The words you are searching are inside this book. To get more targeted content, please make full-text search by clicking here.

ЎЗБЕКИСТОНДА МУСУЛМОН ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА УЛАМОЛАРИ ФАОЛИЯТИ

Discover the best professional documents and content resources in AnyFlip Document Base.
Search
Published by mansurbek.0888, 2022-02-24 03:18:58

ЎЗБЕКИСТОНДА МУСУЛМОН ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА УЛАМОЛАРИ ФАОЛИЯТИ

ЎЗБЕКИСТОНДА МУСУЛМОН ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА УЛАМОЛАРИ ФАОЛИЯТИ

Совети) қошидаги Диний ишлар бўйича кенгаш вакили ва вилоят ижроия
қўмиталари вилоят диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг назорати ва
кўрсатмаси билан иш олиб борган. Бу органларнинг барча кўрсатмаларини
сўзсиз бажарган. Диний ташкилотлар ҳукуматнинг диний ишлар бўйича
қарорларида аниқ кўрсатилган тадбирини Диний ишлар бўйича кенгаш
вакили билан келишиб амалга оширган.

Наманган вилояти диний ишлар бўйича кенгаш вакили Мусахонов
республика диний ишлар бўйича кенгаш вакили Искандаровга 1946 йил 20
декабрда юборган ахборотида Қурбон ҳайити қандай ўтказилганлиги
тўғрисида қуйидагича хабар берган: «…Область партия комитетининг
секретари ўртоқ Алимов кўрсатмаси, маҳаллий партия ташкилотларнинг
кўмаги билан дин бошлиқлари ўз диндорлари ўртасида қурбонлик қилиш
суннат, шарт эмаслигини беш йиллик режа даврида ҳайвонлар сонини
камайтирмаслик мақсадида қурбонлик қилмаслик ҳам мумкинлигини
тушунтирдилар. Дин бошлиқларининг Қурбон ҳайитини фақат давлат ижозат
берган жойларда ўтказиш ва рухсат берилмаган жойларда жамоа ташкил
қилмаслик ҳақида ўз йўллари билан ташвиқот ўтказишлари орқали бизнинг
областда 1945 йилга қараганда бу йилги Қурбон байрами анчагина тартибли
ўтказилди. Ҳайит намози 4 та ижозат этилган масжидларда ташкил этилиб,
18 ёшдан юқори 6000 дан ортиқроқ одам намозда иштирок этди. Қурбонлик
баҳонаси билан ҳайвон сўйиш оммавий бўлмаса-да, айрим жойларда маҳфий
равишда одамлар томонидан ҳайвонлар сўйилди».

Ҳужжатдан кўриниб турибдики, вилоят диний ишлар бўйича кенгаш
вакили вилоят партия ва Совет органларидан ҳайит намозини қандай ўтказиш
тўғрисида йўл-йўриқ олиб, ўз навбатида масжид раҳбарларига диндорларга
қурбонлик қилмасликни тушунтиришни, масжиддан ташқари жойларда
ҳайит намози ташкил қилмаслик тўғрисида кўрсатма берган. Масжидларнинг
имом ва хатиблари шу кўрсатма бўйича ҳайит намозини ташкил қилган.

51

Ҳар йили Рамазон ойида мусулмонлар бир ой рўза тутиши фарз, яъни
Қуръонда кўрсатилган. Рўза тугагандан кейин Шаввал ойининг биринчи куни
Рамазон ҳайити бўлади. Ҳайит куни эрталаб ҳайит намози ўқилади.

Рамазон ойида рўза вақтида масжидда кечки намоз – таровиҳ жамоа
бўлиб ўқилади. Таровиҳ давомида хатми-Қуръон қилинади, яъни 30 пора
Қуръон ҳар куни бир порадан ўқилади. Диний назорат ҳар йили масжид
хатиблари ва ижроия органи раисига ҳайитни ўтказиш куни ва тартиби
тўғрисида фармойиш берарди. Диний назорат Совет органларининг тазйиқи
билан ҳайитларни ўтказишни чеклашга қаратилган фатволар – диний
жамоалар, мусулмонлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ҳукмлар
чиқарган. Диний назорат ҳайъати 1944 йил 20 октябрда Қурбон ҳайитида
қурбонлик қилиш шарт эмас, деган мазмундаги қарор қабул қилган. Бу қарор
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг 1947 йил 20
январдаги II пленумида тасдиқланди. Пленум қарорида шундай дейилган:
«Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг 1944 йил
20 октябрдаги «Қурбонлик тўғрисидаги қарорини тўғри деб ҳисоблайди ва
қурбонлик қилишни суннат (шарт бўлмаган) эканлигини тасдиқлайди.
Пленум расмий масжидларнинг имом, хатиб ва бошқа диний лавозимдаги
кишиларига диндорлар орасида юқорида кўрсатилган қарорни ва қурбонлик
қилишни мажбурий бўлмаганлигини тушунтиришни топширади». Диний
назоратнинг қурбонлик қилиш шарт эмаслиги тўғрисидаги қарори ҳар йили
Қурбон ҳайити арафасида ўқиладиган жума намозларида ва ҳайит
намозидаги хатибнинг маърузасида диндорларга такрор-такрор гапирилган.

Диний назоратнинг 1948 йил 29 сентябрда жума масжид хатибларига
ва ижроия органлари раисларига юборган фармойишида ўтказиладиган
Қурбон ҳайити шу йил 14 октябрь пайшанба куни бўлиши ва ҳайит намози
вақтида йиғилганларга пахта режасини ўз вақтида бажариш ва давлатга
топшириш зарурлигини тушунтириш кераклиги уқтирилади. Фармойишда
кўрсатиладики: «Диний бошқармага маълум бўлишича, Рамазон ҳайитида
йиғилган ихтиёрий иона (хайр-эҳсон) баъзи бир сабабларга кўра жойларда

52

қолиб кетди, белгиланган мақсадларга сарфланмади. Бу иш кейинчалик
такрорланмаслиги керак. Қурбон ҳайитида йиғиладиган ихтиёрий ионалар
ушланмасдан Диний бошқарма жорий счётига ўтказилиши лозим. Йиғилган
хайр-эҳсон мусулмонларнинг муқаддас даргоҳи ҳисобланган мадрасанинг
фаолияти учун сарфланади».

Наманган вилояти диний ишлар бўйича кенгаш вакилига 1946 йил 26
сентябрда ёзилган ахборотда Рамазон ҳайити намозини адо этиш вақтида
йиғилган ионалар тўғрисида шундай хабар берилган: «Тасдиқ қилинган
областдаги 4 та масжид бўйича мусулмон диндорлар ихтиёрий равишда
Рамазон ҳайитига бағишлаб 69925 сўм пул тўпладилар. Кўрсатилган пулдан
20000 сўм мадрасаларни таъмирлаш учун Диний назорат ихтиёрига
юборилиб, қолган суммани 4 та масжидни таъмирлаш учун диний жамоа
бошлиқлари ўз қўлларида сақлаб турадилар».

Масжидлар ташкил қилинган дастлабки 1944-1947 йилларда, Рамазон
ва Қурбон ҳайити намозларида тўпланган ионалар асосан масжидларнинг
кам-кўстларига сарфланди. 1948 йилдан бошлаб Диний назорат бу масала
бўйича аниқ кўрсатмалар бера бошлади ва байрамларда йиғилган
ионаларнинг ҳаммаси Диний назоратга юбориладиган бўлди.

1950-1952 йиллардаги Рамазон ҳайитида масжидга қатнаган диндорлар
сони ортиб борганлигини Тошкент шаҳри ва вилояти бўйича берилган
маълумотлар тасдиқлайди. Тошкент шаҳри ва вилоятида 37та расман
фаолият кўрсатаётган масжидларда Рамазон байрамида ҳайит намози
ўқилган. Бу ҳайит намозида 1950 йилда 47,2 минг 1951 йилда 65,7 минг ва
1952 йилда 67,4 минг диндорлар қатнашганлар. 1950-1952 йилларда рўза ва
байрам вақтида тўпланган пуллар миқдори 113326 сўмдан 138357 сўмгача
кўпайди. Бу маълумотлар Рамазон ҳайити намозида қатнашганлар сони ҳам,
йиғилган маблағ миқдори ҳам ортганлигидан гувоҳлик беради. Бу далиллар
ўша даврда ҳали ислом дини давлат томонидан ўта қаттиқ сиқувга, тазйиқка
олинмаганлигини кўрсатади.

53

Диний назорат раиси муфтий Эшон Бобохон расман рухсат этилган
масжидларга юборилган фармойишида рўза ва Рамазон ҳайити тўғрисида
шундай кўрсатма берган: «Шариат ҳеч кимни худо учун қурби етмайдиган
ибодат қилишга мажбур қилмайди. Кимки яшаш учун моддий бойлик топиш
жараёнида худога ибодат қилишга зиён етказса – бу гуноҳ эмас, яъни у гуноҳ
иш қилмади. Масалан, рўза тутиш, рамазон ойи йиғим-терим ва жазирама
иссиқ даврга тўғри келса, шариат рўза тутишга мажбур қилмайди, яъни у
рўза тутмаслиги мумкин. Шунингдек, таровиҳ намозини меҳнаткашлар бир
ўзи уйда бажариши мумкин ва 20 марта сажда қилиши шарт эмас. Кимки
имконияти бўлса, рўзанинг ўрнига фитр садақа, моддий ҳадя бериши
мумкин.

Ўз вақтида барча масжидларга бу тўғрисида йўриқнома
юборилганлигини сизга эслатиб, уларга риоя қилишингизни ва масжидларда
аҳолига рўзани адо этишда ва таровиҳ намозини ўқишда юқорида
кўрсатилган умумий қоидадан четга чиқиш мумкинлигини тушунтиришни
таклиф қиламиз.

Рўза вақтида хатми-Қуръон ўтказиш кўпчилик ҳуқуқшуносларнинг
тасдиқлашига кўра маъқул, лекин шарт эмас. Мабодо у адо этиладиган бўлса,
ҳақ тўланмасдан ва масжид ходими томонидан амалга оширилади».

Диний назоратнинг бу кўрсатмаси рўза, таровиҳ ва хатми-Қуръонни
чеклашга қаратилган. Бу кўрсатма совет органларининг талаби ва тазйиқи
билан тайёрланган ва масжидларга бажариш учун юборилган. Худди шу
мазмундаги кўрсатмалар кейинги йилларда ҳам масжидларга жўнатилган.

Диний назоратнинг диний маросимларини чеклашга қаратилган
кўрсатмаларига қарамай, диндорларни ҳайит намозида ва таровиҳ, хатми-
Қуръонда иштирок этиши йилдан-йилга ортиб борди. Бухоро вилояти диний
ишлар бўйича кенгаш вакилининг ахборотида кўрсатилишича, 1956 йил 12
майдаги Рамазон ҳайити намозида Бухоро шаҳридаги «Хўжа Зайнуддин»
масжидида 4200-4500 киши қатнашган. 1955 йилда эса 3200 қатнашган эди.
Шунга мос равишда «Хўжа Таббот» масжидида 2000-2900 киши ва 1650

54

киши, «Тачбанд Бофон» масжидида 500 киши ва 350 киши. Фактлар кўрсатиб
турибдики, Рамазон ҳайити намозида қатнашганлар сони 1956 йилда 1955
йилга нисбатан анча ортган. Ҳайит намозида йиғилган ионалар миқдори ҳам
кўпайган. «Хўжа Зайниддин» масжидида Рамазон ҳайити намозида
тўпланган иона (хайр-эҳсон)лар 1955 йилда 5242 сўм бўлган бўлса, 1956
йилда у 6654 сўмни ташкил қилди. 1956 йилда ҳайит намозида «Хўжа-
Таббот» масжидида 5156 сўм «Тачбанд-Бофон» масжидида 3500 сўм
тўпланди. Тўпланган пуллар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний
бошқармаси ҳисобига ўтказилган.

Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг 1961 йил 10
январдаги Республика Компартияси Марказий Комитетига ва Министрлар
Советига берган маълумотномасида кўрсатилишича, Рўза ва Қурбон
ҳайитларида Ўзбекистон масжидларида 1957 йилда 2466 минг сўм, 1958
йилда 2997 минг сўм, 1959 йилда 2470 минг сўм, 1960 йилда 1260 минг сўм
йиғилган ва Диний назорат счётига ўтказилган. Келтирилган маълумотлардан
кўриниб турибдики, 1960 йилда ҳайитларда йиғилган ионалар 1959
йилдагига нисбатан икки баробар камайган.

Давлат ва партия органлари диний ташкилотлар даромадини
камайтиришга ҳаракат қилган. Шу мақсадда республика диний ишлар бўйича
кенгаш вакили Диний ташкилотларга ҳайит намози қатнашчилари фитр-
садақани масжидда ўрнатилган яшикларга ташлаши ва намозга келганлардан
халта тутиб пул йиғиш, шунингдек, маҳалла ва колхозларда яшовчи
оилалардан пул йиғиш ман этилган. Бу тартиб, яъни рўза қурбонлик
ҳайитларида фитр садақани яшикка ташлаш одати аввал бўлмаган ва
диндорлар бунга ўрганмаган эди.

