР Диний ишлар бўйича кенгашга юборган. СССР ХКС
ҳузуридаги Диний ишлар бўйича Кенгашнинг Ўзбекистон бўйича вакили
очилиши назоратда тутилган ҳар бир масжид ва унинг ҳужжатлари тўғрисида
ўзининг хулосасини ёзиб жўнатган. Андижон шаҳридаги мусулмон
диндорларининг «Девонабой» масжидини очиб бериш тўғрисида ёзган
аризаси бўйича қуйидаги хулоса ёзилган: «Андижон шаҳри мусулмон
диндорларидан намоз ўқиш учун «Девонабой» масжидини очиб бериш
тўғрисида ариза тушди. Аризага Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари
диний назоратининг диндорлар аризасини қониқтириш тўғрисида қарори
илова қилинган.

Ариза қоидали расмийлаштирилган, имзоларнинг асли эканлиги,
аризани имзолаганларнинг ёши текширилди. Текшириш шуни кўрсатдики,
ибодат учун энг қулай бино «Қизил жавон» ҳунармандчилик артели омбори
жойлашган масжид биноси экан.

Мазкур масжид Андижон шаҳрининг барча маҳаллий мусулмонларига
хизмат кўрсатади. Фақат битта уйғур маҳалласига хизмат қилмайди, чунки у
жойда махсус уйғур миллати учун «Уйғур» масжиди ишлаб турибди.
Андижон шаҳрида бошқа ишлаётган масжид йўқ.

Юқоридагиларга асосланиб ҳисоблайманки;
1) Андижон шаҳри мусулмон диндорларининг намоз ўқиши учун
«Девонабой» масжидини очиб бериш тўғрисидаги аризаси қониқтирилсин.
Бу масала бўйича.
2) ЎзССР ХКС қарори СССР ХКС ҳузуридаги Диний ишлар бўйича
кенгашга тасдиқлаш таклиф қилинсин».

11

СССР Диний ишлар бўйича кенгаши ҳар бир масжид очишга оид барча
ҳужжатларни ўрганиб чиққан. Кенгаш ўз хулосасини ёзиб, СССР ХКС
тасдиғига киритган. Иттифоқ ҳукумати тасдиқлагандан кейингина ЎзССР
ХКС қарори кучга кирган. Масжид очиш масаласи шундай ортиқча
марказлашган эди.

Диний ишлар бўйича кенгашнинг Ўзбекистондаги вакили Москвага
тасдиқ учун Тошкент шаҳрининг Москва туманидаги «Хотин масжид»,
Киров туманидаги «Мирза Юсуф», Октябрь туманидаги «Маҳкама»,
Тошкент вилояти Қорасув туманидаги «Жўрабек», Андижон шаҳридаги
«Девонабой», Хива шаҳридаги «Саид Ниёз шоликор» масжидлари ишларини
юборган. 1944 йил 6 декабрда СССР ХКС ҳузуридаги Диний ишлар бўйича
кенгашдан қуйидаги жавоб келган: «СССР ХКС ҳузуридаги Диний ишлар
бўйича кенгаш ЎзССР ХКС хулосаси ва диндорларни аризаларига биноан
Тошкент шаҳрининг Киров, Москва ва Октябрь туманларида 3 та масжид,
Андижон шаҳрида 1 та масжид, Хива шаҳрида 1 та масжид ва Тошкент
вилоятининг Қорасув туманида 1 та масжид очишга рухсат беради».

СССР ХКС ҳузуридаги Диний ишлар бўйича Кенгашнинг
Ўзбекистондаги вакили Совет ҳукумати идораси ҳақида партия ва Советлар
топшириғини бажариб, динга қарши пинҳона кураш олиб борди,
масжидларнинг кўпайишига йўл қўйилмади. 1944 йилда республикада 200
дан ортиқ махфий ишлаётган масжид мавжуд эди. Ўзбекистон вакили 1944
йил 9 сентябрда Тошкент шаҳар ва барча вилоят ижроқўмларига махсус хат
ёзиб, ноқонуний очилган масжидларни ёпиш тўғрисида тавсия берган. Хатда
шундай дейилган: «СССР ХКС ҳузуридаги Диний ишлар бўйича кенгашнинг
Ўзбекистон бўйича вакили Сизни қуйидагилардан хабардор килади:

1. Биз олган хабарларга қараганда сизнинг вилоятингизда мусулмон,
яҳудий, сектанлар (бабтислар) ва бошқа дин вакиллари ёппасига ибодат
қилишни бошладилар. Шу мақсадда СССР ХКС ҳузуридаги Диний ишлар
бўйича кенгаш рухсати билан очилган масжид, ибодатхоналардан ташқари

12

бўш турган ибодатхоналарни ёки бошқа биноларни мослаб ибодат
қилмоқдалар.

Диний ишлар бўйича кенгашнинг вакили тасдиқламаган ибодат қилиш
учун фойдаланилаётган бундай ибодатхоналарни ёпиш учун чора кўринг.
Аммо бу иш жуда эҳтиёткорлик билан, фақат оммавий-тушунтириш,
ташвиқот орқали амалга оширилиши зарур.

2. Диндорлар орасида оммавий тушунтириш ишлари қуйидаги
йўналишда бўлиши керак. Масжид биноси ва бошқа ибодатхоналар маданий-
маърифий ташкилотлар, мактаб, клуб, қизил чойхона, агитпункт ва
бошқаларга фойдаланиш учун зарурлигини тушунтириш лозим.
Диндорларнинг масжид ва бошқа ибодатхона биноларини беришга
розилигини олиб, бу биноларни бевосита ўз вазифасида, яъни маданий-
маърифий ташкилотларга бериш керак. Бу биноларнинг бўш туришига йўл
қўйиш керак эмас ва ҳар хил хўжалик ишларига омбор қилиб фойдаланишга
йўл қўйиш мумкин эмас».

Диний ташкилотлар билан ишлаш вилоят ижроқўмлари учун янги соҳа
ҳисобланган. Давлат идораларининг рухсатисиз ёппасига очилаётган, махфий
ишлаётган масжидларга қандай муносабатда бўлиш аниқ эмас эди. Диний
ишлар бўйича кенгашнинг кўрсатмаси ижроқўмларнинг бу масаладаги
фаолиятига аниқлик киритди.

1944 йил IV квартали ва 1945 йил I кварталида Диний ишлар бўйича
кенгашнинг Ўзбекистон вакилига 214 та масжид очиш тўғрисида ариза
тушган. Шундан 15 та аризага ижобий жавоб, қолганларга рад жавоби
берилган. Бу аризалар Тошкент шаҳар ёки вилоят ижроқўми мажлисида
кўриб чиқилган ва тегишли қарор қабул қилган.

Марғилон шаҳри мусулмон диндорларининг «Хонақоҳ» масжидини
очиб беришни сўраб ёзган аризасига кўра Фарғона вилояти ташкилий
қўмитаси 1945 йил 20 июндаги қарори билан масжидни намоз ўқиш учун
очиш лозим деб топди.

13

Тошкент шаҳар ижроқўми 1945 йил 18 сентябрдаги мажлисида
Октябрь туманидаги «Абназар» масжидини очиш тўғрисидаги мусулмон
диндорларининг аризасини кўриб чиқиб, бу туманда рўйхатга олиниб
ишлаётган масжидлар борлиги сабабли очишга рухсат бермаган. Шу каби
сабабларни рўкач қилиб, бошқа аризаларга ҳам рад жавоб берган.

Диний ишлар бўйича кенгашнинг вилоятдаги вакили юқоридаги
кўрсатмаларга асосланган ҳолда диндорлардан масжидни рўйхатдан ўтказиш
тўғрисидаги аризасини ўрганиб чиқиб, ўз хулосасини ёзган. Шу хулосага
қараб, шаҳар ёки туман ва вилоят ижроия қўмитаси қарор қабул қилган.
Фарғона вилояти ижроия комитети 1946 йил 23 июлда мусулмон
диндорларнинг масжид очиб беришни талаб қилиб ёзган аризасини кўриб
чиқиб, қуйидаги қарорни чиқарган: «Меҳнаткашлар депутатининг Фарғона
област Совети ижроия комитети қарор килади:

1. Марғилон шаҳри Яйилма маҳалла 8-март кўча, 156-хонадондаги
масжидни очиб беришни сўраб 20 кишидан иборат жамоа қўл қўйиб ёзган
аризалари қуйидаги сабабларга асосан рад этилсин: а) мазкур масжид биноси
кичик, зах бўлиб, соғлиқни сақлаш жиҳатдан ибодатхона учун нолойиқ. б)
расмий равишда ижозат берилган Тут-таги маҳалла масжидига туташган
бўлиб Яйилма маҳалласидаги диндорлар шу масжидга қатнашишлари
мумкин. в) аризада номлари кўрсатилган 20 кишидан иборат диндорларнинг
ўзлари қўл қўймасдан, сиртдан ёзиб бошқа имзолар билан тўлғазилган».

Ўша ижроқўм 1946 йил 6 сентябрда Марғилон шаҳар Қаландархона
маҳалласида яшовчи мусулмон диндорларининг масжидини рўйхатга
олинишини сўраб ёзган аризаси бўйича қуйидаги қарорни қабул қилган:
«Меҳнаткашлар депутатларининг Фарғона область Совети ижроия комитети
қарор қилади: Диндорлар жамоасининг масжид очиб беришни талаб этиб
ёзган аризасидаги «Қаландархона» масжиди биноси ижозат берилган
«Хонақоҳ» масжидига яқин бўлиб, диндорлар жамоаси «Хонақоҳ»
масжидига бориб иборат қилишлари мумкин бўлгани ва дин ишлари кенгаши
вакили тарафидан аризага қўшимча зарур ҳужжатларни белгиланган муддат

14

ичида топширмагани сабабли диндорларнинг масжид очиб беришни сўраб

ёзган аризаси рад этилсин».

1946 йилда Фарғона вилояти мусулмон диндорларидан 38 та масжидни

рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза тушган. Шулардан икки ариза

қаноатлантирилган, 26 та аризага рад жавоби берилган, 10 ариза диндорларга

қайтариб юборилган.

СССР Диний ишлар бўйича кенгашнинг очишга рухсат олингандан

кейин масжидни Ижроия комитети ўрганиб, тафтиш комиссияси сайланган

ва Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати томонидан хатиб

ва имом тайинланган. Диний назорат имом ва хатибларни имтиҳон қилиб,

кейин тегишли лавозимга тайинлаган. Бу масалада диний назорат муфтийси

Эшон Бобохон Абдулмажидхон ўғли Диний ишлар бўйича кенгашнинг

Ўзбекистон бўйича вакилига 1945 йил 25 апрелдаги ахборотида шундай

деган: «Масжидларга тайинланиши лозим бўлган имом ва хатиблар Назорати

диниядан имтиҳондан ўтгандан кейин махсус имтиҳондан ўтганлиги

тўғрисида тегишли гувоҳнома бериб имом ва хатиблик вазифаларини адо

қиладилар».

Масжидларнинг хатиб ва имом лавозимларига улар жойлашган шаҳар

ва туманларнинг машҳур диндорлари тайинланган. Республика Диний ишлар

бўйича кенгаш вакилининг 1946 йил 31 декабрдаги ахборотига кўра,

Ўзбекистонда Диний ишлар бўйича кенгаш очишга рухсат берган 72 та

масжид мавжуд эди. Мазкур масжидлар вилоят кесимида қуйидаги жадвалда

ўз аксини топган.

1-жадвал

Ўзбекистон ССР

вилоятлари, Масжидларнинг хатиб
№ Қорақалпоғистон ва имомлари

АССР бўйича

масжидлар сони

Тошкент вилояти. Тошкент шаҳридаги «Тилла шайх»

1. Тошкент шаҳрида масжидида Зиёвиддин Бобохонов хатиб,

рўйхатдан ўтган 16 та Абдулла Қодир Раҳматов имом, «Маҳкама»

15

масжид, Тошкент масжидида Шомурод Нуриддинов хатиб,

вилояти қишлоқ Фозил хўжа Содиқхўжаев имом, «Чиғатой

туманларида 19 та Дарвоза» масжидида Шорасул Қорабоев

масжид, жами 35 та хатиб, Хидоят Маҳмудов имом, «Аллома»

масжид. масжидида Носир қори Ҳолжонов хатиб,

«Шайх Зайниддин» масжидида Ҳикматилла

Нусратхонов имом, «Мирза Юсуф»

масжидида Файзи Ҳабибул Раҳмон хатиб,

Убайдулла Муҳаммад Умаров имом, «Кият»

масжидида мулла Муслим Абдурашидов

имом, IV-«Тахтапул» масжидида Сафар

қори Алиев имом, «1-Ракат» масжидида

Муҳаммад Амин Абдураҳмонов хатиб,

Муҳаммад Юсуф Дониёров имом бўлган.

2. Фарғона вилоятида «Мадрасаи Мир» масжидида Тожиддин

5 та масжид. Усмонов имом бўлган.

«Уйғур» масжидида Мулла Абдулла ҳожи

3. Андижон вилоятида Раҳимхўжаев имом хатиб, «Девонабой»
7 та масжид. масжидида Аминжон Махсум Ҳабибуллаев
хатиб, Нўмон Қори Муҳаммад Зиёев имом

бўлган.

4. Наманган вилоятида «Шайх Эшон» масжидининг хатиби Исмоил
4 та масжид. Саттихонов, «Махсум Эшон» масжидининг
имоми Абдулқаюм Қори Иброҳимов эди.

«Хўжа Зайниддин» масжидининг имоми

5. Бухоро вилоятида Зикриё Қори Мирҳомидов, «Боракиён»

5 та масжид. масжидининг имоми Абдулҳақ Ҳусайинов

эди.

6. Самарқанд вилоятида «Хўжа Зумрад» масжиди. Унинг хатиби
1 та масжид. Собир Қори Носирхонов, имоми Ахмедов
бўлган.

Қарши шаҳридаги «Чаримгар» масжидининг

Қашқадарё вилоятида имоми Аъламхўжа Исахонов Шаҳрисабз
6 та масжид.
7. шаҳридаги «Ҳазрат Шайх Ҳонақоҳ»

масжидининг хатиби Абдулҳамид

Абдулҳақов эди.

8. Хоразм вилоятида Хива шаҳридаги «Сайид Ниёз Шоликор»

6 та масжид. масжидининг хатиби Юнус Ўринов эди.

9. Қорақалпоғистон Чимбой шаҳридаги «Хон» масжидининг
АССР да 2 та масжид. имоми Ҳолмат Ўтамуродов бўлган.

Республикадаги мавжуд масжидларнинг асосий қисми 1946 йилда
очилган. Андижон вилоятидаги 7 та масжиддан 4 таси, Наманган

16

вилоятидаги 4 та масжиддан 2 таси, Бухоро вилоятидаги 5 та масджиднинг 4
таси, Кашқадарё вилоятидаги 6 та масжиднинг 4 таси, Хоразм вилоятидаги 6
та масжиднинг 5 таси 1946 йилда рўйхатдан ўтган. 1947 йилда ҳам рўйхатга
олинган масжидлар сони ортиб борди. 1947 йил 1 ноябрда Республикада
очилган масжидлар сони 90 тага етди. Очилган масжидлар сонининг
кўпайишига асосий сабаб – мавжуд қоидаларга асосан узоқ вақт ишлаётган
масжидлар рўйхатга олиниши шарт эди. 90 та масжиддан 29 таси Диний
ишлар бўйича кенгашнинг рухсати билан, 61 таси узоқ вақтдан бери
ишлаётганлиги сабабли рўйхатга олинган эди. Масжидларнинг кўпайиши
Советлар манфатига тўғри келмас эди. Бу жараённи тўхтатиш мақсадида
1947 йил ноябрда узоқ вақт ишлаётган масжидларнинг рўйхатга олиниши
ман этилди.

СССР Министрлар Советининг 1955 йил 17 февралдаги қарори билан
диний ибодатхоналарни очиш тартибига ўзгартиришлар киритилган. Илгари
СССР ХКС нинг 1944 йил 23 ноябрдаги қарори бўйича Диний ишлар бўйича
кенгаш диний жамоаларнинг ибодатхона биноларини очиш тўғрисида қарор
қабул қилиб, СССР ҳукуматига тасдиқ учун топширган бўлса, СССР
Министрлар Советининг 1955 йил 17 февралдаги қарорига асосан,
диндорларнинг аризасига биноан ибодатхона биноларини очиш тўғрисида
СССР Диний ишлар бўйича кенгаш билан келишиб, вилоятлар ижроқўмлари
қарор қабул киладиган бўлди.

СССР ҳукуматининг ўша қарори билан Диний ишлар бўйича кенгашга
амалда ишлаётган, аммо айрим сабабларга кўра рўйхатдан ўтмаган
ибодатхоналари бўлган диний жамоаларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқи
берилган. СССР Министрлар Совети ҳузуридаги Диний ишлар бўйича
кенгашнинг 1955 йил 22 мартда вакилларига ёзган кўрсатмасида амалда
ишлаётган ибодатхоналарни очиш тўғрисида диндорлардан ариза тушгандан
кейин кенгаш вакиллари учун йўриқномага биноан ҳар бир ибодатхона
бўйича барча зарур ҳужжатларни СССР Диний ишлар бўйича кенгашга
ибодатхонани очиш масаласини ҳал қилиш учун юборилади, дейилган.

17

Юқорида кўрсатиб ўтилганидек, бу йўриқномада масжидни очишга
имконият борича йўл бермасликка ҳаракат қилган. Шунга қарамай,
тақводорларнинг қонуний талаби ва Диний назоратнинг аралашуви туфайли
бир неча масжидлар очилган. 1956 йил 1 январгача рўйхатдан ўтган
масжидлар 62 тани ташкил қилган бўлса, 1958 йил 1 январгача рўйхат
қилинган масжидлар сони 78 тага етди. Янги очилган масжидларнинг асосий
қисми илгари ишлаётган масжидлар эди.

Денов шаҳрида 1944 йилдан буён амалда ишлаётган масжид диний
жамоаси Диний назоратга ариза ёзиб, масжидни очишга ёрдам беришни
сўраган. Диний назорат 1955 йил 22 августда Диний ишлар бўйича
кенгашнинг Ўзбекистон бўйича вакилига диндорлар аризасини юборди ва
Денов шаҳридаги масжид ибодат қилиш учун барча талабларга жавоб
беришини хабар қилди ва масжидни очишни мақсадга мувофиқ деб кўрсатди.
Кенгашнинг Ўзбекистон бўйича вакили Денов шаҳри масжиди тўғрисидаги
барча зарур ҳужжатларни расмийлаштириб, масжидни очиш мумкинлиги
тўғрисида хулоса ёзиб, СССР Диний ишлар бўйича кенгашга юборган.

Бу масала СССР Диний ишлар бўйича кенгашнинг 1956 йил 27
июндаги мажлисида кўрилди ва қуйидаги қарор қабул қилинди:
«Министрлар Советининг 1955 йил 17 феврал 259-рақамли қарорининг 2-
моддасига мувофиқ, Ўзбекистон ССР Министрлар Совети ҳузуридаги Диний
ишлар бўйича кенгашнинг вакили ўртоқ Иноғомовга ЎзССР Сурхондарё
вилояти Денов шаҳрида масжид биноси бўлган амалда ишлаётган мусулмон
диний жамоасини рўйхатдан ўтказишга рухсат берилсин».

Денов шаҳрида масжидни очишга рухсат бўлгандан кейин, 1956 йил 24
августда масжид диний жамоасининг умумий мажлиси бўлган. Мажлис
иштирокчилари имом-хатиб лавозимига Қори Садуллабой Шуваковни, имом
ёрдамчиси лавозимига Соғиддин Абдураззақовни сайлаган. Шунингдек,
масжид жамоасининг ташкилий органини ва тафтиш ҳайъатини сайлаган.

КПСС Марказий Комитети 1960 йил 13 январда «Диний маросимлар
ҳақидаги Совет қонунларининг диндорлар томонидан бузилишини

18

тугатиш тартиблари тўғрисида» қарор қабул қилинган. Бу қарорни
амалга оширишга қаратилган 1960 йил 4 февралдаги Ўзбекистон
Компартияси Марказий Комитетининг «Диний маросимлар тўғрисидаги
Совет қонунларини бузиш фактлари тўғрисида»ги қарорида диндорларга
хизмат қиладиган аппаратни ортиқча кўпайтириб юборган, ибодатхоналарни
кенгайтирган ва асосли таъмирлаган, деб танқид қилинган.

Партия органларининг юқоридаги қарорлари асосида маҳаллий партия,
совет идоралари масжидларга, диндорларга қарши қатъий кураш бошлади.
Бу қарорларга қадар чекланган даражада бўлса ҳам, мусулмон диний
жамоаларини рўйхатга олган. Фақат ноқонуний очилган масжидларни ёпган.
Партия органлари қарорларидан кейин Диний ишлар бўйича кенгашнинг
рухсати билан очилган масжидлар ҳам ёпила бошланди. 1962 йил 1
сентябдаги Диний ишлар бўйича кенгашнинг Ўзбекистон бўйича вакилининг
маълумотига кўра, совет идораларининг рухсати билан очилиб, ишлаётган
Тошкент шаҳридаги «Қизил товуш», «Чиғатой», «Чакар», «Сари Чопон»,
Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги «Митан», Андижон вилоятидаги
«Ғойиб Берди», «Сўфи Домулла», Тошкент вилоятидаги «Ховаст», «Ўн
Қўрғон» масжидлари ёпилган эди. Бу масжидларни диний маросимлар
тўғрисидаги Совет қонунларини бузган, деб баҳона қилиб ёпган. Масалан,
Орджоникидзе тумани ижроқўми 1961 йил 20 июнда «Ўн Қўрғон»
масжидини маҳаллий ҳокимият идораларининг рухсатисиз 2 та айвон
қурдирган, намоз ўқиладиган майдон сиғимини кенгайтирган, - деб
беркитган.

Совет органлари масжидлар фаолиятини чеклаш мақсадида
республикадаги масжидларнинг ҳисобини ўтказди. Текшириш натижасида
республикада 3575 та собиқ ҳаракатда бўлган масжидлар биноси борлиги,
шулардан 785 таси бўш, халқ хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланилмаётгани
аниқланган. Бу масжидларнинг бўшлигидан фойдаланиб, диндорлар масжид
очиб олган ҳолатлар бўлганлиги учун республика ҳукумати уларни вилоят
ижроқўмлари орқали банд қилиш чораларини кўрган. Шунингдек, рухсатсиз

19

кўплаб янги масжидлар қурилганлиги, расмий ва норасмий ишлаётган
масжидлар янги намоз ўқийдиган хоналар, айвонлар, идора, меҳмонхона ва
бошқалар қурдиргани ва намоз ўқийдиган майдонни кенгайтиргани маълум
бўлган. Масалан, XX асрнинг 50-йиллар охирида Тошкент шаҳрида 2 та,
Тошкент вилоятида 4 та янги масжид қурилган ва улар рухсатсиз ишлаётгани
аниқланган.

Совет идоралари уларни рўйхатга олишга рухсат бермаган ва ёпган.
Тошкент шаҳрининг Октябрь туманида 1944-1945 йилларда 11 та рўйхатга
олинган масжиднинг намоз ўқийдиган майдони 2141 м2 бўлган. 1961 йил 1
январда эса уларнинг майдони 9347 м2 ни ташкил қилган. Бу қурилишларни
диндорлар ўз ҳисобидан қуриб, давлатга зарар етказмаганлигига қарамай,
масжидларга жазо чоралари кўрилган. Расмий масжидлар Совет
идораларининг рухсатисиз қўшимча бино қурганлиги учун айримларини
бундай биноларини бузишга мажбур қилган. Норасмий янги қурилган
масжидларни рўйхатдан ўтишга рухсат бермаган, ёпган.

1961 йил 10 февралда Ўзбекистон Министрлар Совети раисининг
ўринбосари С.А. Азимов, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний
назорати раиси, муфтий З. Бобохонов билан суҳбатлашиб, Ўзбекистон
мусулмон диний арбоблари томонидан диний маросимлар тўғрисида Совет
қонунлари қўпол равишда бузиш ҳоллари юз берган, деб кўрсатиб ўтган ва
уларни тугатиш чораларини кўриш зарурлигини айтган.