Шунинг учун 1960 йили пул оз йиғилган. Партия, совет органлари шу
йўл билан диний ташкилотларнинг моддий базасини заифлаштиришга ва
ислом динининг обрўсини ва халққа таъсирини камайтиришга ҳаракат қилди.

Совет ва партия органларининг динга қарши курашни 1960 йилдан
бошлаб кучайтирганлигининг сабаби бор. 1960 йил 13 январда КПСС

55

Марказий Комитети «Диний маросимлар тўғрисидаги Совет қонунларининг
диний арбоблар томонидан бузилишини тугатиш бўйича тадбирлар
тўғрисида» қарор қабул қилди. Бу қарор асосида ЎзКомпартияси МК ҳам
қарор қабул қилди. Бу қарорлардаги кўрсатмаларга биноан вилоят, шаҳар,
район партия ва совет органлари динга қарши қатъий кураш бошлади. Диний
ташкилотлар ҳуқуқларини чеклаш, маҳаллий аҳолига таъсирини камайтириш
мақсадида Советлар исломга қарши тадбирлар амалга оширдилар. Жумладан,
айрим масжидларни ёпдилар, диний ташкилотлар штатини кескин
қисқартирдилар, уларнинг моддий базасини камайтирдилар. Советларнинг
диний ташкилотларни заифлаштиришга қаратилган чоралари Рамазон ва
Қурбон ҳайит намозларида қатнашувчилар сонининг камайиши ва
йиғиладиган пуллар миқдорининг озайишига олиб келди.

Ўзбекистон диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг 1962 йил
сентябрда ёзилган республикадаги диний аҳвол тўғрисидаги
маълумотномасида шундай дейилган: «Агар 1960 йилда республиканинг
рўйхатдан ўтган масжидларида Қурбон ҳайити намозида 140700 киши, 1961
йилда 111713 киши қатнашган бўлса, 1962 йилда 100628 киши қатнашди,
яъни ҳайит намозида иштирок этганлар сони 1960 йилга нисбатан 40 минг
кишига кам бўлган». Мана шу ҳужжатдаги маълумотга кўра, республика
масжидларида Қурбон ҳайити намозида қатнашганлардан йиғилган ионалар
1960 йилда 299646 сўмни (эски масштабда) 1961 йилда 17353 сўм (янги
масштабда) ва 1962 йилда 15761 сўмни ташкил қилган. Ҳужжатда
келтирилган далиллар шуни кўрсатадики, ҳайит намозида қатнашган
кишилар сони ҳам, улардан йиғилган пуллар миқдори ҳам анчагина
камайган.

Бунинг асосий сабаби совет идораларининг ислом динини чеклаш
бўйича амалга оширган кескин чоралари бўлди. Республика вилоятларининг
ҳар бирида 1-3 тадан масжидлар ёпилган эди. 1960-1962 йилларда Тошкент
шаҳрида 2 та, вилоятида 3 та, Андижон вилоятида 2 та масжид беркитилган
эди. Бошқа вилоятларда ҳам шундай ҳолат юз берган. Республикадаги бу

56

вазият ҳайит намози ўқиладиган масжидларнинг камайиши, ҳайит намози
иштирокчилари сонининг озайишига олиб келди. Ҳайит намозида
қатнашганларнинг озайиши ва бунинг устига намоз ўқишга йиғилганлар
орасидан юриб, халта тутиб пул йиғиш ўрнига масжидга муҳрланган яшик
ўрнатилганлиги ҳайит намозида йиғилган пул миқдорининг камайишига
олиб келди.

Олинган далиллар 1960-1962 йилларда ўтказилган Рамазон ҳайитида
ҳам республика масжидларида ҳайит намозида қатнашганлар сони ва
йиғилган пуллар миқдори камайганлигини кўрсатади. Юқоридаги ҳужжатда
берилган маълумотларга кўра, 1960-1962 йилларда Рамазон ҳайитида
Ўзбекистон бўйича ҳайит намозида иштирок этганлар сони 158 минг
кишидан 123 минг кишига озайган, 1961-1962 йилларда ҳайит намозида
масжидларда тўпланган пуллар 68 минг сўмдан 52 минг сўмга камайган.

Ҳайит намозларида қатнашганларнинг камайиши, масжидларда ҳайит
намозида йиғилган пулларнинг озайиши диний ташкилотлар моддий
базасини заифлаштириб, уларнинг маънавий соҳада амалга оширадиган
фаолиятига салбий таъсир кўрсатган. Ҳайит намози вақтида масжиднинг
хатиби йиғилганларга кўпроқ умуминсоний, миллий қадриятлар тўғрисида,
яъни инсонларни ҳалол, пок бўлиш, бировнинг ҳақига ҳиёнат қилмаслик, ота-
онани, катталарни ҳурматлаш, бировларга яхшилик қилиш, камбағал, етим-
есирларга ёрдам бериш, меҳр ва мурувватли бўлиш, ҳайитларда қариндош
уруғлардан, касаллардан хабар олиш, инсонпарвар бўлиш тўғрисида ваъз-
насиҳатлар қилган. Советларнинг исломни, жумладан, ҳайит намозини
чеклаши уламоларнинг халқ маънавиятини ўстиришдаги, ёшларга одоб-ахлоқ
ўргатиш соҳасидаги фаолиятини ҳам чеклади.

1966-1971 йилларда давлат рухсат берган масжидларда қурбон ҳайити
намозида қатнашганлардан тушган иона миқдори йилдан-йилга ортиб борди.
Ҳайит намозида тўпланган пулларни умумлаштириб кўрсатадиган бўлсак,
1966 йилда 36 минг сўмни, 1967 йилда 42 минг сўмни, 1968 йилда 43,6 минг
сўмни, 1969 йилда 38,4 минг сўмни, 1970 йилда 51,3 минг сўмни, 1971 йилда

57

54,7 минг сўмни тўплаган эди. Энг кўп пул йиғилган вилоятлар Тошкент
вилояти (10000 сўм ) ва Андижон вилояти (5 минг сўм ) эди.

Бухоро вилояти диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг ахборотида
кўрсатиладики, 1981 йилда партия, совет маъмурий органларни рўза
бошланганлигидан ҳабардор қилиб, аҳоли орасида атеистик ишларни
кучайтириш ва ёшларни диний маросимларда қатнашишдан чалғитадиган
тадбирлар ўтказишини сўраганлиги айтиб ўтилади. Шунингдек, кенгаш
вакили ҳукумат рухсати билан очилган масжидлар ходимлари билан мажлис
ўтказиб диний ишлар тўғрисидаги қонунларни бузмасликка чақирган.
Масжидлардан ташқарида фитр-садақа йиғиш таъқиқланганлигини, таровиҳ
намози расман рухсат берилган масжидларда ўтказилиши шарт эканлиги
уқтирилган.

Ахборотда кўрсатилишича, Рамазон ҳайитида аҳоли орасида диний
маросимларни ҳаётга тадбиқ қилиш анча жонланган. Бухоро ва Ғиждувон
шаҳарларидаги ибодат қилиш учун расман рухсат олган масжидларда
таровиҳ намози ўқилган ва Диний назоратнинг рухсати билан Бухоро
шаҳридаги «Хожа Таббот» ва «Тачбанд-Бафон» масжидларида хатми-Қуръон
ўқилган.

Рамазон ойида Бухоро ва Ғиждувон шаҳарларида расмий
масжидларнинг имомлари иштирокида 101 хонадонда ифторлик ўтказилган.
Рўза бошланиши билан диний арбоблар аҳоли орасида ташвиқот ишларини
кучайтирган. Масжид имомлари мусулмонларни рамазон ойида барчани рўза
тутишга ва фитр-садақа беришга даъват этган.

Ахборотда имомларнинг рамазон ойида жума намозларида қилган
маърузаларидан парчалар келтирилган. Имомларнинг ваъзларида рўза ойида
одам ҳақорат сўзларни айтишдан, фитнадан, чақимчиликдан, ёмон ишлардан
ўзини тийиши, покиза бўлиши, озода, тоза кийимлар кийиб юриши, етим-
есирлардан, ота-она ва қариндош-уруғлардан ҳабар олиши лозимлигини ва
худо шундай одамларни яхши кўришини уқтирган.

58

Бухоро ва Ғиждувон шаҳарларидаги тўртта рўйхатдан ўтган
масжидларда ҳайит намози қандай ўтганлиги батафсил баён этилган. Рамазон
ҳайити намозида 4 та масжид бўйича 2640 нафар одам иштирок этган.
Рамазон ойида ва ҳайит намози вақтида йиғилган маблағ 1981 йилда 11891
сўм, 1982 йилда 13183 сўмни ташкил қилган бўлса, 1983 йилда 11061 сўмни
ташкил қилган, бундан фитр-садақа 2249 сўм, ҳайит намози вақтида тушган
маблағ 7948 сўм эди.

Ахборотларга, одатда рўза ва ҳайитларнинг ўтиши тўғрисида статистик
маълумотлар илова қилинган. Бухоро вилояти диний ишлар бўйича кенгаш
вакилининг ахборотига ҳам рўза ва Рамазон ҳайитининг 1983 йилда ўтиши
ҳақида статистик маълумотлар илова қилинган. Ўша маълумотдаги биринчи
жадвалда Бухоронинг 4 та масжидида 1981-1983 йилларда рўза кунларининг
бирида жума намозида ва таровиҳ намозида қатнашганлар сони ва 1981-1983
йилларда рўза вақтида ва ҳайит намозида тушган маблағлар, ҳайит намозида
иштирок этганлар сони кўрсатилган. Иккинчи жадвалда рухсат берилмаган
жойларда ўқилган ҳайит намозлари ҳақида маълумот берилган.

Бухоро вилоятида ҳайит намози 4 та рухсат берилган масжидлардан
ташқари, 10 та мозорларда ҳам бўлиб ўтган. Жумладан, Когон районининг
Когон совхозидаги Қўш Кон мозорида, Қоракўл райони марказидаги Қобул-
ота мозорида, Шофиркон райони марказидаги Хожа Ориф мозорида ва бошқа
жойларда рухсатсиз ҳайит намози ўқилган. Рухсат берилган масжидлардаги
ҳайит намозида ўртача 650 нафар одам иштирок этган бўлса, норасмий
жойларда ҳайит намозларида 20 нафардан 100 нафаргача одам қатнашган.

Шунга ўхшаш ахборотлар Ўзбекистон Республикаси диний ишлар
бўйича кенгаш вакилига барча вилоятлардан юборилган. Бу ҳужжатларни
умумлаштириб, республика кенгаш вакили Ўзбекистон Компартияси
Марказий Комитетига, Министрлар Советига ва Москвага – СССР Диний
ишлар бўйича кенгашга рўза ва Рамазон ҳайити республикада қандай
ўтганлиги ҳақида ахборот берган. Шундай ахборотлар ҳар йили йиғилган,
умумлаштирилган ва юқори органларга етказилган.

59

Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакили 1984 йил 20 июлда
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига рўза ва Рамазон ҳайитининг
республикада ўтказилиши ҳақида ахборот йўллаган. Унда район, шаҳар
ижроия комитетлари қошидаги диний маросимлар тўғрисидаги қонунларга
риоя қилишни назорат қилишга кўмаклашиш комиссияси аъзолари билан
семинар ўтказилганлиги ва улар Рамазон ҳайити арафасидаги ҳолатни,
муқаддас жойларнинг аҳволини ўрганганлиги ва аҳоли орасида диний
маросимлар тўғрисидаги қонунларни бузмасликни тушунтириш ишлари олиб
борганлиги кўрсатилган. Вилоят кенгаши вакиллари масжид ходимлари,
унинг ижроия органи аъзолари билан мажлислар ўтказиб, масжид ҳудудини
тартибга солиш, тозаликка риоя қилиш, санитария аҳволини яхшилаш,
радио-трансляция қурилмаларидан фойдаланишни чеклаш, ноқонуний
маблағ йиғишга йўл қўймаслик, диний маросимлар тўғрисидаги қонунларга
қатъий риоя қилиш ҳақида йўл йўриқ берган.

Республика Диний ишлар бўйича кенгаш вакили кўрсатмасига биноан
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси рўйхатга
олинган масжид имом-хатиблари орқали илгари эълон қилинган рўза тутиш
тартиби тўғрисидаги фатвони, ҳайит ва таровиҳ намозларида ёш болаларнинг
иштирок этиши мумкин эмаслиги, айрим табақа одамлар учун рўза тутиш
шарт эмаслиги, норасмий диний арбоблар томонидан намоз ўқишни
бошқариш, маблағ йиғиш қонунга хилоф эканлиги диндорларга
тушунтирилган.

Ахборотда кўрилган чора-тадбирларга қарамай, рўза ва Рамазон ҳайити
диний ташкилотлар фаолиятининг жонланишига таъсир кўрсатганлиги қайд
қилинган. Бир қанча вилоятларда масжид имоми ва бошқа ходимлари
иштирокида ўтказилган ифторликлар миқдори кўпайганлиги қайд этилган.
Самарқанд вилоятида расмий масжидлар хизматчилари қатнашган 250 та
ифторлик бўлган.