Муфтий З. Бобохонов, С.А. Азимов гўёки мусулмон дини арбоблари
йўл қўяётган деб кўрсатган хатоларни тўғрилашга ваъда берган. 13 февралда
бу масалалар бўйича муфтий З. Бобохонов билан Диний ишлар бўйича
кенгашнинг Ўзбекистон бўйича вакили Ш.К. Ширинбоев ҳам гаплашган.
Совет идораларининг тазйиқи остида Ўрта Осиё ва Қозоғистон
мусулмонлари диний назорати ҳайъати 1961 йил 17 февралда КПСС МК ва
Ўзкомпартия МК қарорларидан келиб чиқиб, масжидларнинг штатини
қисқартириш тўғрисида қуйидаги қарорни қабул қилди:

20

«1. Диний маросимларни битта имом-хатибнинг ўзи бажара олишини
ва мутаваллиятларнинг Диний назоратга имом ўринбосарлари лавозимини
шу йил 1 мартдан қисқартириш тўғрисидаги мурожаатини ҳисобга олиб,
барча имом ўринбосари лавозимлари қисқартирилсин. Шунингдек, ҳар бир
масжидда битта муаззин (у ҳам қоровул), мутавалли – кассирни қолдириб,
бошқа лавозимларни кассир, қоровул, фаррош ва бошқа лавозимлар
қисқарган, деб ҳисоблансин. Шундай қилиб, ҳар бир масжидда 3 та лавозим,
яъни имом-хатиб, муаззин-қоровул, мутавалли-кассир қолдирилсин». Шу
қарорда яна республикалар қозияти таркибидаги котиб ва мухтасиб (ревизор)
лавозимлари ҳам қисқартирилган эди. Бу қарор асосида вилоятлардаги
масжидларда диндорлар ва техник ходимлар сони камайди. Диний
назоратнинг берган маълумотига кўра, 1960 йил 1 январда республика
масжидларида 493 нафар ходим ишлаган. 1961 йил 1 июлда вилоят
масжидларида 247 ходим ишлаган, яъни масжид ходимларининг тенг ярми
қисқарган.

Советларнинг диндорларга нисбатан олиб борган зўравонлик сиёсати
тизимида уларга катта миқдорда даромад солиғи солиш тартиби ҳам жорий
қилинган эди. 1961 йилгача диндорлар, расмий масжидлар, бошқа мусулмон
ташкилотлар ходимлари «Аҳоли даромад солиғи тўғрисидаги Низом» нинг
5-моддасига мувофиқ, эл қатори ойлигидан даромад солиғи тўлаган.

1961 йилдан бошлаб мусулмон дини арбобларидан ўша низомнинг 19-
моддаси асосида қўшимча даромад солиғи олиш тартиби амалга оширилган.
Масалан, Диний назорат ҳайъати аъазолари, муфтий Зиёуддин Бобохоновга
ойлигининг 54 фоизи миқдорида, Диний назорат раисининг ўринбосари
Исмоил Маҳмуд Саттиевга – 49,5 фоиз, Ўзбекистон мусулмонлари қозиси
Позилхўжа Содиқхўжаевга – 50,5 фоиз ҳисобида қўшимча даромад солиғи
солган.

Бухородаги Мир Араб мадрасаси директори, ўқув ишлар бўлими
мудири ва мударрислари ҳам эл қатори даромад солиғи тўлашдан ташқари,
маошининг 40 фоизи миқдорида қўшимча даромад солиғи тўлаган. Худди

21

шунингдек, қўшимча даромад солиғи масжид имом-хатибларига, мутавалли
ва сўфиларга ҳам солинган эди. Советларнинг диндорларга икки томонлама
даромад солиғи солишдан кўзланган мақсад уларни ва бошқаларни диний
арбоблик вазифасидан безитиш, ташлаб кетишга мажбур қилиш бўлган.

Ўзбекистон Министрлар Совети 1962 йил 1 июнда «Диний
маросимлар тўғрисидаги қарорларнинг бажарилиши назоратининг
аҳволи тўғрисида» қарор қабул қилди. Қарорда кўрсатилишича, Диний
ишлар бўйича кенгашнинг вакиллари, ижроқўмлар, диндорлар фаолиятини
назорат қилишни бир мунча кучайтирилганлиги, барча диний жамоаларни –
3590 та ибодатхоналар, шулардан 534 таси бўш ва диний жамоалар
ихтиёридаги мол-мулклар ҳисобга олинганлиги кўрсатиб ўтилган.

Расмий ишлаётган диний арбобларга даромад солиғи солишни янги
тартиби амалга оширилгани қайд қилинган. Шунинг билан бирга, 92 та
норасмий масжидлар ишлаётганлиги, текшириш вақтида аниқланган бўш
масжидлар биноларидан маҳаллий ижроқўмлар халқ хўжалик эҳтиёжлари
учун фойдаланишни ташкил қилмаганлиги учун танқид қилинди. Қарорда
Қорақалпоғистон АССР Министрлар Советига, вилоят, шаҳар туман
ижроқўмларига диний жамоалар, ибодатхоналар бинолари ва мол-мулкини
бир вақтдаги ҳисоби якунларини кўриб чиқиш, барча бўш масжид ва
ибодатхоналар биноларини корхона ва колхозларга фойдаланиш учун бериш
вазифасини юклади. Диний маросимлар тўғрисидаги қонунларнинг
бажарилишини қатъий назорат қилиш ва бу қонунларни диний арбоблар ва
диний ташкилотлар томонидан бузилишини тугатишни таъминлаш учун
зарур чоралар кўриш ижроқўмларга топширилган. Қарорда шаҳар ва туман
ижроқўмлари ҳузурида жамоатчилик асосида ишлайдиган диний маросимлар
тўғрисидаги қонунларнинг бажарилишини назорат қилишни амалга ошириш
бўйича ҳайъат ташкил қилиш тавсия этилган.

Республика ҳукумати ислом дини ташкилотларининг динлар
тўғрисидаги қонунларга қандай амал қилаётганлигини доимо назорат қилиб
борган ва маҳаллий Совет органларидан, Диний ишлар бўйича кенгашнинг

22

вакилларидан Совет давлатининг динга нисбатан тутган сиёсатини изчиллик
билан амалга оширишни талаб қилган. ЎзССР Министрлар Совети 1969 йил
7 февралда «Динлар тўғрисидаги қонунларнинг бажарилиши устидан
назоратни кучайтириш тўғрисида» қарор қабул қилган. Қарорда вилоят,
туман, шаҳар ижроия қўмиталарининг бу соҳасидаги фаолиятини
кучайтириш мақсадида улар охирги вақтларда масжидлар, диндорлар
томонидан динлар тўғрисидаги қонунларга қандай риоя қилаётганликлари
устидан назорат қилишни бўшаштирганлигини, назоратга кўмаклашиш
жамоат комиссиялари ишига қониқарсиз раҳбарлик килаётганлигини
кўрсатиб ўтган. Айрим вилоятларда амалда фаолият кўрсатаётган диний
жамоалар, қадамжолар ва диндорлар ҳисобга олинмаганлигини қайд қилган.
Қарорда тегишли органларга динлар тўғрисидаги қонунларга ислом дини
ташкилотларининг қандай риоя қилаётганликлари устидан назоратни
кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Шу қарор билан «Диний маросимлар тўғрисидаги қонунларга риоя
қилишни назорат этиш бўйича маҳаллий меҳнаткашлар, депутатлар
советлари ижроқўмларига ёрдамлашувчи жамоат комиссиялари
тўғрисидаги Низом» ҳам тасдиқланган. Республика ҳукумати ва Низом
асосида маҳаллий ижроқўмлар қошидаги жамоатчилик асосидаги назорат
комиссиялари ўз фаолиятини бошладилар ва диний ташкилотлар,
руҳонийлар ишларини назорат қилиш янада кучайди.

Динлар тўғрисидаги қонунларга ислом дини ташкилотларининг қандай
риоя қилаётганликлари устидан назоратни кучайтириш тўғрисида СССР
Министрлар Совети ҳузуридаги Диний ишлар бўйича кенгашнинг
тавсиялари ишлаб чиқилган ва жойлардаги кенгаш вакилларига ижро учун
1969 йил бошида юборилган. Бу ҳужжатда кенгаш вакилларига маҳаллий
Совет органлари ва кенгаш вакилларидан диний арбоблар, уларнинг
кайфияти, қарашлари, динлар тўғрисидаги қонунларга муносабатини,
масжидлар, диний арбоблар фаолиятидан ҳар тамонлама хабардор бўлиб
туришни, диндорларнинг тоат-ибодат доирасидан четга чиқиш йўлидаги ҳар

23

қандай уринишларига қарши қатъий кураш олиб боришни тавсия этган.
Масжидларда олиб бориладиган диний тарғибот, ваъзларнинг мавзулари ва
мазмунини, уларнинг ғоявий йўналишларини ўрганишни топширган.

Тавсияларда масжидлар даромадларининг ортиб бориш сабабларини
ўрганиш ва ҳовлима-ҳовли хайр-эҳсон йиғиш ва диний арбобларнинг
диндорлардан ва уларнинг оила аъзоларидан олинадиган йиғимлар
миқдорини белгилаш борасидаги уринишларига йўл қўймаслик чораларини
кўриш маслаҳат берилган. Рўйхатдан ўтмаган диний бирлашмаларнинг ҳар
бирини синчиклаб ўрганиб чиқиш ва амалдаги қонунларга биноан, уларнинг
қайсилари рўйхатга олиниши кераклигини аниқлаш, қолганларини ҳисобга
олиб, уларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш йўлида иш олиб бориш тавсия
этилган.

Диндорларнинг ғайри қонуний равишда янги масжидлар қуриш, бўш
турган масжидларни таъмирлаб қайта очиш, чойхона, мозор, колхозларнинг
дала шийпонларини ва шу кабиларни ибодатхоналарга айлантириш каби
ҳоллар аниқлансин ва бундай уринишларга чек қўйилсин, дейилган. Бўш
ётган масжидлар биноларини 1969 йил 1 мартгача ҳамма жойда ҳисобга
олиш, улардан хўжалик эҳтиёжлари ҳамда маданий мақсадлар учун
фойдаланиш маслаҳат берилган.

Ўзбекистон ССР Министрлар Совети ҳузуридаги Диний ишлар бўйича
кенгаш вакили К. Рўзметов 1976 йилдаги ҳукуматнинг динлар тўғрисидаги
қонунларнинг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш ҳақидаги
қарорини 1969-1975 йилларда амалга оширилиши тўғрисида республика
олий органларига маълумотнома тайёрлаган. Бу ҳужжатда кўрсатилишича,
диний арбоблар фаолиятини чеклаш мақсадида 7 йил ичида динлар
тўғрисидаги қонунларни тушунтириш борасида қатор ташкилий тадбирлар
амалга оширилгани таъкидланган. Қарорнинг бажарилиши, динлар
тўғрисидаги қонунларнинг бажарилиши устидан назорат қилинишини
Қорақалпоғистон АССР ва кўпчилик вилоятларда қайта-қайта
текширилганлиги, ошкора қилинган, маълум бўлган камчиликларни

24

бартараф этиш чоралари кўрилганлиги қайд қилинган. Шаҳар, район
ижроқўмлари, посёлка, қишлоқ Советлари қошидаги маъмурий комиссиялар
томонидан 200 нафар диний арбоб маъмурий жавобгарликка, 82 нафар
диндорлар жиноий жавобгарликка тортилган. Шу даврда шаҳар, район
ижроқўмлари қошидаги назоратга кўмаклашиш мақсадида жамоат
комиссиялари ўз фаолиятини жонлантирганлиги, диний фаоллар диндорлар
билан 3 мингга яқин яккама-якка суҳбатлар ўтказиб, уларга динлар
тўғрисидаги қонунларни тушунтирганлиги, қонунларга риоя қилмаслик
ҳолларини аниқлаб, чоралар кўрганлиги қайд қилинган. Кўрилган чораларга
қарамасдан, аҳоли орасида ислом динига эътиқод кучли эди.
Қорақалпоғистонда ўтказилган социологик текширув шуни кўрсатдики, 4658
нафар сўралган кишилардан 78,5 фоизи дин таъсирига берилганини, диний
маросимларда қатнашишини тасдиқлаган.

1969-1975 йилларда диний бирлашмалар сонида жиддий ўзгаришлар
юз бермаган. Рўйхатга олинган масжидлар сони 65 тани ташкил этган. Шу
билан бирга, диний маросимлар ўтказиш, масжидлардаги пул маблағи
миқдори, рўйхатга олинмай фаолият кўрсатаётган масжидлар сони ортган.
Етти йил ичида масжидларнинг пул даромадлари 745,6 минг сўмдан 1114,8
минг сўмга ортган.

Совет органларининг масжид ва мусулмон диний арбобларига тазйиқ
кўрсатганига, сиқувига қарамай, дин вакилларининг обрў-эътибори маҳаллий
аҳоли орасида ортиб борди. Натижада масжидларнинг даромади кўпайган.
Наманган вилоятида 1975 йилда масжидларга тушган даромад 73431 сўмни
ташкил қилган бўлса, 1976 йилда 85429 сўмга етган.

Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетига республика Диний
ишлар бўйича кенгаш вакили К. Рўзметовнинг юборган 1979 йил 15
февралдаги маълумотида Андижон вилоятида рўйхатга олинган 8 та масжид
фаолият кўрсатаётганлиги маълум қилинган. Вилоятда рўйхатдан ўтмаган 6
та масжид ва 32 нафар диний арбоблар борлиги қайд этилган.

25

Масжидларнинг даромадлари 1976 йилда 161,7 минг, 1977 йилда 157,8 минг,
1979 йилда 156 минг сўмни ташкил қилган.

Совет органлари ислом динини чеклашда, унга қарши курашда
оммавий ахборот воситалари – радио, телевидение, матбуотни ишга
солишдан ташқари, диний ташкилотлардан –Ўрта Осиё ва Қозоғистон
мусулмонлар диний бошқармаси, масжидларнинг имом ва хатибларидан ҳам
фойдаланган. Диний ташкилотлар раҳбарлари Совет органларининг тазйиқи
билан ўзлари хоҳламаган бўлсалар ҳам, Диний назарот фатволарида,
кўрсатмаларида кўпгина диний маросимларни, урф-одатларни таъқиқлашга,
чеклашга мажбур бўлганлар. Масалан, Диний назорат 80-йиллар бошида
Мавлуд – Муҳаммад пайғамбар (ас)нинг туғилган куни билан боғлиқ диний
байрам тўғрисида фатво эълон қилиб, бу кунни белгилашда пайғамбар
шаънига мадҳиялардан иборат бўлган имом Барзанжининг шеърларини ўқиш
ман этилган ва Қуръони каримдан Муҳаммад пайғамбар (ас)га оид сураларни
ўқиш билан чекланиш тавсия этилган. Жаноза тўғрисидаги фатвони Диний
назорат бошлиғи – муфтийнинг ўринбосари Г. Абдуллаев шарҳлаб, жанозада
ёшлар қатнашиши мумкин эмас, фақат 5 вақт намоз ўқийдиган мусулмонлар
қатнашиши керак, деб тушунтирган.

Маҳаллий аҳоли, рўйхатдан ўтмаган мусулмон диний арбоблари,
диндорлар Диний назоратнинг Совет органлари топшириғи билан чоп
этилган фатволарига қарши чиққан, амалда бажармасликка ҳаракат
қилганлар. Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакили У. Рустамовнинг
1982 йил 29 апрелда СССР Диний ишлар бўйича кенгашига республика
мусулмон диний арбоблари билан динлар тўғрисидаги қонунларга риоя
қилиш масаласи бўйича ўтказилган семинар-кенгаш тўғрисидаги ахборотида
айтиладики, имомлардан «Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний
бошқармаси фатволарига қарши чиқиб, диндорларнинг хато фикрга
йўналтираётган рўйхатдан ўтмаган диний арбобларга қарши кураш олиб
боришлари» талаб қилинган. Бу фактдан кўриниб турибдики, динлар
тўғрисидаги Совет қонунлари ва улар асосида эълон қилинган Диний

26

назоратнинг фатволарида кўтарилган исломни чеклашга қаратилган
қоидалари тўғрисида диний арбоблар орасида бир хил фикр бўлмаган,
норасмий диний арбоблар, диндорлар кўп ҳолларда фатволарга қарши
чиққанлар.

Фарғона вилояти диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг 1970-1983
йилларда ибодат килувчилар сони тўғрисидаги ахборотига қараганда,
вилоятда 70-80 йилларда масжидлар сони 4 тадан ошмаган. 1974-1983
йилларда масжидлар миқдори ўзгармаган бўлса ҳам, диндорлар фаоллиги,
рўйхатдан ўтган масжидларда беш вақт намозда, ҳайит намозларида иштирок
этиши, масжидларни маблағ билан қўллаб-қувватлаб туриши ўсган.
Вилоятнинг 4 та расмий масжидларида 1974-1977 йилларда оддий кунлари
600 нафардан, 1978-1983 йилларда 700 нафардан диндорлар намоз ўқиганлар,
10 йил давомида жума кунлари намоз ўқиганлар сони ўртача 12 минг кишини
ташкил этган. Рамазон ҳайити намозида 1974 йилда 14 минг киши қатнашган
бўлса, кейинги йилларда ҳайит намозида иштирок этганлар сони ортиб
борган ва 1981 йилда 23, 8 минг, 1982 йилда 21, 7 минг, 1983 йилда 19, 8
минг киши иштирок этган, яъни 1974 йилдагига насбатан 1983 йилда ҳайит
намозида қатнашганлар сони 5800 кишига ортган. Масжидларнинг йиллик
даромади ҳам ортиб борган. 1974 йилда вилоятнинг расмий масжидларига 77,
8 минг сўм тушган бўлса, 1983 йилда 237, 1 минг сўм тушган, яъни 3 баробар
кўпайган.

Фарғона вилояти диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг 1987 йил 30
сентябрда Республика диний ишлар бўйича кенгаш вакилига юборган
ахборотида кўрсатилишича, 4 та расмий масжидда жума намозида 12
мингдан ортиқ, Рамазон, Қурбон ҳайити намозларида 20 мингдан зиёд
мусулмонлар иштирок этган.

Таҳлил қилинган ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, республикада
давлат билан ислом дини ўртасидаги муносабат тўлқинсимон бўлган. 1943
йили ислом динига эркинлик берган, Диний назорат ташкил бўлган,
масжидлар очишга ижозат берилган. Дастлабки даврларда давлат билан дин

27

ўртасидаги муносабат нисбатан яхши ва динни, масжидлар фаолиятини
чеклаш енгил бўлган.

1960 йилдан бошлаб динга, масжидларга қарши кураш кескин
кучайган. Давлат рухсати билан очилган масжидлар ёпила бошлаган. 1970-
1980 йилларда партия ва совет органларининг динга қарши кураши
секинлашган ва масжидлар фаолияти жонланган.

XX асрнинг 70-80-йилларда республикада, вилоятларда партия, совет
органлари динга қарши кураш олиб боришига қарамай масжидлар, уларнинг
арбоблари, қавмлари фаоллиги анча ортган. Ўзбекистон диний ишлар бўйича
кенгаш вакили, партия органлари газета ва журналларда, радио ва
телевидениеларда материаллар уюштириш, «Билим» жамияти орқали
лекциялар ташкил қилиш, район, шаҳар ижроия комитетлари қошидаги дин
тўғрисидаги қонунларга риоя қилишни назорат қилишга ёрдам берувчи
комиссиялар рўйхатга олинмаган диний арбоблар фаолиятига қарши чора-
тадбирлар кўриш, расмий диний арбобларнинг ваъзларини ўрганиш, аҳоли
орасида диний маросимларни чеклаш чораларини кўриш, молия идоралари
диний арбобларни солиққа тортиш, суд ва прокуратура органлари диний
арбобларни жиноий жавобгарликка тортиш, милиция органлари диний
китобларни диндорлар орасида тарқалишига, рўйхатдан ўтмаган диний
арбобларни диний маросимларни бошқаришига қаршилик кўрсатиш йўли
билан ислом динига қарши курашдилар. Бундан ташқари, иттифоқ,
республика ҳукумати диний масалалар бўйича қарорлар қабул қилиб,
юқорида тилга олинган ташкилотларга кўрсатмалар ва йўлланмалар бериб
турган. Бутун Совет тузумининг ислом динига қарши курашига қарамай,
масжид ва мусулмон диний арбобларини йўқ қила олмади. Мусулмон
диндорлари қалбидан Оллоҳни чиқаролмадилар.

Таянч сўз ва иборалар: масжид, мадраса, хонақоҳ, қурултой, диний
жамоа, имом, хатиб, муфтий, мутавалли, муаззин, Диний назорат, Халқ
Комиссарлари Совети (ХКС).

28

Савол ва топшириқлар

1. Иккинчи жахон уруши йилларида ўзбек халқининг оғир синовларга
тортилишининг сабаблари нималарда деб биласиз?

2.Ўрта Осиё ва Қозоғистон мсулмон диний арбоб ва мусулмон
диндорларининг биринчи қурултойи қачон бўлди ва қурултойдан кўзланган
мақсад, вазифаларни нималарда деб биласиз?

3. СССР ХКС ҳузуридаги Диний ишлар бўйича кенгашнинг Иттифоқ ва
автоном республикалар кенгаши, вилоят (ўлка) ижроқўмларининг
вакилларига йўриқномасида уларнинг асосий вазифалари қандай белгилаб
берилган?

4. СССР ХКС «Диндорларнинг ибодатхоналарини очиш тартиби
тўғрисида»ги қарорида кўзланган мақсадини гапириб беринг?

5. ЎзССР Министрлар Совети 1969 йил 7 февралда «Динлар
тўғрисидаги қонунларнинг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш
тўғрисида» қарор қабул қилган, бу қарорни қабул қилишдан кўзланган
мақсад нимада эди?

6. Таҳлил қилинган архив ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича,
республикада давлат билан ислом дини ўртасидаги муносабат тақдири
қандай кечган?

1.2. Совет органларининг норасмий масжидларга қарши кураши

Мавжуд қонун-қоидаларга мувофиқ, масжидлар СССР Диний ишлар
бўйича кенгашнинг рўйхатидан ўтиб, кейин очилиши мумкин эди. Бироқ
йилдан-йилга рухсатсиз ишлаётган масжидлар кўпайиб борган. Рухсат
олишни расмийлаштириш масаласида СССР ХКС Диний ишлар бўйича
кенгашнинг Ўзбекистондаги вакили 1945 йил 19 июнда вилоятлардаги
вакилларига қуйидаги топшириқни берган: «1. Область вакилларининг
асосий вазифалари мавжуд бўлган диний жамоаларни расмийлаштириш ёки
талабга жавоб бермайдиган бўлса, уларни тарқатиш масаласида актив

29

ҳаракат этишдир. Ҳар иккала ҳолда ҳам область вакиллари ўзлари
ташаббусни қўлга олиб, район, шаҳар ва область ижроқўмлари орқали иш
кўришлари керак. Айрим ерларда қишлоқ, район ҳокимият идоралари
рухсати билан расмийлаштирилмаган ҳолда ибодат қилиш ҳоллари борки,
бунга хотима берилиши шарт. 2. Баъзи диний жамоалар ҳар турли баҳоналар
билан рўйхатдан ўтишдан бош тортиб келадилар. Бунда жамоаларнинг
раҳбарларига рўйхатдан ўтишни сўраб ариза беришларни талаб этиш тавсия
қилинади. Кўрсатилган муддатда ариза бермаган ҳолда дин жамоаси
фаолиятини тўхтатиш керак».

Кўриниб турибдики, республика Диний ишлар бўйича кенгаш вакили
вилоятлардаги вакилларга ғайри расмий ҳолда очилган масжидларни мавжуд
қоидалар асосида расмийлаштириш ёки бўлмаса ёпиш тўғрисида қатъий
кўрсатма берган. Кенгашнинг вилоятлардаги вакиллари бу масалада СССР
Диний ишлар бўйича кенгашининг масжидларни очиш тартиблари
тўғрисидаги кўрсатмасига ва унинг Ўзбекистон бўйича вакилининг
юқоридаги кўрсатмаси асосида ўз фаолиятини ташкил қилди.

СССР Министрлар Совети ҳузуридаги Диний ишлар бўйича
кенгашнинг Ўзбекистондаги вакили И. Ибодовга 1946 йил 8 майдаги расмий
хатида шундай кўрсатма берган: «Кенгаш яна бир бор тушунтирадики, диний
жамоа қуйидаги омиллар бўлганда ишлаб турган ҳисобланади: 1) У ҳозир
мавжуд ва охирги 3-4 йил ичида ўз фаолиятини тўхтатмаган бўлса; 2) 20
нафар аъзоси ва сайлаб қўйилган ижроия идораси бўлса; 3) Намоз ўқийдиган
биноси – масжиди бўлса; 4) доимий ишлайдиган имоми бўлса.