Тошкент вилоятида тўла бўлмаган маълумотга кўра 1625 та, Тошкент
шаҳрида 865 та хонадонда ифторлик бўлгани, имом иштирокида таровиҳ

60

намози ўқилгани ва уларда 15 тадан 100 тагача одам иштирок этганлиги
кўрсатилган.

Ахборотда республикадаги 82 та расмий масжидларда Рамазон ҳайити
намозида 1983-1984 йилларда иштирок этганлар сони ва тушган маблағлар
миқдори ҳақида статистик маълумотлар келтирилган. Республиканинг
қонуний масжидларида бўлиб ўтган ҳайит намозларида 1983 йилда 176050
киши, 1984 йилда 170310 киши иштирок этган. 30 кун рўзада ва ҳайит
намозида тушган пуллар 1983 йилда 663050 сўмни, 1984 йилда – 640630
сўмни ташкил қилган. Республика бўйича ҳайит намозида иштирок этганлар
камайгани ҳолда, 6 та вилоятда, жумладан Андижон, Қашқадарё, Наманган,
Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона вилоятларида ҳайит намози ўқиганлар сони
ортган.

Ҳайит намози расмий масжидлар бўлмаган айрим шаҳар ва районларда
норасмий диний арбоблар томонидан ташкил қилинган. Самарқанд
вилоятида мана шундай намоз 20 жойда ўтказилган ва 3500 киши иштирок
этган, Бухоро вилоятида - 12 та жойда 350 киши иштирокида, Навоий
вилоятининг Нурота райони марказида 1000 киши иштирокида ҳайит намози
ўқилган. Қорақалпоғистон АССРда ва Қашқадарё вилоятида муқаддас
жойларга зиёрат қилиш анча кучайганлиги қайд қилинган.

Худди шундай ҳужжатлар, Диний назоратнинг масжидларга
кўрсатмалари вилоят диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг, Республика
диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг ахборотлари қурбон ҳайити бўйича
ҳам ёзилган.

1983 йил 18 сентябрда республиканинг барча расмий масжидларида
Қурбон ҳайити белгиланди ва ҳайит намози ўқилди. Республика
масжидларида Диний назоратнинг 1982 йилда эълон қилган Қурбон ҳайити
тўғрисидаги фатвосини аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Масжидларнинг имом-хатиблари қавмлари орасида қурбонлик қилиш
шариатга ва давлатнинг иқтисодий сиёсатига тўғри келмаслигини ва ҳайвон
сўйиб, қурбонлик қилишни қисқартиришга даъват этган.

61

Расмий масжидларда ўтказилган ҳайит намозларида Тошкент шаҳрида
55100 киши қатнашган, 49400 сўм тушган, Тошкент вилоятида шунга
мувофиқ 22300 ва 25737, Фарғона вилоятида 19800 ва 15631, Самарқанд
вилоятида 12975 ва 19260, Андижон вилоятида 12400 ва 8256, Наманган
вилоятида 11600 киши иштирок этган ва 11991 сўм йиғилган. Қурбон ҳайити
кунлари Наманган вилоятида 930 та, Тошкент вилоятида 489 та, Бухоро
вилоятида 196 та, Тошкент шаҳрида 172 та, Кашқадарёда 170 та, Жиззахда
130 та, Сурхондарёда 90 та, Андижон вилоятида 81 ҳайвон сўйилиб,
қурбонлик қилинган.

Ўзбекистон диний ишлар бўйича кенгаш вакили вилоят кенгаш
вакилларидан келган ахборотлардаги маълумотларни умумлаштириб,
Республика ҳудудида Қурбон ҳайитининг белгиланиши тўғрисида 1983 йил
13 октябрида Ўзбекистон ССР Министрлар Советига ахборот юборган.
Республиканинг расмий масжидларида 156190 киши ҳайит намозида
қатнашган. 1982 йилга нисбатан 1983 йилда ҳайит намози ўқиганлар сони
16000 кишига кўпайган. Ҳайит намозида тушган пуллар миқдори 157575
сўмни ташкил этган. Қурбонлик қилиш мақсадида 2349 та ҳайвон сўйилган.
1982 йилга нисбатан 50 бош кўп ҳайвон қурбонлик қилинган.

Республиканинг барча вилоятларида расмий масжидлар йўқ жойларда
мозорларда Қурбон ҳайити намози бўлиб ўтган. Фарғона вилоятида ўшандай
20 жойда ҳайит намози ўқилган ва 2500 нафардан ортиқ одам қатнашган.
Самарқанд вилоятида 18 жойда 2500 киши иштирокида, Сурхондарёда 6
жойда 2000 киши иштирокида рухсат берилмаган жойларда ҳайит намози
ўқилган. Бу ҳолат шундан далолат берадики, намоз ўқиш, айниқса жума ва
ҳайит намозларида қатнашиш зарурлиги халқимиз онгига, қалбига сингиб
кетганлигини кўрсатади. Рўзани ва Рамазон, Қурбон ҳайитларини совет
органлари томонидан ҳар қанча чекланишига қарамай, ўзбек халқи бу
маросимларни адо эта берган.

Республика ҳукумати ҳузуридаги диний ишлар бўйича кенгаш вакили
1985 йил 4 июлда Ўзбекистон ССР Министрлар Советига рўза ва Рамазон

62

ҳайити қандай ўтганлиги тўғрисидаги ахборотида рўза арафасида барча
вилоят ва Қорақалпоғистон АССР кенгашлари вакилларига кўрсатма-хат
юборганлигини айтган. Унда жойлардаги Кенгаш вакилларига қуйидаги: 1)
тегишли раҳбар органлар билан бирга рўза вақтида диний арбоблар
томонидан диний маросимлар тўғрисидаги қонунларни бузилишининг
олдини олиш бўйича тадбирлар белгилаш ва амалга ошириш; 2) диний
маросимлар тўғрисидаги қонунларга риоя қилишни назорат қилишга
кўмаклашиш, комиссия аъзолари билан йўлланма берувчи кенгаш ўтказиш ва
уларга қишлоқ Советлари, маҳалла комитетлари билан бирга жойларда
диний ҳолатни ўрганиш, аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб бориш,
масжидлардан ташқари жойларда фитр-садақа тўплаш, болалар ва ёшларнинг
рўза тутиши, уларни ҳайит намозига жалб қилиш мумкин эмаслигини
тушунтириш лозимлигини уқтириш; 3) масжид ходимлари билан мажлис
ўтказиб, уларга радиотрансляция жойларидан тўғри фойдаланишга, қонунга
хилоф равишда пул йиғиш, диний маросимлар тўғрисидаги қонунларга
қатъий риоя қилишга жавобгарликни юклаш; 4) имом-хатиблар орқали барча
масжид қавмига Диний назоратнинг рўза тутиш тартиби тўғрисидаги
фатвосини тушунтириш, диний тоат-ибодатда ёшларнинг иштироки мақсадга
мувофиқ эмаслигини, Диний назорат тайинламаган имомлар томонидан
ҳайит намози ташкил қилиш ва пул йиғиш мумкин эмаслигини тушунтириш;
5) бу йил республика масжидларига хатми-Қуръон ўтказишга рухсат
берилмаганлиги муносабати билан аҳолининг уйларида бу диний маросим ва
ифторликнинг ўтказилишини қатъий назорат қилиб, ҳисобга олиб бориш; 6)
имом-хатибларнинг рўза вақтида масжидларда ва ҳайит намозидаги хутба,
ваъзларининг йўналиши ва мазмунини ўрганиш ва бошқа кўрсатмаларни
берган.

Рўза ва Рамазон ҳайити ўтказилиши жараёнида кенгаш вакиллари
юқоридаги кўрсатмаларни амалга оширганлиги ахборотда қайд этилган.
Шунингдек, республика диний ишлар бўйича кенгаш вакили кўрсатмаси
билан Диний назорат рўйхатга олинган масжидлар имом-хатиблари орқали

63

диндорларга илгари чоп этилган рўза қоида-тартиблари тўғрисидаги фатво
мазмунини, ёшларни ҳайит намозга жалб этиш нотўғри эканлиги, рухсат
берилмаган жойларда диний арбоблар томонидан ҳайит намози ўказилиши
қонунга хилоф эканлиги тушунтирилган.

Ахборотда яна Диний назорат резиденциясида Тошкент шаҳри 12
майда масжидлар хизматчилари, ижроия органлари раислари, жойлардаги
кенгаш вакиллари иштирокида рўза олдида кенгаш ўтказилганлиги ҳақида
хабар берган. Кенгашда республика диний ишлар бўйича кенгаш вакили У.А.
Рустамов, муфтий Ш. Бобохонов, муфтий ўринбосари А. Абдуллаев ва
бошқалар маъруза ва нутқларида мозорларга, авлиёларга сиғиниш шароитга
зид эканлиги, тўй ва маракаларда исрофгарчиликка йўл қўймаслик, қабрлар
устига катта ёдгорликлар қўймаслик, қазо қилганлар уйида ҳайит кунлари
жамоа бўлиб фотиҳа ўқиш шарт эмаслиги, ёш болаларнинг ҳайит намозида
иштирок этишга жалб қилиш шариатга тўғри келмаслиги, дуохонлик,
кинначилик, сохта табибчилик қонунга зид иш эканлиги, ароқхўрликнинг
зиёни ҳақида гапирганлар. Кенгаш қатнашчилари юқоридаги фикрларни
масжидларда диндорларга етказишга ваъда берганлар.

Ахборотда кўрсатиладики, Диний назоратга хатми-Қуръон ўқишга
рухсат сўраб, жойларда 15 та жомеъ масжид имомлари мурожаат қилган.
Республика диний ишлар бўйича кенгаш вакили рухсат бермаганлиги
туфайли фақат Тошкентдаги Диний назорат ҳудудидаги битта «Тилла Шайх»
масжидида ўтказилган, холос.

Диний ишлар бўйича кенгашлар вакиллари ва партия, совет органлари
томонидан масжидлар, диндорлар ҳуқуқларини чеклаш, атеистик ташвиқот
натижасида йилдан-йилга ҳайит намозида иштирок этганлар сони, йиғилган
маблағ миқдори камайиб борган.

1984 йилда республиканинг 82 та рухсат берилган масжидларидаги
Рамазон ҳайити намозида 170 минг киши иштирок этган бўлса, 1985 йилда
147 минг киши қатнашган. Республика бўйича масжидларнинг даромади ҳам

64

сезиларли даражада камайган. 1984 йилда масжидларга тушган пул 640630
сўмни ташкил қилган бўлса, 1985 йилда 531265 сўм тушган эди.

Ҳамма вақт ҳам ҳайит намозларида иштирок этувчилар сони камайиб
бормаган. Айрим даврларда уларнинг сони ортиб борган. Ўзбекистон диний
ишлари бўйича кенгаш вакили 1987 йил 8 июнда Ўзбекистон Компартияси
Марказий Қўмитасига, ЎзССР Министрлар Советига, СССР Министлар
Совети ҳузуридаги Диний ишлар бўйича кенгашга рўза ва Рамазон
ҳайитининг қандай ўтганлиги тўғрисида ахборот юборган. Бу ҳужжатдаги
тахминий маълумотларга кўра, 1985-1987 йилларда Рамазон ҳайити намозида
иштирок этганлар сони 147430 нафардан 154202 нафарга кўпайган. Шу
даврда ҳайит намозида тушган пуллар миқдори 198760 сўмдан 206882 сўмга
ортган. Рўза вақтида рўйхатдан ўтган масжидларнинг ходимлари иштирок
этган диний маросимлардан – ифторликлардан ва ҳайит намозидан тушган
маблағлар қўшиб ҳисобланганда, жами масжидларда йиғилган пулларнинг
умумий миқдори 1985 йилда - 535730, 1986 йилда - 537298, 1987 йилда -
518052 сўмни ташкил қилган.

1987 йилда мусулмонлар Диний назоратига 20 та масжиддан рўзада
хатми-Қуръон ўқишга рухсат сўраб, мурожаат қилинган. Бу каби диний
маросимларга рухсат бериш Диний назоратнинг ўзига боғлиқ эмас эди.
Диний назорат бу масала бўйича кенгаш вакилига рухсат сўраб мурожат
қилганда, фақат Тошкент шаҳридаги иккита масжидда ва Марғилон
шаҳридаги битта масжидда хатми-Қуръон ўтказишга рухсат берган. Совет
органлари диний маросимларни иложи борича камайтиришга ҳаракат қилган.
Партия ва совет органларининг ҳайит намозларини рухсат берилмаган
жойларда ўтказиш мумкин эмаслиги тўғрисидаги ташвиқотларига қарамай,
1987 йилда республиканинг кўпгина шаҳар ва районларида диний арбоблар
ташаббуси билан бу маросим ўтказилган.