Бироқ Ўзбекистон шароитида юқорида санаб ўтилган омиллар
масжидни рўйхатга олиш учун ҳамма вақт ҳам асос бўлавермайди. Кенгаш
вакили вилоятдаги диний ҳаракат аҳволини синчиклаб ўрганиб, масжидни
рўйхатга олиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда ҳар бирига ўзига хос
усул қўллаши ва қуйидагиларни аниқлаш зарур: а) ушбу аҳоли яшайдиган
жойда қанча мусулмон аҳоли бор ва рўйхатга олинган масжид борми?
Башарти аҳоли яшайдиган жойда рўйхатга олинган диний жамоа бўлса, унда

30

иккинчи ноқонуний ишлаётган масжидни рўйхатга олиш масаласи эмас, уни
рўйхатга олинган масжид билан қўшиш, яъни биринчи қонуний ишлаётган
масжидни йириклаштириш масаласи қўйилиши мумкин; б) агарда туманда
бир-бирига яқин жойлашган бир неча аҳоли яшайдиган қишлоқ бўлса ва
уларнинг барчасида ноқонуний ишлаётган масжидлар бўлса, бундай ҳолда
қайси аҳоли яшайдиган жой марказий эканлигини аниқлаб, туман марказида
шу туманга кирувчи барча аҳоли яшайдиган жойлардаги мусулмонларнинг
диний эҳтиёжини қондирадиган масжид очиш тўғрисида Диний ишлар
бўйича кенгашга ариза бериш лозим».

Ҳужжатда масжид очиш, рўйхатдан ўтказиш тўғрисида тушган
аризаларга имконият борича рад жавоби бериш зарурлиги кўриниб турибди.
Ҳар бир аризани ўзига хос хусусиятларига қараб, чуқур таҳлил қилиб,
диндорлар ранжимайдиган қилиб, мантиқий жиҳатдан асослаб, рад жавоби
қилиш лозимлиги уқтирилган. Диндорларга рад жавоб қилишнинг айрим
усулларини кенгаш кўрсатиб ўтган. Масжид очилган шаҳар ёки туманда
диндорлар иккинчи масжидни рўйхатдан ўтказишни талаб қилиб ариза ёзган
бўлса, уларга масжид рўйхатдан ўтказилмайди деб эмас, сизларнинг
жамоангиз ишлаб турган масжид жамоаси билан бирга қўшилиб ибодат
қиласизлар, деб жавоб бериш тавсия этилган.

СССР Министрлар Совети ҳузуридаги Диний ишлар бўйича
кенгашнинг Ўзбекистон вакили юқоридаги кўрсатмадан ва ҳар бир ариза
мазмунидан келиб чиқиб, масжид очилишига тўсқинлик қилган.
Ўзбекистонда рухсатсиз ишлаётган масжидларнинг кўпайиб кетганлиги, бу
масжидларда тасдиқланмаган имомларнинг халқ орасида назоратсиз диний
ташвиқот олиб бориши, дарбадар муллаларнинг ортиб бориши СССР Диний
ишлар бўйича кенгашни ташвишга солди. У бу масалалар бўйича 1947 йил 16
январда Диний ишлар бўйича кенгашнинг Ўзбекистон бўйича вакилига
қуйидаги кўрсатмани йўллаган:

«1. СССР Министрлар Совети ҳузуридаги Диний ишлар бўйича кенгаш
сизнинг ишингизнинг аҳволидан қониқмайди. Сиз кўрсатмалар

31

олганлигингизга қарамай, шу вақтга қадар вилоят вакилларини жиддий
камчиликларни йўқотиш учун фаол ҳаракат қилдирмадингиз, кўпчилик
ҳолларда уларни фақат сусткашлик билан қайд қилмоқдасиз. Сизнинг
фаолиятингизда режали, мақсадли ҳаракат йўқ, сиз бор имкониятлардан бўш
фойдаланаяпсиз …

2. Кенгаш ҳисоблайдики, сизнинг ишингиздаги жиддий камчилик Ўрта
Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати билан етарли ва доимий
алоқанинг йўқлигидир. Бунинг натижасида Диний назоратга сизнинг
таъсирингиз қониқарли эмас. Диний назорат барча диний ишларнинг
ташкилий жиҳатдан қамраб олмаган, кўп ҳолларда бу ишлар унинг
таъсирисиз амалга ошмоқда. Бундай аҳволни Диний назоратнинг режаси
йўқлигидан ҳамда ўз мақсад ва вазифаларини аниқ тасаввур
қилмаганлигидан ва бу масалаларда сизнинг ёрдамингизни бўлмаганлигидан
деб тушуниш мумкин...

3. Сизнинг асосий вазифангиз ислом дини бўлганлигини ҳисобга олиб,
бор имкониятингизни ундаги чалкаш ва жуда чатоқлашиб кетган аҳволни
тўғрилашга қаратишингиз керак. Ўз-ўзидан маълумки, бу иш Диний назорат
билан ҳақиқий амалий алоқа ўрнатмай туриб бажарилиши мумкин эмас.
Бундай алоқанинг шаклларини асосли ўйлаб кўриш керак. Унинг арбоблари
билан барча камчиликлар тўғрисида гаплашинг, уларни бартараф этиш
чораларини ишлаб чиқишга ёрдам қилинг…

4. Мусулмонлар бўйича иш режасини тузишда қуйидаги ноқонуний
ишларни йўқ қилиш тадбирларини белгилаш зарур: а) ҳеч кимдан сўрамай,
рухсатсиз очилган масжидлар, б) маҳаллий ҳокимият идораларининг
рухсатисиз очиқ жойларда ёппасига ибодат қилиш, в) расмий масжидлар
бўлмаган жойларга Диний назорат билмаган муллаларни жойлаш, г) кенг
тарқалган дарбадар муллалар фаолияти, д) муллаларнинг ўз уйларида ёш
болаларни ўқитиши, е) масжид очиш учун мусулмон диний арбобларининг
маблағ йиғиши, ж) Совет қонунларида қайд қилинмаган пул ва маҳсулот
йиғишларнинг диний арбоблар томонидан амалга оширилиши».

32

Ушбу кўрсатма асосида Диний ишлар бўйича кенгашнинг Ўзбекистон
бўйича вакили Диний назорат муфтийсини ўз идорасига чақириб, оғзаки
ноқонуний очилган масжидларни ёпиш, бу масжидларнинг тасдиқланмаган
имомларини, дарбадар бўлиб юрган муллаларини йўқ қилиш тўғрисида
кўрсатмалар берган. Диний ишлар бўйича кенгаш вакили Диний назорат
обрўсидан фойдаланиб давлат ишларини бажартирган. Шундай қилиб, аста-
секин Диний назоратни давлат вазифаларини амалга оширадиган идорага
айлантириб олган. Диний ташкилотни ташкил қилиш, унинг раиси
номзодини белгилаш давлат идораси – Диний ишлар бўйича кенгашнинг
Ўзбекистон бўйича вакили орқали амалга оширилар эди. Шунинг учун
Диний назорат раҳбарлари Диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг барча
топшириқларини бажаришга мажбур бўлган.

1948 йил 9 сентябрда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний
назоратининг жомеъ масжидлари хатиблари ва ижроия идоралари раисларига
юборилган фармойишида шундай дейилган: «Диний назоратдаги маълумотга
кўра, баъзи илгариги мулла ва домлалар диний назоратнинг рухсатисиз
айрим қишлоқ, маҳалла ва туманларда диний ишлар хизматчиси лавозимини
бажармоқдалар. Улар ҳар хил баҳоналар билан диний ишлар ходими
унвонини олишга ва бу лавозимни эгаллаб олишга ҳаракат қилмоқда. Улар
шу мақсадда одамларни алдаб, ҳар хил овозалар тарқатиб, бу иш уларга
юқоридан топширилган, деб расмий тайинланган хизматчиси бўлмаган бўш
масжидлардан фойдаланишмоқда.

Норасмий кишиларга диний арбоблар вазифасини бажариш шариатга
зиддир, чунки Муҳаммад пайғамбар замонидан диний арбоблар вазифасини
фақат махсус шу мақсад учун тайинланган шахслар бажариб келган. Диний
арбоб вазифасини рухсатсиз, ҳужжатсиз ўташ айниқса, қонунга қарама-
қаршидир…

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Диний назорат расмий ишлаётган
масжидлар имом-хатибларига, ижроия идоралари, тафтиш комиссияларига
дарҳол жойларда эшон ва динни ўз манфаати йўлида фойдаланиб юрган

33

кишиларни аниқлаб, шу йил 15 октябрга қадар уларнинг исм ва фамилияси,
адреси ва улар хизмат қилаётган туманларни кўрсатиб, тўла рўйхат тузиб
Диний назоратга такдим этиш тавсия қилинади».

Диний назорат рухсатисиз масжид очиб, диний маросимларни ўтказиб
юрган муллаларнинг фаолиятини шариатга ҳам, Совет қонунларига ҳам
хилоф иш, деб баҳолайди. Ҳужжат далолат берадики, Диний ишлар бўйича
кенгаш Диний назоратни ҳам рухсатсиз очилган масжидларга қарши курашга
жалб қилган.

1958 йил 1 июнда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний
назорати масжид жамоаларининг имом-хатибларига қуйидаги фармойишини
юборган: «Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ушбу
мактуб билан билдирадурким, сўнгги вақтларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон
доирасидаги расмий жамоаларимизнинг атрофларидаги ғайрирасмий жамоа
ва масжидлар ташкил бўлиб кетди. Расмий жамоаларнинг ходимларидан қай
бир жойларда ўшандай ғайрирасмий жамоалар ила алоқаманд бўлиб, улар
орқали даромад тўплашга ва ўз жомеъларига шўъба масаласида қилиб,
фойдаланишга ўтиб олганлари ҳам бўлган эди…

Масалан: расмий масжид жомеъларимиз ўзларининг атрофларида
бўлган ғайрирасмий масжид ва жамоаларга алоқаманд ва етакчи бўлишдан
чекинсунлар, уларга берган ҳужжат ва ордер қоғозларни қайтариб олсунлар,
албатта.

Ғайрирасмий ҳолда давом этаётган жойларга қатнашувчи диндорларга
тушунтирингларким, бундан буён расмий масжидларга қатнашиб, барча
диний ишларни ва маросим динияларини шу расмиятдаги жомеълар орқали
адо этишга ўткайлар.

Ғайрирасмий масжид ва жамоаларга мутаваллиёт ҳайъати бўлиб ёки
имом ва хатиб сифатида вазифадор бўлиб юрган диндор ва аҳли илм
биродарларимизга огоҳлантирилсинким, рухсатсиз жойларда диний
ҳаракатда бўлиб, ижозатсиз даромад тўплаганликлари туфайли бирор
масъулиятга қолишлари мумкин. Шунинг учун расмий жомеъларнинг

34

имомлари ёки мутавалли ва кассирлари алоқаманд бўлиб чиксалар, ул вақтда
масъулият расмий кишиларимиз устларига тушиб қолур».

Шубҳасиз, Диний назорат бу фармойишни чиқариб, ўз хоҳишига
қарши иш қилган. Диний назоратни ўзига қолса, масжидлар кўп бўлиши,
барча тақводорлар жамоа бўлиб намоз ўқиш тарафдори бўлган. Лекин
республиканинг партия ва совет органлари аҳоли орасида исломнинг кенг
тарқалишини, кишилар орасида диндорликнинг олдини олиш мақсадида
масжидларнинг, улардаги диний ходимларнинг сонини камайтириш учун
қатъий кураш олиб борган. Шу мақсадда улар Диний назоратга ҳам тазйиқ
ўтказиб, ўз хоҳишича, исломий қоидаларга қарши иш қилишга мажбур
қилинган.

Рухсатсиз очилган масжидларни чеклашда уларнинг имомларига солиқ
солиш муҳим ўрин тутган. 1944 йил 17 апрелда СССР Молия халқ
комиссариатининг Иттифоқдош республикалар Молия халқ
комиссариатларига ёзган тушунтириш хатида кўрсатилиши бўйича:

«1. Диний ишлар ходимлари диний маросимларни бажарганлиги учун
оладиган даромадидан СССР Олий Совети Президиумининг 1943 йил 30
апрелдаги «Аҳолидан даромад солиғи олиш тўғрисида»ги фармонининг 19-
моддасига асосан даромад солиғи солиш.

2. Солиқни ҳисоблашда диний арбоблар диний маросимларни
бажарганлиги учун олган даромад қайси манбадан – ибодатхона ёки
диндорлардан тушган даромад бўлишидан қатъи назар, барча даромад
эътиборга олинади».

Диний ишлар бўйича кенгашнинг Ўзбекистон бўйича вакили вилоят
диний ишлар бўйича вакилларига 1946 йил 20 февралда юборган хатида
қуйидагилар билдирилган эди: «1. Қайд қилинган ибодатхона
хизматчиларининг оладиган маошлари юзасидан район молия бўлимига
декларация топширишга таклиф қилиш лозим. 2. Ғайриқонуний равишда
давом қилаётган ибодатхона хизматчиларининг рўйхатларини тегишли молия
идораларига маълум қилинг. Чунки уларга солиқ солиш лозим».

35

Вилоят диний ишлар бўйича вакили бу кўрсатмага асосан фақат
норасмий масжидлар имомларини солиққа тортган. Масалан, СССР
Министрлар Совети ҳузуридаги Диний ишлар бўйича кенгашнинг Наманган
вилояти вакили И.Мусахонов 1946 йил 26 сентябрдаги III квартал бўйича
қилинган ишлар ҳисоботида Диний ишлар бўйича кенгашнинг Ўзбекистон
бўйича вакилига қуйидагиларни маълум қилган: «Сизнинг феврал ойидаги
кўрсатмангизга асосан область бўйича ижозатсиз жамоа тузувчи имомларни
солиққа тортиш ҳақида область молия бўлими мудирига мен томонимдан 26
нафар имомлар рўйхати топширилган».

1946 йил 3 декабрда СССР Министрлар Совети «Диний арбобларни
солиққа тортиш тартиби тўғрисида» қарор қабул қилди. Бу қарорда
барча диний арбоблар диний маросимларни бажарганлиги учун аҳолидан
тушган даромадидан алоҳида ва диний ташкилотдаги хизмати учун олган
ойлигидан алоҳида даромад солиғи тўлайди, деб кўрсатилган. Қарорда диний
ташкилот ходими бўлмаган фуқаролар, диний маросимларни – никоҳ, жаноза
ва бошқа маросимларни адо этиб, топган даромадидан солиқ тўлаши
мажбурий эканлиги, шу билан бирга, улар бошқа даромадларидан ҳам
даромад солиғи, қишлоқ хўжалик солиғи тўлаши шарт деб таъкидланган.

Диний арбоблар диний маросимлар бажариб топган даромадидан ишчи
ва хизматчилар тўлайдиган даромад солиғидан бир неча баробар кўп солиқ
тўлаган. Диний арбоблардан олинадиган солиқ уларнинг умумий
даромадининг 65 ва ундан ортиқ фоизини ташкил қилиши мумкин эди.
Даромади кўп бўлган диний арбобларга кўп солиқ, озига оз солиқ солинган.

Диний ишлар бўйича кенгашнинг Ўзбекистон бўйича вакили
вилоятлардаги вакилларга рухсатсиз очилган масжидларнинг имом ва бошқа
ходимларининг рўйхатини тузиб, молия бўлимига солиқ солиш учун
топшириш тўғрисида кўрсатмалар берган. 1947 йилнинг бошида Диний
ишлар бўйича кенгашнинг Наманган вилояти вакилига ёзган хатида
тубандаги берилган: «Диний ишлар бўйича кенгашнинг Ўзбекистондаги
вакили сизнинг 1946 йил III-IV квартал ҳисоботингиздаги материаллар билан

36

танишиб қуйидагиларни билдирадилар:
Ғайрирасмий давом этаётган ибодатхоналарга хотима бериш учун

ўрганиш, текшириш, аниқлаш билан ўз вақтида узил-кесил жавобини бериб,
рўйхатларини молия органларига тақдим этиш керак, даромад солиғи билан
уларнинг тинкасини қуритиш керак.

Молия органлари бу ишда сустлик кўрсатсалар, алоҳида
информациялар билан область раҳбарига тез-тез маълум қилиб бориш
лозим».

Диний ишлар бўйича кенгашнинг Хоразм вилояти вакили 1947 йил 26
июнда Ўзбекистон Министрлар Совети раисига ёзган хатида қуйидагиларни
хабар қилган. «Хоразм вилоятининг вилоят ва туман молия бўлимлари…

1. «Полвон ота» мозори бўйича даромад 96 минг сўм ҳисобланди.
Жумладан, бир шайхга даромадининг 70 фоизи, 20 нафар шайхга 30 фоизи
миқдорида даромад солиғи солинди. Солиқнинг умумий суммаси 38615
сўмни ташкил қилди.

2. Хива шаҳридаги «Саид Ниёз Шоликор» масжидига 2975 сўм,
Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой шаҳридаги «Хон масжид»га 14365
сўм миқдорида солиқ солинди. Диний арбоблар масжидларни ёпиш
тўғрисида ариза бериб, хизматидан бўшаб кетдилар. Бунинг натижасида
диндорлар орасида норозилик пайдо бўлди». Хатда кўрсатилишича, диний
арбобларнинг норози бўлганлигининг сабаби шуки, улар диний
маросимларни бажарганлиги учун аҳолидан тушган даромадни шахсий
эҳтиёжи учун сарфламаган, балки Диний назорат ҳисобига ўтказган.

Бу мозор ва масжидлар Диний ишлар бўйича кенгашнинг рухсати
билан очилган ва диний арбоблар Диний назорати томонидан тайинланган
эди. Масалага адолатли ёндашиладиган бўлса, қонуний масжидлар билан
ноқонуний масжидлар диний арбобларига бир хил солиқ солиш мумкин эмас
эди. Чунки расмий масжидлар имомлари Диний ишлар бўйича кенгаш вакили
кўрсатганидек, диний маросимлар ўтказганлиги учун тушган даромадни
Диний назоратга ўтказган. Норасмий масжид имомлари барча даромадлардан

37

ўзлари фойдаланган.
Диний ишлар бўйича кенгашнинг Ўзбекистон бўйича вакили, вилоят

вакиллари рухсатисиз очилган масжидларга қарши доимо кураш олиб
борган, уларни ёпишга, йўқ қилишга ҳаракат қилган. Улар норасмий
масжидларни ноқонуний очилган деб, имомига солиқ солиб, имомликдан воз
кечишга мажбур қиларди. Ноқонуний имомларга маъмурий, жиноий жазо
кўриш мумкин эмас эди. Маълум вақт ўтиб тақводорлар ўз орасидан имом
тайинлаб, яна маҳфий равишда масжидни очиб оларди. Масжидда намоз
ўқиш мусулмонларнинг қалбида бўлганлиги учун яширин масжидлар
очилаверган. Диндорларнинг бу ҳаракатига қарши кураш норасмий
масжидларни ёпиш масаласи Диний ишлар бўйича кенгашнинг
Ўзбекистондаги вакиллари учун энг мураккаб ишларидан бири бўлган.

Ўзбекистон Министрлар Советининг 1953 йил 25 июндаги «Диний
маросимлар ҳақидаги Совет қонунларини бузиш фактлари тўғрисида»ги
қарорида кўрсатилганки, охирги йилларда республикада диний арбобларни
яширин фаолияти фаоллашди, улар томонидан диний маросимлар
тўғрисидаги Совет қонунлари тез-тез бузилмоқда, бу нарса ҳеч кимдан
сўрамай масжидлар, мозорлар, ибодатхоналар очиш ва бошқа фактларда
намоён бўлмоқда, деб қайд қилинган. Ўзбекистон Министрлар Совети Диний
ишлар бўйича кенгашнинг Ўзбекистон бўйича вакилига ноқонуний
ишлаётган масжидлар, ибодатхоналар, мозорлар ва мақбараларни аниқлаш
ишларини кучайтиришга диққатини жалб қилди ва диний, маҳаллий
ҳокимият идоралари орқали уларни ёпиш чора-тадбирларини кўриш
вазифасини юклади. Вилоят ижроқўмлари ва Қорақалпоғистон Республикаси
Министрлар Советига Диний ишлар бўйича кенгашнинг вилоят вакиллари
фаолиятини доимий назорат ва раҳбарлик қилиш, уларнинг ахборотлари
асосида диний маросимлар тўғрисидаги Совет қонунларини бузиш
ҳолларини дарҳол бартараф этишни таъминлаш тўғрисида топшириқ берди.

Ўзбекистон Молия вазирлигига ноқонуний фаолият кўрсатаётган
диний арбобларни аниқлаш, уларга солиқ солиш ишини кучайтириш

38

мажбуриятини юклади. Ўзбекистон Министрлар Советининг 1953 йил 25
июндаги қарори асосида барча вилоят ижроқўмлари тегишли қарор қабул
қилдилар, вилоят молия ва бошқа идоралар раҳбар ходимлари билан кенгаш
ўтказиб, ғайри расмий фаолият олиб бораётган масжидлар, мозорлар ва
муллаларни аниқлаш ва солиқ солиш тўғрисида топшириқ берган.

Диний ишлар бўйича кенгашининг вилоят вакиллари норасмий
очилган масжид имомлари, эшон, шайх, дуохон, парихон ва бошқаларнинг
рўйхатини тузиб, молия бўлимларига топширган. Диний ишлар бўйича
кенгашнинг Ўзбекистон бўйича вакили Ўзбекистон Молия вазирлигига 1953
йил 26 августда берган маълумотига кўра, Андижон вилоятида 138 нафар
диний арбоблар, Наманган вилоятида 25, Тошкент вилоятида 30, Хоразм
вилоятида 16 нафар диний арбобларнинг рўйхати тузилиб, вилоят молия
бўлимларига топширилган.

Рухсатсиз очилган масжидларни ёпишнинг асосий воситаси сифатида
уларнинг имомларига ва бошқа ходимларига солиқ солиш кейинги йилларда
ҳам давом этди. 1958 йил 11 февралда Диний ишлар бўйича кенгашнинг
Ўзбекистон бўйича вакили Ўзбекистон Министрлар Советига ёзган
ахборотида рўйхатга олинмаган масжидларни тугатишга қаратилган
тадбирлар қаторида жойларда аниқланган рўйхатга олинмаган диний жамоа
ва гуруҳларнинг ташкилотчиларига, диний арбобларга солиқ солишни
кучайтиришни тавсия қилган.

Диний ишлар бўйича кенгашнинг Ўзбекистон бўйича вакили Ш.К.
Ширинбоевнинг маълумотига кўра, 1959 ва 1960 йилларда Андижон
вилоятида 140 нафар рухсатсиз очилган масжид ва бошқа диний
ташкилотларда ишлаётган, диний маросимларни бажараётган диний
арбобларга солиқ солинган ва 70 та ўзича очилган масжидлар ёпилган.

Тошкент вилояти ижроия қўмитаси ҳузуридаги Диний ишлар бўйича
кенгашнинг вакилининг ахборотида ёзилишича, 1960 йилда вилоятда 17
нафар рухсатсиз диний маросимлар бажараётган муллалар ва 2 нафар шайхга
солиқ солинган.

39

1958 йил 1 январгача Ўзбекистонда 139 та ишлаётган рўйхатга
олинмаган масжидлар мавжуд бўлиб, шулардан 135 та диний жамоа масжид
имомга эга эди. Уларнинг фаолияти рўйхатга олинган масжидларникидан
деярли фарқ қилмаган. Лекин улар СССР ҳукуматининг рўйхатга олиш
тўғрисида қарори бўлса ҳам, рўйхатга олинмаган. Уларни ҳар хил йўллар
билан ёпишга ҳаракат қилинган. Жумаладан, 1959 йилда Тошкент вилоятида
74 та норасмий ишлаётган масжидлар бўлган. Шулардан 42 таси 1959 йилда,
15 таси 1960 йилда ёпилган эди. Масжид биноларининг бир қисмини
кутубхона, медпункт, пионерлар уйи каби маданий, маърифий
ташкилотларга ва бир қисми хўжалик ташкилотларига берилган. Масжид
бинолари мусулмон диндорлари яна олиб қўймасин деб, шошилинч банд
қилиб қўйилган эди.

1956-1960 йилларда Бухоро вилоятида 20 тага яқин масжид ва
мозорлар, жумладан, халқ орасида машҳур бўлган Баҳоуддин Нақшбанд ва
Абдулҳолиқ Ғиждувоний мозорлари ёпилган эди.