Архив ҳужжатларининг таҳлили кўрсатадики, совет органлари аҳоли
томонидан диний ҳайитларни байрам қилинишига қарши бўлган. Ҳайит
кунлари иш куни деб эълон қилинган. Ҳайит намози ўқиш фақат давлат

65

очишга рухсат берган, расмий масжидларга ижозат берилган. Ҳайит
намозида ёш болаларнинг иштирок этиши ман этилган. Диний назорат совет
органлари тазйиқи билан фатволар эълон қилиб, ҳайит намози ўқиш, рўза
тутиш, ифторлик қилиш, қурбонлик қилиш, таровиҳ намози ўқиш, Хатми-
Қуръон ўқиш чекланган. Совет ташкилотлари диний ташкилотлар моддий
базасини заифлаштириш, аҳолига руҳонийлар таъсирини камайтириш
мақсадида ҳайит намозлари иштирокчиларидан халта тутиб пул йиғишини
ман этиб, масжидларда муҳрланган яшик ўрнатишни ташкил қилган. Бу
тадбир ҳайит намозида йиғиладиган пул миқдорини кескин камайтирган ва
диний ташкилотлар (масжидлар, мадрасалар, Диний назорат) фаолиятини
чеклаган.

Таянч сўз ва иборалар: диний байрамлар, ҳайит, ҳайит намози, рўза,
фитр-садақа, Рамазон ҳайити, Қурбон ҳайити, диний урф-одатлар, хатми-
Қуръон, муфтий, уламо, Диний назорат, атеизм, атеистик ташвиқот.

Савол ва топшириқлар
1.СССР Министрлар Совети ҳузуридаги Диний ишлар бўйича
кенгашнинг Ўзбекистондаги вакили нима сабабдан масжид очилишига
тўсқинлик қилган?
2.Совет идораларининг ислом динини чеклаш бўйича амалга оширган
чораларга сизнинг муносабатингиз?
3.Масжидларнинг имом-хатиблари қавмлари орасида қурбонлик
қилишини таъқиқлаш сабабларини гапириб беринг.
4.Совет ҳукумати диний ташкилотларни моддий базасини
заифлаштириш учун қандай йўл тутди?
5. Республика ҳукумати ҳузуридаги диний ишлар бўйича кенгаш вакили
1985 йил 4 июлда Ўзбекистон ССР Министрлар Советига Рўза ва Рамазон
ҳайитини ўтказиш юзасидан қандай кўрсатмалар берган?
6. Совет хокимияти нима сабабдан диний байрам кунларини иш куни
деб эълон қилган?

66

2.2. Совет идораларининг қадамжоларни йўқ қилиш учун уринишлари

Мозорларни, азиз-авлиёларнинг қабрларини, муқаддас жойларни
зиёрат қилиш, яъни авлиёларга сиғиниш – мусулмонларнинг диний
маросимларидан бири ҳисобланади. Авлиёларга сиғиниш фарз ҳам, суннат
ҳам эмас. Маълумки, исломда Оллоҳдан бошқа ҳеч кимга сиғиниб бўлмайди.
Муқаддас жойларни ва авлиёларни зиёрат қилиш мусулмонларда одат бўлиб
қолган.

«Авлиё» арабча сўз бўлиб, «худога яқин одам» маъносини билдиради.
Авлиё кенг маънода келажак воқеаларни олдиндан айтиб берувчи, каромат
қилувчи, одамларнинг мушкулини осон қилувчи киши ҳисобланади. Авлиё
деб халқ, одатда, пайғамбарлар, Муҳаммад пайғамбарнинг уруғ-авлодлари,
ислом дунёсининг машҳур кишилари, илоҳиёт илмининг атоқли олимларини
тушунади. Ана шундай инсонларнинг қабрларини зиёрат қилади.
Қуръоннинг сура ва оятларидан тиловат қилиб, дуо қилиб ўз дардига шифо
беришни сўрайди. Айрим авлиёларнинг мозорларини зиёрат қилиш
касалларнинг дардига шифо беради, туғмас аёлларга фарзанд кўришга ёрдам
қилади, деган ривоятлар бўлган. Шунинг учун авлиёлар мозорларини,
муқаддас жойларни зиёрат қилиш учун кўплаб зиёратчилар келган. Муқаддас
жойларни зиёрат қилинганда, авлиёларнинг мозорларига назр-ниёз, хайр-
садақа, қурбонлик қилиш мусулмонларда одат бўлиб қолган. Авлиёлар
мозорлари диний ташкилотлар учун катта даромад манбаи бўлган. Шунинг
учун республика партия ва совет органлари диний арбобларни илгари эгалик
қилган авлиёлар мозорларидан маҳрум қилишга ҳаракат қилган. Мусулмон
диний ташкилотлари эса машҳур муқаддас жойларни қонуний асосда ўз
ихтиёрига олишга интилган.

1943 йил октябрда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний
бошқармаси ташкил қилингандан кейин республика ҳукуматидан тарихий
диний аҳамиятга эга бўлган мозорларни диндорларга қайтариб беришни
талаб қилган. Муқаддас жойлар масжидлар сингари СССР ХКС рухсати

67

билан очилар эди. Бошқарманинг аризаси асосида ЎзССР Халқ Комиссарлар
Совети раиси 1944 йил 19 сентябрда СССР ХКС ҳузуридаги диний ишлар
бўйича кенгашга қуйидаги мазмундаги хатни юборган:

«Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ва
мусулмон диндорлари илтимоси муносабати билан ЎзССР ХКС мусулмон
диндорларига қуйидаги диний арбоблари мозорларини мусулмон
диндорларига зиёрат қилиш учун ибодат қиладиган бинолари билан қайтариб
беришни мумкин деб ҳисоблайди:

1. Ҳазрати Баҳоутдин – Бухоро вилояти, Когон туманида,
2. Шоҳизинда – Самарқанд шаҳри,
3. Хаким Термизий – Термиз шаҳрида,
4. Султон бобо – Қорақалпоғистон АССРда,
5. Шоҳимардон – Фарғона вилоятида,
6. Муҳаммад Каффал Шоши – Тошкент шаҳрида,
7. Полвон-ота – Хива шаҳрида...».
СССР ХКС ҳузуридаги Диний ишлар бўйича кенгаши 1945 йил 29
январда Ўзбекистон ХКС ҳузуридаги диний ишлар бўйича кенгаши
вакиллигига йўлланган хатида ЎзССР ХКС еттита мозорни Ўрта Осиё ва
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси СССР ХКС нинг 1945 йил 28
январдаги фармойиши билан қондирилганлиги ҳабар қилинган. Хатда ЎзССР
ХКС ҳузуридаги Архитектура ишлари бўйича бошқарманинг ихтиёридаги
қадамжойларни Диний бошқармага топширилиши тегишли шартнома билан
расмийлаштириш ва алоҳида бир пункт билан диний назорат ёдгорликларни
таъмирлаш ишларини Архитектура ишлари бўйича бошқарма рухсати билан
амалга оширилиши тўғрисида кўрсатма берилган.
СССР Диний ишлар бўйича кенгаш хати асосида Ўзбекистон ХКС 1945
йил 27 мартда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасига
қадамжойларни топшириш тўғрисида қарор қабул қилди. Қарорда еттита
мозорни Диний назоратга бериш билан бирга, уларни капитал ва жорий

68

таъмирлаш бўйича барча ишларни Архитектура бошқармаси билан келишиб
бажариш мажбурияти юкланди.

Айрим жойларда шайхлар мозорларни рухсатсиз очиб, диндорларни
зиёрат қилишга йўл бериб, улардан садақа олиб, ўз манфаати учун
фойдаланган. Бундан совет идоралари хабар топган ва бундай муқаддас
жойларни ёпишга чора-тадбирлар кўрган.

Ўзбекистон диний ишлар бўйича кенгашнинг вакили Диний ишлар
бўйича кенгашнинг вилоят ижроия комитетлари қошидаги вакилларига 1946
йил 20 январда юборган фармойишида шундай ёзган: «Айрим вилоят диний
ишлар бўйича кенгаш вакили томонидан ижозат берилмаган мозорларда
айрим диний арбобларнинг ўзларининг шахсий манфаатлари юзасидан
шайхлик қилиб, диний урф-одатларни кучайтириш билан шуғулланаётган
диний арбобларни кўрганлари ва бу тўғрида ҳабарлари бўлгани ҳолда кўз
юмдилар…

Бинобарин, юқоридагигача ҳолларнинг воқиф бўлганини эшитиб, дин
ишлари бўйича кенгашнинг Ўзбекистондаги вакили таклиф қиладур:

Кенгашма томонидан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг
диния назоратига шартнома билан берилган 7 та мозорларда шайхлик қилиш
ва ўз манфаатларига халқдан пул тўплашга ижозат берилмасин».

Диний ишлар бўйича кенгашнинг вилоят вакиллари муқаддас
жойларни очишга ва уларда шайхларнинг фаолият кўрсатишига рухсат
беришмаган (улар СССР ҳукуматининг рухсати билан очилар эди) ва қатъиян
қаршилик кўрсатган. Шунга қарамай, норасмий мозорлар, шайхлар фаолият
кўрсатган. Норасмий шайхлар аниқланиб, молия органлари томонидан
солиққа тортилган. Шунингдек, расмий шайхлар фаолиятини чеклаш, уларни
диний ишлардан безитиш, ишидан четлатиш мақсадида катта миқдорда
даромад солиғи солинган. Диний ишлар бўйича кенгашнинг Самарқанд
вилоятидаги вакили 1947 йил 24 мартда ЎзССР Министрлар Совети
қошидаги диний ишлар бўйича кенгашнинг вакилига ўша йили 1-кварталда
солиққа жалб қилинган 29 нафар диндорларнинг рўйхатини юборган.

69

Бу ҳужжатдаги маълумотга қараганда, молия органлари Сиёб
туманидаги расмий шайх У.Юсуповга 21280 сўм йиллик даромад
белгиланган ва 5770 сўм солиқ чиқарган, Пойариқ туманидаги норасмий
шайх Ж.Мамадиёровга 15600 сўм йиллик даромад белгиланди ва 3618 сўм
солиқ чиқарган.

Молия министрлигининг ЎзССР Министрлар Советига 1947 йил 23
июнда берган ахборотида кўрсатилишича, 1947 йил учун Тошкент шаҳри,
Самарқанд, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятлари, Қороқалпоғистон
АССР бўйича 405 нафар руҳонийларга, жумладан шайхларга 2203 минг сўм
солиқ чиқарган.

Хоразм ва Қорақалпоғистон АССР диний ишлар бўйича Кенгашнинг
вакили 1947 йил 26 июнда ЎзССР Министрлар Советига ёзган хатида
шундай деган: Қороқалпоғистон АССР Шаббоз туманидаги Султонбобо
муқаддас жойи 1947 йилда 66 минг сўм солиқ тўлади, 1947 йилда эса 68967
сўм даромад солиғи солинган. Бу мозорнинг хизматчилари ишни ташлаб
кетишга қарор қилган. Ортиқча солиқдан безиб, шайх ва бошқа диний
хизматчиларнинг ишдан кетиш ҳоллари кўп бўлган. Айрим даромади катта
муқаддас жойларда шайхлар хизматчилари ҳам кўп бўлган. Буни биз
юқорида тилга олинган ҳужжатда келтирилган маълумотлар орқали
билишимиз мумкин. Хоразм вилояти ва Қороқалпоғистон АССР бўйича
диний ишлар бўйича кенгашнинг вакили юқори ҳокимият органларига ёзган
хатида шундай дейилган: «Полвон-ота мақбарасига солиқ солинган даромади
96 минг сўм ҳисобланган ва шу билан бирга, битта шайхга 7 фоиз, 20 нафар
шайхларга 30 фоиз солиқ чиқарган. Солиқ 38615 сўмни ташкил қилган.
Аслида мақбарага тушган даромадни шайхлар шахсий эҳтиёжи учун
фойдаланмаган, Диний назорат ҳисобига ўтказган. Хизматчилар ўз
мояналаридан тўлашади… Мақбара хизматчиларига солинган солиқ
тўғрисида кўрсатма беришингизни илтимос қиламан».

Солиқ тўғри солинган, мақбаранинг умумий даромадидан, уни ким
фойдаланишидан қатъи назар, олинади деган жавоб берилган. Бу ҳужжатдан

70

диний ташкилотларга уларнинг хизматчиларига катта миқдорда солиқ
солингани ва машҳур Маҳмуд Полвон мақбарасида 1947 йилда 21 нафар
шайхлар хизмат қилганлиги маълум бўлади.

Республика ҳукумати қарори билан Диний бошқармага берилган еттита
мозорларга зиёрат қилишга рухсат берилган эди. Зиёратчилар мозор
шайхларига пул, озиқ-овқат маҳсулотлари, нон ва бошқа нарсалар хайр-
садақа ва қўй, эчки, қорамолларни қурбонлик қилиш учун бериб кетарди.
Диний ишлар бўйича кенгашнинг Хоразм вилоятидаги вакилининг 1946 йил
15 февралда Ўзбекистон диний ишлар бўйича кенгаш вакили И.Ибодовга
юборган хатида шундай маълумотлар келтирилган:

«1. Ҳазрат Полвон пир отада ҳозирда ҳар хил жонли моллар, қўй, эчки
ва пул даромадлари бор. Унда ётган қорилар ва Диний назорат томонидан
қўйилган кишилар жонлиқ (қўй, эчки) лардан 50га яқини қўлга ушланмоқда.
Улар нима қилишни билмайдилар. Диний назоратнинг вакили Матёқуб
Матчоновнинг айтган сўзларига қараганда, диндорлар ва ҳазрат Полвон пир
отада ётган қорилар ватан урушида ҳалок бўлган йигитларнинг оилаларига
ёрдам берамиз, деган фикрлари бор.

Тўпланган сармоялар 56470 сўм. Ҳужжатлар билан Тошкентдаги
Октябр Давлат банкига 160-173 га 33470 сўм пул топширилган. Ўз ишлари ва
Ҳазрат Полвон пир отада ётган қорилар учун 9865 сўм пулни харажат
қилганлар. Ҳозирда 11425 сўм пул Хива давлат банкида пул қўйиш
дафтарчасида сақланмоқда. Пулни таъмирлаш учун харажат қилмоқчилар.
Шул ҳақда сизнинг кўрсатмангизни сўраймиз».

Диний назорат ихтиёридаги муқаддас жойларга зиёратчилардан тушган
даромад йилдан-йилга ортиб борди. Республика Диний ишлар бўйича кенгаш
вакилининг маълумотига кўра, Каффол Шоши, Шоҳизинда, Полвон ота,
Султон бобо мозорларида 1950 йилда 149115 сўм, 1951 йилда 25027 сўм ва
1952 йил 1 ноябрга 329440 сўм тўпланган.

Диний маросимлар ҳақида Совет қонунларини бузганлик фактлари
тўғрисида ЎзССР Министрлар Совети 1953 йил 25 июнда қарор қабул қилди.

71

Бунда охирги вақтларда республикада диний арбоблар фаолиятининг
фаоллашганлиги, давлат органлари рухсатисиз масжид, мозор ва бошқалар
очиб олганлиги таъкидланган. Қарорда рухсатсиз очилган мозорлар
тўғрисида шундай дейилган: Бухоро области Ғиждувон шаҳрида «Хўжа
Жаҳон», Бухоро районида «Хўжа Убон» мозори ноқонуний фаолият
кўрсатмоқда. Самарқанд, Хоразм, Андижон областларида ва
Қорақалпоғистон АССР да ҳам бу масалада шунга ўхшаш ҳолатлар юз
бермоқда».

Диний ишлар бўйича кенгашнинг Ўзбекистондаги вакили
Искандаровга ғайри қонуний фаолият кўрсатаётган масжид, мозорларни
аниқлаш ишини кучайтириш ва уларни маҳаллий ижроқўмлар орқали ёпишга
чоралар кўриш вазифасини юклади.

ЎзССР Молия министрлигига ноқонуний фаолият кўрсатаётган диний
арбобларни аниқлаш, уларга солиқ солиш ишини кучайтириш мажбурияти
топширилди.

Ҳукуматнинг қарори асосида барча вилоят ижроия комитетлари
ўзларининг қарорларини қабул қилдилар. Бухоро вилоят ижроия
комитетининг 2 июлдаги қарорида 2 та масжид ва бир неча мозор рўйхатдан
ўтмасдан фаолият кўрсатаётганлиги қайд қилинган, жумладан, Ғиждувон
районида «Хўжа Жаҳон» мозори, Кармана районида «Хўжа Кисров» мозори,
Рометон районида «Хўжа Убон», Бухоро районида «Ҳазрати Имом» мозори,
Қоракўл районида «Қобил Ота» мозори.

Қарорда Бухоро вилояти молия бўлимига норасмий фаолият
кўрсатаётган мозорларни ва диний арбобларни ошкор қилиш ва уларга солиқ
солиш топширилган. Вилоят молия бўлимига июль-август ойларида 34 нафар
рўйхатдан ўтмаган диний арбоблар аён бўлган ва улардан 9 нафарига 20600
сўм солиқ солинган.

Андижон вилояти молия органлари 1953 йил июль-август ойларида 147
нафар норасмий фаолият кўрсатаётган диний арбобларни, жумладан,
шайхларни ҳам аниқлаган ва 49 нафарига 105200 сўм миқдорда солиқ солган.

72

Республика ҳукуматининг 1953 йил 25 июндаги қарори асосида шунга
ўхшаш тадбирлар барча вилоятларда амалга оширилди. Ўзбекистон диний
ишлар бўйича кенгаш вакилининг 26 августда Молия министрлигига берган
ахборотида кўрсатилишича, вилоятлардаги диний ишлар бўйича кенгашнинг
вакиллари вилоят Молия органларига Андижон, Наманган, Самарқанд,
Бухоро, Тошкент, Хоразм вилоятлари бўйича 370 нафар норасмий мулла,
эшон, шайх ва бошқа диний арбоблар рўйхатини тузиб топширганлигини
хабар қилган.

Совет органларининг норасмий шайхларга қарши кураш усули – бу
уларга катта миқдорда солиқ солиш эди. Шу йўл билан уларни ўз
фаолиятини тўхтатишга мажбур қиларди. Тошкент вилояти ижроия комитети
қошидаги Диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг маълумотига қараганда,
Янгийўл туман молия органи 1960 йилнинг тўртинчи чорагида норасмий
шайх М. Хидировга 9 минг сўм ва И. Шомирзаевга 21 минг сўм солиқ солган.
Шундан кейин улар ўз диний фаолиятини тўхтатишган.

Муқаддас жойларга, уларни заёрат қилишга қарши кураш КПСС
МКнинг 1958 йил 28 ноябрдаги «Муқаддас жойларни зиёрат қилишни
тугатиш бўйича чоралар тўғрисида»ги қароридан кейин айниқса кучайди. Бу
қарорга асосан, барча муқаддас жойлар ёпилиши керак эди. Ўзбекистон
диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг маълумотига кўра, республикада
1959 йил 30 майгача ҳисобга олинган «Муқаддас жойлар» 176 та эди.
Шулардан 138 та муқаддас жой ёпилган эди. Ўзбекистон диний ишлар
бўйича вакилининг 1962 йил 4 февралдаги маълумотига мувофиқ, 1960 йил 1
январда республикада фаолият кўрсатган муқаддас жойлар 295 та бўлган.
1960-1961 йилларда кўрилган чоралар туфайли 245 та муқаддас жойлар
ёпилган. 1962 йил 1 январда республикада фақат 49 та муқаддас жойлар
яширин фаолият кўрсатган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси тасарруфида
бир неча машҳур тарихий диний қадамжойлар, муқаддас жойлар бор эди.
Ўзбекистон Министрлар Советининг 1956 йил 11 декабрдаги қарори билан

73

Диний назоратга 10 та қадамжойни, жумладан, Тошкент шаҳридаги
«Зайнуддин Бобо», Пой-Ариқ туманидаги «Имом Бухорий», Самарқанд
шаҳридаги «Хўжа Аҳрор», «Хўжа Абди Дарун», «Хўжа Абди Бирун», Бухоро
туманидаги «Баҳоутдин», Ғиждувон шаҳридаги «Хўжа жаҳон», Шаҳрисабз
шаҳридаги «Ҳазрати Имом», «Кўк Гумбаз» ва Термиз шаҳридаги «Султон
Саодат» мозорлари топширилган эди. 1958 йилда Диний назорат ихтиёрида
13 та мозор бор эди. Бу мозорларга шайхлар ва бошқа хизматчилар
(мутавалли, кассир) Диний назорат томонидан тайинланади. 13 та мозорда 60
дан ортиқ шайхлар фаолият кўрсатган. Бу мозорларга жуда кўп зиёратчилар
фақат Ўзбекистондангина эмас, Ўрта Осиёнинг бошқа республикаларидан
ҳам келар эди. Диний назоратнинг муфтийси З.Бобохонов маълумотига
қараганда, Самарқанддаги «Шоҳи-Зинда», Бухородаги «Баҳовуддин»,
Қорақалпоғистон АССР даги «Султон Бобо», Хивадаги «Полвон Ота» ва
бошқа мозорларга оддий кунларда ҳар бирига 300-400 нафар киши, ҳайит
кунлари 4-5 минг киши қатнаган. Бу мозорларнинг ҳар бирига айрим ойларда
50-60 та ҳайвон ва катта миқдорда пул садақа қилинарди.

Ўзбекистонда расман рухсат берилган ва фаолият кўрсатаётган
мозорлардан Ўрта Осиё мусулмонлари диний назорати кассасига 1958 йилда
311760 сўм; 1959 йилда 248600 сўм, шу жумладан 6137 қўй-эчкилар, 115 та
қорамол тушган. Бу муқаддас жойлардан Диний назорат кассасига тушган
даромад асосан шу мозорларни таъмирлашга харажат қилинар эди. Партия ва
совет органларини бу тарихий ёдгорликларнинг тақдири эмас, диний
ташкилотлар, Диний назоратнинг моддий базасини сусайтириш, исломнинг
маҳаллий аҳолига таъсирини пасайтириш масалалари қизиқтирар эди. 1960
йил 14 мартда Республика ҳукумати Диний назорат ихтиёридаги 13 та
мозорларни ёпиш ва улардан келадиган даромаддан диний ташкилотларни
маҳрум қилиш мақсадида Ўзбекистон ССР Министрлар Совети ҳузуридаги
моддий маданият ёдгорликларини асраш давлат комитетига қайтариб берди.
Мозорлар ёпиқ, деб эълон қилинди, шайхлар мозордан чиқариб юборилди,

74

улар ўрнига қоровул тайинланди ва мозорларга зиёратчиларнинг кириши ман
этилди.

КПСС МК нинг муқаддас жойлар тўғрисида 1958 йил 28 ноябрда қабул
қилган қарорини амалга оширишда республика партия ва Совет органлари
Диний назоратдан ва унинг маҳаллий ташкилотлардан ҳам фойдаланди.
Ўзбекистон Министрлар Совети қошидаги Диний ишлар бўйича кенгаш
вакилининг тавсияси билан Диний назорат 1958 йил 23 декабрда масжид
имомлари ва мозор шайхларига мозорлар фаолиятини чеклаш тўғрисида
фармойишни йўллади. Унда, жумладан, шундай дейилган: «Авлиёлар ҳокига
сиғиниш мақсадида мозорларни зиёрат қилиш, у ёки бу тилакнинг руёбга
чиқишига ёки касал одамни тузалиб кетишига умид қилиш – шароит нуқтаи
назаридан бутунлай йўл қўйиб бўлмайдиган иш. Қуръоннинг кўп оятлари ва
ҳадислар мозорларга сиғиниш катта гуноҳ эканлигини таъкидлайди».

1959 йил 23 январда Диний назорат муқаддас жойлар тўғрисида фатво
қабул килди. Мозорларга ишониш, уларга сиғиниш Қуръон, пайғамбаримиз
ҳадислари ва олим уламолар шарҳларига бутунлай зиддир, дейилади
фатвода. Бу муқаддас жойларга сиғиниш мақсадида касаллар зиёрат
қилишган, ҳар хил касаллардан холис бўлиш учун ибодат қилишган, аёллар
авлиё хокига Қуръондан оятлар ўқиб, дуо қилиб фарзандли бўлишга ёрдам
беришни тилаганлар, кўрлар кўзларини очилиб кўрадиган қилишни
сўраганлар. Фатвода бу нарсаларни мозорлардан эмас, Оллоҳдан сўраш,
кераклиги, мозорларга сиғиниш гуноҳ эканлиги қайд қилинади. Юқоридаги
фикрларни тасдиқлаш учун Қуръондан оятлар, ҳадислар ва олим-
уламоларнинг китобларидан парчалар келтирилди. Фатвода шунингдек,
Термиздаги «Султон Саодат», Шаҳрисабздаги «Кўк гумбаз», Қаршидаги
«Убайди Жаррох», Самарқанддаги «Ҳожи Абди Берун», Бухородаги «Хўжа
Убон», Хоразмдаги «Хўжа Юсуф Ҳамадоний», Қорақалпоғистондаги
«Норимжон Бобо», «Шавли Тошик», Тошкентдаги «Занги Бобо», Тошкент
вилоятидаги «Бобо Мурод Бахши», Ўшдаги «Сулаймон тоғи»,
Самарқанддаги «Ғавсул Аъзам» ва бошқа мозорлар ёпиқ деб эълон қилинди.

75

Диний назорат ўзининг тасарруфидаги диний жамоаларига фатвони

юборган. Жума намозларида диндорларга фатвони ўқиб эшиттириш

топширилган. Бу вазифа масжид хатиблари томонидан бажарилган.