Ўзбекистон Олий Совети Президиуми 1965 йил 28 апрелда суд
органларида диний арбобларга нисбатан Совет қонунларини тадбиқ
этишдаги айрим бузилишлар ва уларни бартараф этиш чора тадбирлари
масаласини муҳокама қилиш муносабати билан ЎзССР Министрлар Совети
ҳузуридаги Диний ишлар бўйича кенгаш вакилидан маълумот сўраган.
Кенгаш вакили Ш. Ширинбоевнинг 1965 йил 19 апрелда берган маълумотига
кўра, республикада 66 та рўйхатга олинган масжидлар ва 54 та рўйхатга
олинмаган ноқонуний фаолият кўрсатаётган масжидлар бўлганлиги қайд
этилган. Айрим масжидлар қавмлари тегишли идораларга рўйхатга
олишларини сўраб аризалар ёзган. Лекин ижобий жавоб олмай, яширин
ҳолатда масжидларда ибодат қилаверган. Кўпчилик масжидлар қавмлари
Совет идораларидан сўрамасдан, ўзларининг масжидларида беш вақт
намозларини ўқийверган.

Вилоятларда ҳам диний арбобларга қарши қатъий кураш олиб
борилган. Наманган вилоятида ЎзССР Министрлар Советининг 1969 йил 7

40

февралдаги қарорининг амалдаги ижросини текшириш натижалари
тўғрисида 1974 йил майда ёзилган маълумотномада кўрсатилишича, қарор
эълон қилингандан кейин ўтган уч йил ичида 22 та ноқонуний фаолият
кўрсатаётган масжидлар ёпилган. Вилоят молия органлари 18 нафар
ноқонуний фаолият кўрсатаётган диний арбобларга 4, 8 минг сўм даромад
солиғи солган. Шу билан бирга вилоят бўйича 6 та рўйхатга олинмаган ва
фаолият кўрсатаётган масжидлар ва шунингдек, 79 нафар диний арбоб
ҳисобга олинган.

Республика диний ишлар бўйича кенгаш вакили К.Рўзметовнинг 1979
йил декабрда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига ёзган
маълумотида динлар тўғрисидаги қонунларга риоя қилишни назорат
қилишнинг аҳволини қисқача баён этган. 1977-1979 йилларда Диний ишлар
бўйича кенгашнинг тавсиясини республика ҳукумати ва вилоят ижроқўмлари
маъқуллаб, 6 та янги масжид очилган ва рўйхатдан ўтган масжидлар сони 71
тага етган. Янги масжидларни очишдан мақсад рўйхатдан ўтмай фаолият
кўрсатаётган масжидларни ёпиш бўлган. Бу тадбир 30 та рўйхатдан ўтмаган
масжидларни ёпиш ва 100 нафардан ортиқ Совет органлари рухсатисиз
фаолият кўрсатаётган диний арбобларнинг ишларини тўхтатиш имкониятини
берган.

Совет органлари диний маросимларни – никоҳ, жаноза, маърака ва
бошқаларни диний арбоблар бажариши каби урф-одатларни тазйиқ ўтказиб
ҳам йўқ қилиш имкониятини топа олмай, масжидлари йўқ йирик қишлоқ ва
районларга рўйхатдан ўтказилган диний арбобларни тайинлашга мажбур
бўлган. Расмий масжидлар йўқ аҳоли яшайдиган жойларда қўшимча 104
нафар мусулмон диний арбоблари рўйхатга олинган ва бунинг натижасида
республика бўйича мингга яқин норасмий диний арбобларнинг фаолияти
тўхтатилган. Кўрилган чораларга қарамай, норасмий масжидлар ва диний
арбоблар фаолият кўрсатган 1979 йилда республикада 79 та рўйхатга
олинмаган масжидлар мавжуд эди. 1969-1977 йилларда республикада
рўйхатга олинган масжидлар сони 65 тани ташкил этиб, бу рақам ўзгармай

41

келган бўлса, 1978 йиллардан бошлаб масжидлар сони кўпая бошлаган.
1944-1984 йилларда Ўзбекистонда мусулмон динининг ҳолати

тўғрисида 1985 йили 5 августда республика диний ишлар бўйича кенгаш
вакили аппаратида жадвал шаклида тузилган ахборотда масжидлар, диний
арбоблар, амалга оширилган диний маросимларнинг сони тўғрисида
маълумот берилган. Бу маълумотларни таҳлил қилиш совет органларининг
ўзлари хоҳламаган ҳолатда масжидлар сонини қисман орттиришга мажбур
бўлганлигининг сабабларини очишга ёрдам беради.

Ўзбекистондаги рўйхатга олинган масжидлар сони 1978 йилда 70 та,
1979 йилда 71 та, 1980 йилда 74 та, 1981 йилда 78 та, 1982 йилда 80 та, 1983
йилда 80 та, 1984 йилда 82 та бўлган. Шу давр ичида рўйхатга олинмаган ва
фаолият кўрсатаётган масжидлар сони 90 тадан 46 тага камайган. 1978-1984
йиллар мобайнида рўйхатга олинган диний маросимларни бажаришга рухсат
берилган диний арбоблар миқдори 221 нафардан 299 нафарга кўпайган.
Рўйхатга олинмаган норасмий фаолият кўрсатаётган диний арбоблар сони
ўша даврда 1300 нафардан 518 нафарга камайган. Расмий давлат органлари
рухсати билан ишлаётган масжидлар ва диний арбоблар сонини озгина
ортиришдан мақсад норасмий фаолият кўрсатаётган масжидлар ва диний
арбоблар сонини кескин камайтириш бўлган. Юқорида келтирилган
фактлардан кўриниб турибдики, 1978-1984 йилларда расмий масжидлар
миқдори 12 тага кўпайган бўлса, норасмий масжидлар сони 44 тага камайган.
Расмий диний арбоблар сони 78 нафарга ортган бўлса, норасмий диний
арбоблар 782 нафарга озайган.

Маҳаллий аҳоли, руҳонийдан ўтмаган мусулмон руҳонийлари,
диндорлар Диний назоратнинг совет органларининг топшириғи билан чоп
этилган фатволарига қарши чиққан, амалда бажармасликка ҳаракат қилган.
Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакили У. Рустамовнинг 1982 йил
29 апрелда СССР Диний ишлар бўйича кенгашига республика мусулмон
руҳонийлари билан динлар тўғрисидаги қонунларга риоя қилиш масаласи
бўйича ўтказилган семинар-кенгаш тўғрисидаги ахборотида айтиладики,

42

имомлардан «Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси
фатволарига қарши чиқиб, диндорларнинг хато фикрга йўналтираётган
рўйҳатдан ўтмаган руҳонийларга қарши кураш олиб боришлари» талаб
қилинган. Бу фактдан кўриниб турибдики, руҳонийлар орасида динлар
тўғрисидаги Совет қонунлари ва улар асосида эълон қилинган Диний
назоратнинг фатволарида кўтарилган исломни чеклашга қаратилган
қоидалари тўғрисида руҳонийлар орасида бир хил фикр бўлмаган, норасмий
руҳонийлар, диндорлар кўп ҳолларда фатволарга қарши чиққанлар.

Фарғона вилояти диний ишлар бўйича кенгаш вакили Х. Қўшақов 1983
йил июнда республика Диний ишлар бўйича, кенгаш вакилига ёзган
ахборотида Ёзёвон районида бир гуруҳ руҳонийлар томонидан динлар
тўғрисидаги қонунларни қўпол равишда бузганлиги тўғрисида маълумот
берган. Унда кўрсатилишича, икки нафар норасмий руҳонийлар район молия
бўлими мудирига ариза ёзиб, диний маросимларни бошқаришга рухсат
сўраган ва солиқ тўлашга рози бўлган. Молия бўлими уларга даромад солиғи
солиб, диний маросимларни бошқаришига рухсат берган. Бундан ташқари,
бир гуруҳ диндорлар ташкил қилган районнинг Қоратепа мозорида норасмий
фаолият кўрсатаётган масжид борлиги аниқланган эди. Бу фактларда
асосланиб, район молия бўлимини амалда норасмий руҳонийлар фаолиятига
ижозат берган деб айблаган. Вилоят диний ишлар бўйича кенгаш вакили
район ижроия комитетида тегишли органлар билан кенгаш ўтказиб
ижроқўмга район молия бўлимининг қонунга қарши ҳаракатига чора
кўришни ва норасмий масжид биносини Охунбобоев номли колхознинг
хўжалик ишлари учун фойдаланиши масаласини ҳал қилишни таклиф
қилган. Рўйҳатга олинмаган ва фаолият кўрсатаётган руҳонийларга даромад
солиғи солишдан асосий мақсад солиқ олиш эмас, аксинча уларни диний
фаолиятини тугатиш, диний маросимларни йўқ қилиш бўлган. Шунинг учун
Ёзёвон район молия бўлимининг руҳонийлардан солиқ олиб, диний
фаолиятини давом эттиришга рухсат берганлиги қораланган.

Қашқадарё вилоятида рўйхатга олинмаган диний маросимларни ижро

43

этувчи диний арбоблар 1984 йилда 200 нафар бўлган, улардан 92 нафарига
солиқ солинган, шунга мувофиқ 1985 йилда 100 ва 61, 1986 йилда 81 ва 56
нафар бўлган.

Навоий вилояти диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг 1987 йил 27
мартдаги ахборотида вилоятда 1984-1986 йилларда рўйхатга олинмаган
мусулмон диний арбобларини солиққа тортишнинг аҳволи тўғрисида
маълумот берган. Бу ҳужжатдаги маълумотга кўра, диний маросимларни
бошқарган ҳисобга олинган диний арбоблар сони 1984 йилда 78 нафар, 1985
йилда 80, 1986 йилда 86 нафар бўлган, шулардан солиқ солинганлари 1984
йилда 28 нафар, 1985 йилда 21, 1986 йилда 28 нафар бўлган. Ўз фаолиятини
тўхтатган диний арбоблар 1984 йилда 2 нафарни, 1985 йилда 4 нафарни, 1986
йилда 6 нафарни ташкил қилган.

Фарғона вилояти диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг 1987 йил 12
январда республика диний ишлар бўйича кенгаш вакилига ёзган ахборотида
норасмий мусулмон диний арбобларига солиқ солишнинг аҳволи ҳақида
маълумот берилган. 1984 йилда вилоятдаги ҳисобга олинган 263 нафар
норасмий диний арбоблардан 34 нафарига солиқ солинган, шунга мувофиқ
1985 йилда 218 ва 54, 1986 йилда 204 кишидан 31 нафарига солиқ солинган.
1986 йилда рўйхатга олинмаган диний арбоблар даромади 28140 сўмни
ташкил қилган ва ундан 5367 сўм даромад солиғи олинган.

Вилоят молия бўлимининг маълумотига қараганда, солиқ солиниши
туфайли норасмий диний арбоблардан 1984 йилда 4 нафар, 1985 йилда 6
нафар ва 1986 йилда 11 нафар диний арбоблар диний фаолиятини тўхтатган.
Вилоят вакилининг тегишли органлар ва шаҳар, район ижроқўмлари
маъмурий комиссиялари ва бошқалар билан биргаликда кўрилган чоралар
натижасида 1984-1986 йилларда 58 нафар норасмий диний арбоблар диний
фаолиятини якунлаган.

Динга қарши кенг миқёсда олиб борилган ташвиқот ишлари, Диний
назорат, расмий масжидлар имом, хатиблари орқали диндорлар орасида
динни чеклашга қаратилган тадбирларни амалга оширилиши, норасмий дин

44

арбобларига катта миқдорда даромад солиғи солиниши партия ва совет
органлари кутган натижаларни бермади. Норасмий масжидлар, диний
арбоблар яширин, чекланган даражада бўлса ҳам, ўз фаолиятини давом
эттирдилар. КПСС МК нинг 1960 йил 13 январдаги «Диний маросимлар
ҳақидаги совет қонунларининг диндорлар томонидан бузилишини
тугатиш тадбирлари тўғрисида»ги қароридан келиб чиқиб, Республика
Партия органлари кўрсатмаси билан Республика Олий Совети диндорларга
нисбатан қўлланадиган маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини
кенгайтирди.

Давлат томонидан динга қарши кураш кучайган сари руҳонийларга
қарши кўриладиган чоралар ҳам кўпайиб, кескинлашиб борди. Ўзбекистон
Олий Совети Президиуми 1961 йил 30 май қонуни билан ЎзССР Жиноят
кодексига «Диний маросимларни бажариш ниқоби остида фуқаролар
шахсига ва ҳуқуқига суиқасд қилиш» номли моддани киритди. Бу моддада
кўрсатилишича, руҳонийлар, диний гуруҳларнинг диний маросимлар
бажариш ниқоби остида диний таълимотларни ташвиқот қилиш ва фуқаролар
соғлиғига зиён келтириш ёки фуқаролар шахсига ва ҳуқуқларига бошқа
суиқасдлар билан боғлиқ фаолият учун 5 йилгача ҳуқуқдан маҳрум қилиш
билан жазоланган.

Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми 1966 йил 28 майда
Ўзбекистон Жиноят кодексига яна учта қўшимча моддалар киритган.
Жумладан, «Диний маросимлар тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун
маъмурий жавобгарлик ҳақидаги фармон»да диний бирлашмалар
раҳбарларининг шу бирлашмаларнинг ҳокимият органларида рўйхат
қилдиришдан бош тортиши ва бошқа қонунда белгиланган қоидаларнинг
бузилиши туман, шаҳар ижроқўмлари ҳузуридаги маъмурий комиссиялар
томонидан 50 сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлди, дейилган.

Ўзбекистон Олий Совети Президиуми 1966 йил 28 майда Ўзбекистон
Жиноят кодексининг 145-моддасини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Қарорда шундай дейилган, «Тушунтирилсинки, диний муассасаларни

45

давлатдан ва мактабни диний муассасалардан ажратиш тўғрисидаги
қонунларни ЎзССР Жиноят кодексининг 145-моддаси бўйича жиноий
жавобгарликка олиб келадиган тарзда бузилганлик деганда: Жамоат
тартибини бузувчи диний йиғилишлар, намойишлар ва бошқа хил диний
маросимлар уюштириш ва ўтказиш; Балоғатга етмаган ёшлар ўртасида
қонунда белгиланган қоидаларни бузган ҳолда диний таълим машғулотлари
уюштириш ва уларни систематик равишда ўтказиш... деган маъно
тушунилади».

Диний муассасаларни давлатдан ва мактабни диний муассасалардан
ажратиш тўғрисидаги қонунларни бузиш ҳақидаги Жиноят кодексининг 145-
моддасида шундай дейилган: «Диний муассасаларни давлатдан ва мактабни
диний муассасалардан ажратиш тўғрисидаги қонунларни бузиш – бир йил
муддатгача ёки 100 сўмгача жарима билан жазоланади».

1966 йил 28 майда Ўзбекистон Олий Совети Президиумининг
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 145-моддасига қўшимчалар киритиш
тўғрисидаги фармонида шундай дейилган: «ЎзССР Жиноят кодексининг 145-
моддаси қуйидаги мазмунда бўлган иккинчи қисм билан тўлдирилсин: «Ўша
ҳаракатлар диний муассасаларни давлатдан ва мактабни диний
муассасалардан ажратиш тўғрисидаги қонунларни бузганлиги учун илгари
ҳам суд қилинган шахслар томонидан содир этилса, уч йилгача муддатга
озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

Партия органларининг тазйиқи билан қабул қилинган юқоридаги
қонунлар асосида Республика суд органлари 1965 йил апрелдаги Ўзбекистон
Олий Совет Президиумининг «Диний жамоа қатнашчиларига нисбатан
жиноий ишларни текшириш ва кўриш амалиёти тўғрисида»ги қарори
лойиҳасида кўрсатилишича, 1963 йилда 24 нафар, 1964 йилда 16 нафар
диндорларни жазолаган.

СССР Олий Совет Президиумининг «Диндорларга нисбатан
социалистик қонунчиликнинг бузилишининг айрим фактлари
тўғрисида»ги қарорида кўрсатилишича, айрим туманларда суд ва

46

прокуратуралар томонидан фуқароларни амалда диний эътиқоди учун
жазолаш каби хатоларга йўл қўйиш ҳоллари содир бўлган. Бундай ҳолатлар
Ўзбекистон судлари амалиётларида ҳам кўп бўлган. Қорақалпоғистон
Республикасининг Хўжайли тумани суди 1982 йили Амин Қулимбетовни
диний китоблар сотганлиги учун уч йилга озодлик ҳуқуқидан маҳрум қилган.
Туман халқ судининг ҳукмидан кўчирма архивда сақланган. Бундай
ҳужжатлар бошқа вилоятларда ҳам учрайди.

Наманган вилояти бўйича Республика диний ишлари бўйича кенгаш
вакилининг 1983 йил 2 февралда ёзган хатида кўрсатилишича, 1982 йилда 6
та руҳоний жиноий жавобгарликка тортилган. Битта вилоятда шунча
руҳонийнинг жазоланиши шундан далолат берадики, руҳонийларни қамаш ва
шу йўл билан уларни диний эътиқодидан безитиш, қувғин қилиш кучайган.

Архив ҳужжатлари шуни кўрсатадики, 1943 йили Совет ҳукумати
масжидлар очишга рухсат бергандан кейин, очилган масжидлар оз
бўлганлиги, диндорлар эҳтиёжини тўла қондирмаганлиги учун норасмий,
совет органларининг ижозатисиз очилган масжид ва диний арбоблар вужудга
келди. Совет органлари ўша вақтдан бошлаб уларга қарши кураш бошлаган.
Республика вилоятлари кенгашлари вакиллари СССР Диний ишлар бўйича
кенгаш кўрсатмаси билан норасмий масжидларда ибодатни бошқарган,
диний маросимларни амалга оширган муллаларга солиқ солишни, маҳаллий
ҳокимият органлари ёрдамида норасмий масжидларни ёпишни ташкил
қилган. Бу кўрилган чораларга қарамай, ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича,
маҳаллий аҳоли томонидан масжидларга эҳтиёж бўлганлиги сабабли улар
очилган, яширин фаолият кўрсатган.

Диний арбобларни диний ишлардан безитиш мақсадида совет
органлари ҳар ҳил баҳоналар билан уларга маъмурий чоралар кўрди, ҳаттоки
жиноий жавобгарликка ҳам тортдилар. Совет органлари норасмий
масжидларни, диний арбобларни тугатиш мақсадида Диний назоратга
чекланган даражада қўшимча расмий масжидлар ва аҳолининг диний
маросимларини бажарадиган диний арбобларни тайинлашга рухсат берди.

47

Кўрилган чоралар норасмий масжидлар ва норасмий муллалар сонини
камайтирди, лекин бутунлай тугата олмади.

Таянч сўз ва иборалар: Диний ишлар бўйича кенгаш, норасмий
масжид, диний арбоблар, диний маросимлар, даромад солиғи, маданий ва
маърифий ташкилотлар.

Савол ва топшириқлар
1. Мавжуд қонун-қоидаларга мувофиқ, масжидлар фаолиятини юритиш
учун қандай муаммолар юзага келган?
2. СССР Диний ишлар бўйича кенгаш вакили вилоятдаги диний ҳаракат
аҳволини синчиклаб ўрганиб, масжидни рўйхатга олиш тўғрисидаги аризани
кўриб чиқишда қандай чораларни кўрган?
3. СССР Диний ишлар бўйича кенгаш 1947 йил 16 январда Диний ишлар
бўйича кенгашнинг Ўзбекистон бўйича вакилига берилган кўрсатмани
моҳияти ва мазмунини тушунтириб беринг?
4. Ўзбекистон Олий Совети Президиуми 1961 йил 30 май қонуни билан
ЎзССР Жиноят кодексига «Диний маросимларни бажариш ниқоби остида
фуқаролар шахсига ва ҳуқуқига суиқасд қилиш» номли моддани киритишдан
кўзланган мақсадини гапириб беринг?

5.1965 йил апрелдаги Ўзбекистон Олий Совет Президиумининг «Диний
жамоа қатнашчиларига нисбатан жиноий ишларни текшириш ва кўриш
амалиёти тўғрисида»ги қарори лойиҳасига мувофиқ нима учун диндорлар
жазоланган?

6. СССР Диний ишлар бўйича кенгаши норасмий фаолият юритган
диний уламоларга қандай жазо турларини қўллаган?

48

ИККИНЧИ БЎЛИМ
ДИНИЙ МАРОСИМЛАР ВА УРФ-ОДАТЛАР
2.1. Совет ҳукуматининг Рамазон ва Қурбон ҳайитларига салбий

муносабати

Ўзбек халқининг маънавий ҳаётида диний байрамлар, маросим ва урф-
одатлар муҳим аҳамият касб этади. Диний маросимлар диний тасаввурлар ва
ғояларни ифода этувчи, жамоа бўлиб бажариладиган рамзий хатти-
ҳаракатлардир. Диний маросимлар динга сиғинишнинг таркибий қисми
ҳисобланади. Аслида кўпгина диний маросимлар халқимиз томонидан
исломгача ижод қилинган. Улар халқ орасида асрлар давомида шаклланган,
умуминсоний қадриятларга айланган одатлар. Бу миллий маросимларга
мусулмон диний арбоблари диний мазмун бериб, исломга мослаштириб
олганлар.

Ўзбек халқининг диний маросимлари кишиларнинг ўзаро
муносабатларидаги яхши фазилатларни, миллий, умумбашарий қадриятларни
акс эттиради, аҳоли ўртасида меҳр-оқибат ва мурувватни
барқарорлаштиради. Бу маросимлар халқ манфаати учун хизмат қилади.
Қадим замонлардан бери халқ томонидан авайлаб сақланиб келинаётган
диний урф-одатлар маросимларнинг айримлари Рамазон ва Қурбон
ҳайитлари, муқаддас жойларни зиёрат қилиш, никоҳ ва никоҳ тўйи, хатна
тўйи, ҳаётдан кўз юмганларнинг хотирасини ёд этиш, жаноза ва бошқалар.
Бу байрам, тўй ва бошқа маросимлар халқимиз томонидан сақланиб
келинмоқда ва жамоатчилик иштирокида ўтказилмоқда.

49

Исломга хос маросимлар, урф-одатлар халқимиз ҳаётига сингиб кетган
ва халқнинг турмуш тарзига айланиб қолган. Жумладан, Рамазон ва Қурбон
ҳайитлари мусулмонларнинг анъанавий байрамлари ҳисобланади. Бу
байрамларда кишилар қариндош-уруғларидан, кексалардан, касаллардан
хабар олишган, урушганлар ярашган. Диний байрамлар фуқароларни бир-
бирига яқинлаштирган, бирлигини мустаҳкамлаган. Бу шодиёна байрамларни
каттаю-кичик сабрсизлик билан кутган. Халқимиз бу ҳайитларни ишламай,
байрамона кийиниб, дам олиб, ўйин-кулги билан ўтказган. Совет даврида бу
байрамларни нишонлаш ман этилган эди. Ҳайит кунлари Совет идоралари,
корхоналар, хўжаликларда иш куни бекор қилинмаган, дам олиш, байрам
қилишга рухсат берилмаган.

1944 йилда Иттифоқ диний ишлар бўйича кенгаш рухсат бериб очилган
масжидларда ҳайит намозлари ўқилган. Бухоро вилояти диний ишлар бўйича
кенгаш вакилининг 1944 йил 14 октябрда Республика диний ишлар бўйича
кенгаш вакили И. Ибодовга ёзган ахборотида қуйидагилар кўрсатилган:
«Рамазон ҳайити байрами вақтида Бухоро шаҳридаги «Хўжа Зайниддин»
масжидида 4,8 минг сўм (атиги 4786 сўм) йиғилди. Рамазон ҳайити куни
вилоят бўйича ҳаммаси бўлиб 15 минг сўм йиғилди. Бу пуллар Тошкентга,
Диний бошқарма счётига ўтказилди». Расмий фаолият кўрсатган
масжидларда намоз ўқишга рухсат берилган, лекин бошқа масжидларда
намоз ўқиш, Рамазон вақтида таровиҳ намозини ўқиш, хатми-Қуръон
ўтказиш ман этилган эди. Масалан, Ғиждувон шаҳридаги «Сари Мозор»
масжидида рўза вақтида хатми-Қуръон ўтказилаётган эди. Қуръон
ўқилишининг бешинчи куни Ғиждувон райони ижроия комитети раиси
диндорларни масжиддан ҳайдаб юборган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Марказий давлат
архивида сақланаётган ҳужжатлар Совет ҳукумати Рамазон ва Қурбон
ҳайитларини байрам қилишни чеклаганлигини кўрсатади. Ўрта Осиё ва
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси жойлардаги масжид имом ва
хатиблари Ўзбекистон Халқ Комиссарлар Совети (1946 йилдан Министрлар

50


Click to View FlipBook Version