Муқаддас жойлар ёпиқ деб эълон қилинган. Лекин маҳаллий аҳоли

томонидан яширин тарзда мозорларни зиёрат қилиш давом этган. Ўзбекистон

диний ишлар бўйича кенгаш вакили Ш.Ширинбоевнинг 1962 йил

сентябрдаги маълумотида шундай ёзилган: «Республиканинг айрим

областларида муқаддас жойларнинг ёпилиши расмиятчилик билан амалга

оширилди. Шунинг учун аслида айрим муқаддас жойлар ўзларининг

норасмий фаолиятини давом эттирмоқда. «Занги ота», «Ҳазрати Мулло»,

«Имом Султон Бобо» Тошкент области, «Бохоуддин», «Хўжа Убон», «Хўжа

Загфарон» ва бошқалар Бухоро области, «Шоҳизинда», «Ғавсул Аъзам»

Самарқанд области, «Хаким Термизий», «Султон Саодат» Термиз райони,

«Абдураҳмоний авф» Ангор райони, «Шайх тор Валий» Денов райони ва

бошқа Сурхандарё областидаги 20 тадан ортиқ мозорларга зиёратчилар

боришмоқда. «Гурунч мозор», «Тузлик мозор», «Оқ гўр» Андижон

областидаги, «Саткак Бобо», «Хўжам Пашма», «Хўжа магиз», «Каптарлик

мозор» ва бошқалар Фарғона областидаги, «Султон Бобо», «Наримжон Бобо»

Қорақалпоғистондаги мозорлар яширин фаолият олиб бормоқда. Хоразм

областидаги муқаддас жойларда ҳам шундай ҳолат. Кўрсатилган муқаддас

жойларни ҳар хил касалликлардан соғайиш мақсадида зиёрат қилишади».

2-жадвал

1963 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистондаги муқаддас жойлар

Вилоятлар Муқаддас жойлар сони
номи
№ 1963 йил Улардан Фаолият

1 январга ёпилганлари кўрсатаётганлари

1 Тошкент шаҳри 5 3 2

2 Тошкент вилояти 13 9 4

3 Андижон вилояти 30 27 3

4 Фарғона вилояти 24 12 12

5 Самарқанд вилояти 42 32 10

6 Сурхондарё вилояти 53 40 13

76

7 Бухоро вилояти 15 13 2
- - -
8 Сирдарё вилояти - - -
4 3 1
9 Қашқадарё вилояти
20 16 4
10 Хоразм вилояти
206 155 51
11 Қорақалпоғистон
АССР

Жами:

Ўзбекистон диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг бошқа ҳужжатида
республикадаги муқаддас жойларнинг 1963 йил 1 январдаги умумий сони,
улардан қанчаси ёпилган, қанчаси норасмий фаолият кўрсатаётганлиги
ҳақида статистик маълумот келтирилган. Юқоридаги 2-жадвал вилоят диний
ишлар бўйича кенгаш вакилининг маълумотлари асосида тузилган.

2-жадвалда кўрсатилган республикадаги муқаддас жойларнинг умумий
сони тўғрисидаги рақамларни аниқ ва тўғри маълумот деб бўлмайди. Бу
жадвалда Сирдарё ва Қашқадарё бўйича маълумотлар бўлмаганлиги учун, у
областлардаги муқаддас жойлар сони кўрсатилмаган. Бошқа маълумотларга
қараганда республикадаги муқаддас жойлар сони 295 та ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, ёпилган ва фаолият кўрсатаётган мозорлар
сонига ҳам танқидий ёндашиш талаб қилинади. Шунга қарамай, ушбу
жадвалдаги рақамлар республикада муқаддас жойларнинг умумий ҳолатини
яққол кўрсатиб беради. Айниқса, республикадаги фаолият кўрсатаётган
муқаддас жойлар тўғрисидаги маълумот жуда муҳимдир. СССР ҳукумати
томонидан биронта ҳам муқаддас жойга фаолият кўрсатишга рухсат
бермаган ҳолда республикада норасмий йўл билан 51 та мозорлар, қудуқлар
фаолият олиб борганлигини, зиёратчилар уларга қатнаганлигини кўрсатди.
Мозорларни давлат томонидан ёпилишига қарамай, мусулмонлар томонидан
уларни яширин зиёрат қилиш шундан далолат берадики, бу одат халқимиз
томонидан қадим замонлардан бери амалга оширилиб келинган ва улар
онгига сингиб кетган. Шунинг учун бу одатни битта қарор билан йўқ қилиб
бўлмаслигини кўрсатади.

77

Республиканинг партия ва Совет органлари йилдан-йилга муқаддас
жойларга аҳолининг саёҳат қилишига, сиғинишига қарши курашни
кескинлаштириб борди. Муқаддас жойларга қарши тарғибот ишлари билан
чекланмай, маъмурий чоралар ҳам қўлланган. Муқаддас жойларга ҳайит ва
бошқа кунларда зиёрат учун борган кишиларнинг хизмат машиналарини
номерларини ёзиб олиб, хизмат жойларида партия ёки касаба уюшмаси
мажлисларида муҳокама қилиб, ҳайфсан эълон қилинган, эгаллаб турган
лавозимидан паст лавозимга ўтказган, айрим ҳолларда бошқа сабабларни
рўкач қилиб ишдан ҳайдаган. Совет органлари томонидан кўрилган чоралар
туфайли фаолият кўрсатаётган муқаддас жойлар сони йилдан-йилга камайиб
борган. 1944-1985 йилларда республикада мусулмон динининг аҳволи ҳақида
Ўзбекистон диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг 1985 йил 5 августдаги
статистик ахборотида диний маросимлар, ташкилотлар қаторида амалдаги
муқаддас жойлар сони тўғрисида ҳам маълумот берилган. Шу ҳужжатдаги
маълумотларга қараганда, 1975-1984 йилларда амалдаги муқаддас жойлар
сони 85 тадан 67 тага қисқарган. Муқаддас жойларнинг камайишига
сабаблардан бири – уларнинг Совет органлари томонидан бузиб ташланиши
бўлган. Бундай жойлар кўп ҳолларда бутунлай сабабсиз, йўқ қилиш
мақсадида бузиб ташланган. Масалан, Самарқанд вилоятининг Сиёб
районида «Мушкул Кушот», «Хожа Дониёр», «Хожа Рушной» муқаддас
жойлари мавжуд бўлган. Бу район аҳолиси орасида ЎзССР Фанлар
академиясининг Археология Институти, маҳаллий Совет ва маъмурий
органлар томонидан муқаддас жойларни йўқ қилишга қаратилган ташвиқот
ишлари олиб борилган. Район кўмаклашиш комиссияси ва манфаатдор
органлар муқаддас жойлар тўғрисида 1985 йил 6 майда Сиёб районининг «Оқ
сарой» номли клубида «Оқ сарой», «Дониёробод», А.Навоий номли
маҳаллалар аҳолиси мажлисини ташкил қилган. Мажлисда вилоят кенгаши
номидан Х.Усмонов нутқ сўзлаб, диний маросимлар тўғрисидаги қонунлар
ҳақида, «Хўжа Абду Дарун» масжидида хатиб-имом М.Маликов муқаддас
жойларга сиғиниш исломда ман этилганлиги ҳақида гапирган. Шу каби бир

78

неча аҳоли орасидаги тарғиботлардан кейин Сиёб районидаги учта муқаддас
жой бузиб ташланган.

Республика вилоятлари ичида Сурхондарё вилояти амалдаги муқаддас
жойлари кўп вилоятлардан бири ҳисобланган. Вилоятдаги 16 та муқаддас
жойлардан 8 таси амалдаги қадамжолар эди. Бу муқаддас жойлар тегишли
идора, ташкилотларнинг доимий назоратида бўлган. Вилоят диний ишлар
бўйича кенгаш вакили девонхонаси томонидан 1985 йилнинг IV чорагида
вилоят соғлиқни сақлаш бўлими билан биргаликда Олтинсой районидаги
«Хожа Ипак», «Каптархона», «Сўфи Оллоёр», Сариосиё районидаги «Кўнак
ота» муқаддас жойларини текшириб шайхларга, қоровулларга қадамжолар
ёпиқ эканлигини, зиёратчилар қўйилмаслигини тушунтирдилар. Лекин бу
огоҳлантиришларга қарамай, садақа олишдан манфаатдор бўлган шайхлик
вазифасини бажарувчи қоровуллар муқаддас жойларга зиёратчиларни
қўяверган. Қонунга хилоф равишда зиёратчиларни қабул қилиб, Қуръон
ўқиб, авлиёларга аталган назр-ниёзларни қабул қилган шайхга уларнинг
фаолиятини чеклаш учун чора сифатида солиқ идоралари уларга солиқ
солган. Шунга қарамай, шайхлар ўз фаолиятини давом эттира берганлар.

Сурхондарё вилояти диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг 1984 йил
25 июлда ЎзССР диний ишлар бўйича кенгаш вакилига муқаддас
жойларнинг норасмий шайхларига солинган солиқлар ҳақида юборган
маълумотида «Каптархона» қадамжо шайхи Х.Худайқулов ва Шеробод
районидаги «Сулаймон ота» шайхи А.Жўраев тўғрисида ахборот берган.
«Каптархона» мозорининг шайхи Хидир Худойкуловга 1977 йилдан бошлаб
муқаддас жойдан топган даромадига солиқ солина бошланган. Х.Худойкулов
1977 йилда 2500 сўм даромад қилган ва 914 сўм солиқ солинган. Шунга мос
равишда 1978 йилда 2600 ва 970, 1979 йилда 2816 ва 1091, 1980 йилда 3137
ва 1280, 1981 йилда 3707 ва 1312, 1982 йилда 3016 ва 949, 1983 йилда 3172 ва
1031, 1984 йилда 3068 сўм қадамжодан даромад қилган ва 977 сўм даромад
солиғи солинган. Ўша вақтларда ишчи-хизматчилар ойлигидан 12 фоиз
даромад солиғи олинган. Шайх Хидир Худойкуловга солиқ органлари

79

даромаднинг деярли учдан бири миқдорида солиқ солган, лекин у ўз
хизматидан ва солиқдан безиб кетмаган.

«Сулаймон ота» қадамжосининг шайхи Акбарали Жўраевга 1981
йилдан бошлаб солиқ солина бошланган. Ҳужжатда унинг даромади
кўрсатилмаган, фақат тўлаган солиғининг миқдори берилган. А.Жўраев 1981
йилда 2134 сўм даромад солиғи тўлаган, шунга мувофиқ 1982 йилда 1451
сўм, 1983 йилда 932 сўм солиқ тўлаган, 1984 йилда солиқ тўлашни давом
эттирмоқда, деб кўрсатилган.

Ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, Фарғона вилоятида муқаддас
жойлар республиканинг бошқа вилоятлардагидан анча кўп бўлган. Вилоят
диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг диний ҳолат тўғрисидаги статистик
маълумотида 1985 йилда фаолият кўрсатаётган, зиёратчилар қатнаётган 15 та
муқаддас жойлар борлиги қайд қилинган.

Қорақалпоғистон АССР диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг 1985
йил 23 июлдаги диний ҳолат тўғрисидаги статистик маълумотида
республикада амалдаги 5 та қадамжо борлиги хабар қилинган. Бу
қадамжоларда оддий кунларда 30-50 нафар зиёратчилар бўлган. 1985 йилдаги
Рамазон ҳайитида «Норинжон бобо» мозорида 100 нафар атрофида
зиёратчилар, «Султон бобо» мозорида 200 нафардан кўп зиёратчилар бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивидаги ҳужжатлар
шундан далолат берадики, совет ҳукумати машҳур ислом тарихий
ёдгорликларини таъмирлаш, сақлаш мақсадида дастлаб Диний назоратга
топширган. Шу билан бирга, бу қадамжолардан исломни ташвиқот қилиш ва
даромад манбаи сифатида кенг фойдаланишни чеклашга ҳаракат қилган.
Шунингдек, норасмий, давлат рухсат бермаган қадамжолар ва шайхлар
фаолиятига қарши чиқди ва уларни таъқиқлади. Диний арбоблар мозорлари,
мақбаралари диний ташкилотларга катта даромад келтирганлигини, уларнинг
обрўсини халқ орасида кўтарганлигини ҳисобга олиб, совет ҳукумати бу
ёдгорликларни қайта давлат тасарруфига ўтказган. Норасмий қадамжолар
фаолиятига давлат органлари рухсат бермаган, лекин шунга қарамай, айрим

80

норасмий қадамжолар яширин фаолият олиб борган, аҳоли уларни зиёрат
қилган.

Таянч сўз ва иборалар: авлиё, тарихий-диний қадамжолар, муқаддас
жойлар, шайх, фатво, диний ташкилотлар, масжид, мозор.

Савол ва топшириқлар
1.«Авлиё» сўзини маъноси ҳамда нима учун авлиёлар мусулмонлар
томонидан ардоқланган?

2.Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ва
мусулмон диндорлари илтимоси муносабати билан ЎзССР ХКС мусулмон
диндорларига қайси диний арбоблари мозорларини мусулмон диндорларига
зиёрат қилиш учун ибодат қиладиган бинолари билан қайтариб беришни
мумкин деб ҳисоблайди?

3. Диний ишлар бўйича кенгашнинг вилоят вакиллари муқаддас жойларни
очишга ва уларда шайхларнинг фаолият кўрсатишига рухсат
беришмаганлигини сабабини айтиб беринг?

4. 1959 йил 23 январда Диний назорат муқаддас жойлар тўғрисида қандай
фатво қабул қилди?

5. Республиканинг партия ва совет органлари йилдан-йилга муқаддас
жойларга аҳолининг саёҳат қилишига, сиғинишига қарши курашни
кескинлашиб боришини сабабини айтиб беринг?

6.Совет ҳокимияти нима сабабдан шайхларни солиққа тортган ва уларга
нисбатан қандай чоралар кўрилган?

81

УЧИНЧИ БЎЛИМ
ЎРТА ОСИЁ ВА ҚОЗОҒИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ДИНИЙ

БОШҚАРМАСИНИНГ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ
ВА ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР СОҲАСИДАГИ ФАОЛИЯТИ

3.1. Диний ташкилотларга кадрлар тайёрлаш

Совет ҳукумати 1943 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари
бошқармасини ташкил қилишга, масжидлар очишга рухсат берди. Натижада
1944 йилнинг ўзида бир қанча масжидлар очилди. Лекин бу масжидларнинг
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларнинг диний назорати (бундан кейин
матнда - ЎОҚМДН) ва унинг бошқа ташкилотларида ишлайдиган замонавий
диний билимга эга бўлган имом-хатиблар, мударрислари йўқ эди. Бу
муаммони ҳал қилиш учун ЎОҚМДН раиси, муфтий Эшон Бобохон ибн
Абдулмажидхон ташаббуси билан Совет ҳукумати олдига диний арбоб
кадрлар тайёрлаш масаласи қўйилган. Марказий Давлат архивида ЎОҚМДН
Президиумининг бу масала бўйича қарори сақланган. ЎОҚМДН
Президиумининг 1945 йил 6 февралдаги мажлисида диний мадраса очиш
ҳақидаги масала муҳокама қилинди ва қуйидаги қарор қабул қилинди: «Бу
масала ҳақида бир қанча музокаралар бўлгандан сўнг Ўрта Осиё ва
Қозоғистон мусулмонларнинг диний назорати қаромоғида кейинчалик диний

82

ва фанний мударрис, хатиблар етиштирув учун Ўрта Осиёнинг марказий
шаҳарларидан Тошкент ва Бухоро шаҳарларида диний ва фанний мукаммал
программали биттадан мадраса очилиши лозим топилиб Ўзбекистон Халқ
Комиссарлар Шўроси қошидаги Диний ишлар бўйича кенгашга мурожаат
қилишга қарор қилинди». ЎОҚМДН Президиумининг қароридан кўчирмани
1945 йил мартда Диний ишлар бўйича кенгаш вакили И. Ибодовга юборган.
У ЎОҚМДН қарори билан Ўзбекистон Халқ Комиссарлар Совети раиси
А.Абдураҳмоновни таништирган. Унинг топшириғи билан Ўзбекистон Халқ
Комиссарлар Совети раиси номидан хат тайёрланиб, СССР Диний ишлар
бўйича кенгашга ЎОҚМДН қароридан кўчирма билан бирга жўнатилган. Бу
масала юзасидан СССР Диний ишлар бўйича кенгаши билан Ўзбекистон
Диний ишлар бўйича кенгаш вакили ўртасида бир қанча ёзишмалар бўлган.

Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг СССР кенгашига
1945 йил 25 майда юборган ахборотида кўрсатилишича, ЎОҚМДН
мадрасалар ишини ташкил қилиш бўйича қуйидаги фикрларни билдирган:
Тошкент мадрасасига 30 нафар ўқувчи, Бухоро мадрасасига 60 нафар ўқувчи,
жами 90 нафар ўқувчи қабул қилиш мўлжалланган. Ўқувчиларни Ўрта Осиё
ва Қозоғистон республикаларидан қабул қилиш режалаштирилган. Ўқишга
23 ёшдан 35 ёшгача бўлган кишилар олинган. Араб алифбосини, араб, форс
тилларини билмайдиган кишилар бошланғич синфга қабул қилинган. Ўқиш
бошланғич синфларда 5 йил ва ислом дини бўйича ўрта маълумотли
ўқувчилар синфларида 4 йил, жами 9 йил бўлган.

Мадрасаларни очиш масаласининг барча ташкилий масалалари ҳал
қилингандан кейин СССР Диний ишлар бўйича кенгашининг таклифи
асосида 1945 йил 10 октябрда СССР ХКС раиси ўринбосари В.Молотов
имзолаган фармойиш қабул қилинди. Унда шундай дейилган: «СССР Халқ
Комиссарлари Совети қошидаги Диний ишлар бўйича кенгашнинг Тошкент
ва Бухоро шаҳарларида мусулмон диний ўкув юртлари очишга рухсат бериш
тўғрисидаги таклифи тасдиқлансин».

83

СССР Диний ишлар бўйича Совети СССР ХКС фармойиши асосида
Тошкент ва Бухорода мадраса очишга рухсат берган. Шунга асосан
Ўзбекистон Халқ Комиссарлар Совети 1945 йил 29 ноябрдаги қарори билан
Тошкент ва Бухоро шаҳарларида мусулмон диний арбоблари тайёрлаш учун
ЎОҚМДНга мадрасалар очишга рухсат берган. Архитектура бошқармасига
«Бароқхон» ва «Мир Араб» мадрасаларини ЎОҚМДН га ижара бериш
топширилган.

Давлатдан рухсат олингандан кейин мадрасаларни очишга фаол
ҳаракат бошланди. Тошкентдаги «Бароқхон» мадрасасида 24 нафар кўзи
ожизлар оиласи истиқомат қилаётганлиги учун уни бўшатиш қийин кечган.
Шунинг учун Бухородаги «Мир Араб» мадрасасини таъмирлаб очишга
тайёргарлик қилинди. Таъмирлаш ишлари асосан мусулмон аҳолиси кучи
билан амалга оширилди. Маҳаллий аҳоли мадрасани таъмирлашга қурилиш
материаллари билан ёрдам қилиб, таъмирлашда кенг иштирок этдилар. Шу
билан бирга, мадрасага ўқувчилар қабул қилишга ҳам тайёргарлик бошланди.
Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгашнинг вакили И. Ибодов 1945 йил 29
декабрда Диний назоратнинг Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон,
Туркманистондаги вакилларига қуйидаги билдиргини юборган:

«СССР ХКС нинг 1945 йил 10 октябрдаги 14808-р рақамли фармойиши
ва ЎзССР ХКС нинг 1945 йил 29 ноябр 1879-212-с рақамли фармойишига
мувофиқ Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати Тошкент
ва Бухоро шаҳарларида диний арбоб кадрлар тайёрлаш учун мадрасалар
очди. Мазкур мадрасаларга ўқувчилар қабул қилиш бошланди. Мадрасаларга
Ўзбекистондан 25, Қозоғистондан 25, Тожикистондан 17, Қирғизистондан 17,
Туркманистондан 15 ўқувчи қабул қилиш мўлжалланган. Қабул шартлари
назорати диниянинг сизнинг республикангиздаги ишончли вакилларига
маълум қилинган».

ЎОҚМДН «Бароқхон» ва «Мир Араб» мадрасаларининг 1945-1968
йиллардаги фаолияти тўғрисида қисқача маълумотнома тайёрлаган. Унда
шундай дейилган: Диний назорат томонидан «Мир Араб» мадрасаси

84

таъмирланди, мадрасанинг раҳбар кадрлари ва мударрислари танлаб олинди,
ўқувчилар қабул қилинди. 1945 йилнинг охирига тайёргарлик ишлари
тугатилиб, мадраса фаолиятини бошлаган эди. Мадраса директори
лавозимига Диний назорат аъзоси, Тожикистон қозиси Басширхон Тўра
Исҳоқов тайинланган эди. Наманганлик Исмоил Саттиев, Тошкентлик Ҳожи
Акбархон Муҳитдинхонов, Бухоролик Абдураҳим Қори Рафиқовлар
мадрасанинг дастлабки мударрислари бўлган. 1945-1946 ўқув йилида
мадрасада фақат 30 га яқин ўқувчи ўқиган.

Мадрасанинг ўқувчилари сони йилдан-йилга ўсиб борди. 1946 йилнинг
бошида мадрасанинг директори лавозимига Ҳожи Акбархон Мухитдинхонов
тайинланган. У Тошкентдаги Кўкалдош ва Хожа Аҳрор мадрасаларида
ўкиган ва Қуръон, ҳадисларни, шариат қоида-қонунларини, логика ва бошқа
диний фанлар билимдони сифатида диний арбоблар орасида катта ҳурмат
қозонган эди.

«Мир Араб» мадрасаси 1951/52 ўқув йили 9 йиллик ўқишга ўтди, 5
йиллик бошланғич синфларни битирган ўқувчилар 4 йиллик ўрта маълумот
берадиган гуруҳга ўтиб ўқиш имкониятига эга бўлди. Мадрасада синфлар
сони ҳам, мударрислар таркиби ҳам ортди. Мадрасада Мўминов Шаҳобитдин
Қори, Ҳасанов Каромат, Ибрагимов Абдулқаим, Абдураҳмонов Муҳаммад
Амин, Маҳжурий Муҳаммадхон, Саттиев Исмоил, Мирзааҳмедов Оскар
мударрислик қилишган, ўқувчиларга илоҳиёт бўйича таълим берган. Ўқув
режасига шариат қоида-қонунлари, ислом ақидалари, логика каби фанлар
қўшилди. Мадраса энди юқори диний малакали мутахассислар тайёрлай
бошлади.

1946-59 йиллар ичида «Мир Араб» мадрасасини икки марта ва
Бароқхон мадрасасини 1959 йилда ўқувчилар бир марта битириб чиққан.
Жами битирганлардан 16 нафари ЎОҚМДН тизимида хизмат қилган. 2 киши
Мисрдаги «Ал-Азҳар» диний университетига ўқишга кирган. Беш киши
мадрасада мударрис лавозимида ишлаган. Қолган 16 киши ЎОҚМДН
тизимида ишламай, Совет хўжалик-савдо ташкилотларида хизмат қилган.

85

СССР ХКС нинг 1945 йил 10 октябрдаги ва ЎзССР ХКС нинг 1945 йил
29 ноябридаги фармойишларига асосан ЎОҚМДН Тошкент шаҳрида
«Бароқхон», Бухорода «Мир Араб» мадрасаларини очишга ва диний арбоб
кадрлар тайёрлашга рухсат берган эди. Ўша вақтда «Бароқхон» мадрасасида
кўрлар артели фаолият кўрсатаётганлиги ва 24 кўрлар оиласи яшаётганлиги
сабабли «Бароқхон» мадрасаси очилмай қолган.

Мадраса биноси кўп йиллар таъмирланмаганлиги учун жиддий
шикастланган эди. ЎОҚМДН раҳбарлари Архитектура бошқармаси назорати
остида катта таъмирлаш ва қайта таклиш (реставрация) ишларини амалга
оширди. Таъмирлаш ишлари 3 йил давом этди. 1956 йилнинг бошида
таъмирлаш ишлари асосан битиб, ЎОҚМДН резиденцияси «Бароқхон»
мадрасасига жойлашди.

ЎзССР Министрлар Совети қошидаги диний ишлар бўйича кенгаш
вакили Ш.К.Ширинбоевнинг 1960 йил июнда ЎОҚМДН мадрасалари
тўғрисида ёзган маълумотномасида кўрсатилишича, собиқ диний ишлар
бўйича кенгаш вакили Н. Иноғомов рухсати билан «Мир Араб»
мадрасасининг 6-7-8 - синф ўқувчилари Тошкентга «Бароқхон» мадрасасига
кўчирилган эди. Иккита мадрасада 90 нафар ўқувчи ўқитишга СССР Диний
ишлар бўйича кенгаш томонидан рухсат берилган эди. 1956-1960 йилларда
«Мир Араб» мадрасасида 50 нафар ўқувчи, «Бароқхон» мадрасасида 30
нафар - жами 80 нафар ўқувчи ўқиган.

«Бароқхон» мадрасаси 1956 йил 1 ноябрда тантанали равишда очилган.
Мадрасанинг ўқув ишлар бўйича мудири лавозимига С.Зиёвутдинов
тайинланган. Дастлабки мударрислари, диний назорат аъзолари Фозилхўжа
Содиқхўжаев, Муҳитдин Бобожонов бўлган. Мадрасанинг биринчи ўқув
йили 35 нафар ўқувчи 1-2 синфларга қабул қилинган. Талабалар учун махсус
ётоқхона қурилган. Ётоқхона ёнига ошхона ва хўжалик бинолари солинган.
Мадраса ўқувчиларининг яшаши, ўқиши учун яхши шароит яратилган.

1957 йил 21 майда ЎзССР Диний ишлар бўйича вакили П.Иноғомов
СССР Диний ишлар бўйича кенгаши раиси В.И. Гостевга, Ўзкомпартия

86

марказий комитет секретари З.Р. Раҳимбобоевга ва ЎзССР Министрлар
совети раисининг ўринбосари Т.С. Султоновга «Мир Араб» ва «Бароқхон»
мадрасаларида 1956/57 ўқув йили якунлари тўғрисида ахборот берган.1
Ахборотда кўрсатилишича, «Мир Араб» мадрасасида 1956/57 ўқув йилида
мударрислик лавозимларида Муҳаммад-Амин домулла, Шаҳобиддин-Қори
домулла, Исмоил-Маҳсим, Абдуқаюм-Қори домулла ва Каромат Эшон
ишлаган. Дунёвий фанлардан Тангриев, Алишев ва Раҳимовлар ўқувчиларга
сабоқ берган. Мадрасада 85 нафар ўқувчи ўқиган.

«Бароқхон» мадрасасида 1956/57 биринчи ўқув йилида 32 нафар
ўқувчи қабул қилинган. Ўқиш жараёнида яна 3 нафар ўқувчи қўшилган ва
жами 35 нафар ўқувчи ўқиган. «Бароқхон» мадрасасининг ўқув режаси «Мир
Араб» мадрасаси ўқув режасига мувофиқ тузилган эди. Биринчи ўқув
йилининг натижаси ижобий бўлган. I-синфдаги 17 ўқувчи II-синфга ва II-
синфдаги 18 ўқувчи III-синфга кўчирилган.

Мадраса ўқувчилари орасида доимий равишда тарбиявий иш олиб
борилган. Ўқувчилардан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш талаб
қилинган. Мадраса ўқувчилари ўқиш учун газета ва журналларга ёзилган.
Уларнинг кино, театрларга кириши ташкил қилинган.

1957/58 ўқув йили Диний назорат қарори билан «Мир Араб»
мадрасасида ўқиш I-IV синфларда ва «Бароқхон» мадрасасида V-IХ
синфларда ўқиш жорий қилинган. Шунга асосан «Мир Араб» мадрасасидаги
V ва ундан юқори синф ўқувчилари ва мударрислари «Бароқхон»
мадрасасига ўтказилган.

1960 йилдан бошлаб ЎОҚМДН ва унинг ташкилотлари фаолиятини
партия ва совет органлари томонидан қатъий чеклаш бошланди. Бу чоралар
КПСС МК нинг 1960 йил 13 январдаги «Диний арбобларнинг диний
маросимлар ҳақидаги Совет қонунларининг бузилишини тугатиш чоралари
тўғрисида»ги ва Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг шу
масала тўғрисидаги қорорларини амалга ошириш мақсадида кўрилган эди.

87

Совет ҳукуматининг диний ташкилотлар фаолиятини қатъий чеклаш сиёсати
ЎОҚМДН фаолиятининг барча соҳаларини, жумладан, диний кадрлар
тайёрлаш соҳасини ҳам қамраб олган эди.

ЎОҚМДН мадрасалари фаолиятини чеклашга қаратилган биринчи
тадбир СССР Диний ишлар бўйича кенгашининг 1961 йил 28 февралдаги
«Бароқхон» мадрасасини ёпиш ва «Мир Араб» мадрасаси ўқувчилари сонини
қисқартириш тўғрисидаги кўрсатмаси бўлган.

Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакили 1961 йил 17 июнда
СССР Диний ишлар бўйича кенгашига унинг мадрасалар тўғрисидаги
кўрсатмаси бажарилганлиги ҳақида қуйидаги хабарни юборган: Сизнинг
1961 йил 28 февралдаги 176-рақамли кўрсатмангизга мувофиқ, 1949 йил 15
августдаги СССР Министрлар Совети фармойишига зид равишда Тошкент
шаҳрида фаолият кўрсатаётган «Бароқхон» мадрасаси тугатилди. Ҳозирги
вақтда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати қошида 40
нафар ўқувчилар билан фақат битта Бухоро шаҳрида «Мир Араб» мадрасаси
бор. «Бароқхон» мадрасаси биноси болалар шифохонаси ёки кутубхона учун
фойдаланишга Тошкент шаҳар ижроия комитети ихтиёрига берилган».

«Мир Араб» мадрасаси сарф-харажатларини камайтириш мақсадида
унинг штатларини қисқартирди. Хўжалик ходимлари, мударрислардан
ташқари, ҳаттоки директор лавозими ҳам қисқартирилиб, мадрасага умумий
раҳбарлик диний назорат бошлиқларига юкланган эди. 1960 йил 1 январга
мадраса ходим ва ишчилари 43,5 штат бирлиги бўлган бўлса, 1963 йил 1
декабрга – 9 штат бирлиги қолган. 1960 йил 1 январга мадрасаларда – 80
нафар ўқувчи ўқиган бўлса, 1963 йил 1 декабрга келиб 38 нафар ўқувчи
қолган. Штатларнинг қисқартирилиши, моддий таъминотнинг оғирлашиши,
шубҳасиз, мадраса фаолиятига салбий таъсир қилган.

Мадрасага ишлатиладиган сарф-харажатларни камайтириш мақсадида
ўтиладиган фанлар, асосан диний фанлар сони қисқартирилди, соатлар
камайтирилди, муддаррислар сони озайтирилди. Мадрасада 1960 йилга қадар
16 та фанлар ўқитилган бўлса, 1961/62 ўқув йилида 11 фан ўқитилган.

88

1958/59 ўқув йилида мадрасада 7 та диний фанлар ўқитилган бўлса, 1961/62
ўқув йилида Қуръон, тафсир ва ҳадис диний фанлари ўқитилган холос.

Совет органларининг ислом динига, мадрасанинг фаолиятига, диний
фанларнинг ўқитилишига салбий муносабати табиий равишда мадраса
ўқувчиларининг норозилигини келтириб чиқарди. Мадраса ўқувчилари 1962
йил ноябрда ЎОҚМДН раиси муфтий Зиёвутдин Бобохонов номига хат ёзиб,
мадрасада диний фанларни ўқитиш камайиб кетганлигини кўрсатиб уларни
кўпайтиришни талаб қилдилар. Бу воқеа ҳақида Бухоро области
меҳнаткашлар депутатлари совети ижроия комитети қошидаги Диний ишлар
бўйича кенгаш вакили Шамсутдинов 1962 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Диний
ишлар бўйича кенгаш вакили Ш.К. Ширинбоевга махфий хат орқали хабар
қилган.

1960 йилдан бошлаб мунтазам равишда штатларнинг ва хўжалик
сарфларининг қисқартирилишига қарамай, Диний назоратнинг тушумлари
камайиб борди. 1963 йилнинг биринчи ярмида тушган маблағлар энг зарур
харажатларни ҳам қопламай қолган. Шунинг учун Диний назорат
Президумининг 1963 йил 3 июндаги мажлисида Диний назорат штатларини
қайта кўриш ва пул харажатларини қисқартириш бўйича тадбирлар
масаласини муҳокама қилган. Масалани атрофлича муҳокама қилиб, «Мир
Араб» мадрасаси бўйича қуйидаги тадбирларни амалга оширишга қарор
қилди: а) мадрасада ўқиш муддати 6 ойгача қисқартирилсин; б) ўқувчилар
сони 30 кишигача камайтирилсин; в) ўқув бўлими мудири шу вақтгача дарс
бермаганлиги, иш билан кам таъминланганлиги туфайли унинг вазифасини
бажаришни мударрислардан бирига юклаб ўқув бўлими мудири лавозими
қисқартирилсин, шунингдек, хўжалик мудири лавозими ҳам қисқартирилсин;
г) ўқувчиларнинг ўзи-ўзига хизмат қилиши жорий қилинсин ва мадрасанинг
ёрдамчи ходимлари – ошпаз, сартарош, кир ювувчилар бўшатилсин; д)
электроэнергия ва ёқилғини тежаш мақсадида мадрасанинг бир неча
ҳужраларида ётоқхона ташкил қилинсин.

89

ЎОҚМДН нинг моддий, молиявий ҳолатининг оғирлиги диний кадрлар
тайёрлашга салбий таъсир қилди, мадрасани битирувчилар сони камайди.
1960/61 – 1962/63 ўқув йиллари мадрасага ўқувчилар қабул қилинмади.
Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг 1963 йил 23 сентябрда
СССР Диний ишлар бўйича кенгаш раиси А. Пузинга, Ўзбекистон
Министрлар Совети раиси ўринбосари С.А. Азимовга, Ўзкомпартия МК нинг
идеология бўлими мудири Ш. Саломовга «Мир Араб» мадрасасида 1963/64
ўқув йилининг бошланганлиги тўғрисидаги ахборотида қуйидаги
маълумотлар берилган: «1963/64 ўқув йилида 9 та синф ўрнига фақат 3 та
синф фаолият кўрсатган, яъни V, VII, IХ-синфлар, 1962/63 ўқув йилининг
охирида барча учта синфда 36 нафар ўқувчи ўқиган. 1963/64 ўқув йили
бошида ўқишга фақат 30 ўқувчи келган ва дарслар бошланган. Ўқувчилар
сонининг камайиши «Мир Араб» диний мадрасасида ўқишни давом
эттиришни хоҳламаганлиги сабабли содир бўлди».

Юқорида кўрсатилган далиллар шуни кўрсатадики, 1960 йилдан
бошлаб Ўзкомпартия ва совет органларининг диний ташкилотларга салбий
муносабати натижасида мадрасада ўқувчилар ва уни битирувчилар сони
камайган, ёшларда мадрасада ўқиш ва масжидларда ишлашга қизиқиш
сусайган. Мадрасани битирганларнинг бир қисми автомобил мактабида,
бухгалтерлар курсида ўқиб, совет ташкилотларида шофёр, бухгалтер, савдо
ташкилотларида сотувчи ва бошқа ишларда ишлашган.

1963/64 ўқув йили мадрасанинг IX - синфини тўққиз ўқувчи, жумладан,
Ўзбекистонлик 4 нафар, Тожикистонлик – 3 нафар, Қозоғистонлик – 1 нафар,
Қирғизистонлик 1 нафар ўқувчи битирган.

1961-1966 йилларда «Мир Араб» мадрасасининг ўқувчилари сони 40
нафардан ортмаган. ЎОҚМДН раиси, муфтий З.Бобохонов 1966 йил августда
СССР Диний ишлар бўйича кенгаш номига хат ёзиб «Мир Араб» мадрасаси
ўқувчилари сонини 50 нафаргача кўпайтиришга рухсат сўраган. Бу хатни
Москвага жўнатиш учун Ўзбекистон Диний ишлари бўйича кенгаши вакили
Ш. Ширинбоевга юборилган. У ўз навбатида СССР Министрлар Совети

90

қошидаги Диний ишлар бўйича кенгашга 1966 йил 31 августда хат ёзиб,
ЎОҚМДН нинг «Мир Араб» мадрасаси ўқувчилари таркибини 50 нафарга
етказишга қаршилиги йўқлигини маълум қилган.

СССР Диний ишлар бўйича кенгаш 1966 йил 21 ноябрдаги хатида
Ўзбекистон бўйича кенгашга қуйидагиларни маълум қилган. ЎОҚМДН нинг
«Мир Араб» мадрасасига 1966/67 ўқув йилида қабулни яна 10 нафар ўқувчи
жами 20 нафар ўқувчига кўпайтириши тўғрисидаги илтимосини Кенгаш
кўриб чиқди ва қониқтиришга қарор қилди ва мадраса ўқувчиларининг
доимий таркибини 50 нафар ўқувчи қилиб белгилади.

«Мир Араб» мадрасасига 1966/67 ўқув йилида янги ўқувчилар қабул
қилинган. СССР Диний ишлар бўйича кенгаш кўрсатмасидан келиб чиқиб 31
та тушган аризадан 23 нафар ўқувчи III-синфга қабул қилинган. «Мир Араб»
мадрасаси ўқув ишлари мудири А.Мавлянқуловнинг 1966/67 ўқув йили
бўйича ҳисоботида кўрсатилишича, III, V, VIII-синфлар фаолият кўрсатган ва
жами 50 нафар ўқувчи ўқиган.

Мадрасада 60 йилларнинг охиридан бошлаб Қуръон, ҳадис, тафсирдан
ташқари, бошқа диний фанлар ҳам ўқитила бошланди. «Мир Араб»
мадрасасида 1971/72 ўқув йилида қуйидаги фанлар ўқитилган: Қуръонни
ёдлаш, тажвид, тафсир, фиқҳ, ҳадис, ҳадисни ўқиш қоидаси, ислом тарихи,
араб, форс, рус, ўзбек тиллари, Ўзбекистон тарихи, Янги тарих, география,
жамиятшунослик, жисмоний тарбия. Барча фанлардан 38 фоизи диний
фанлар, 34 фоизи араб тили, 11 фоизи дунёвий фанлар ва қолгани рус, форс
ва ўзбек тили бўлган.

Мадрасада 9 нафар домулла ўқувчиларга дарс берган. Улардан 6 нафар
мударрислар диний фанларни 3 нафар ўқитувчи дунёвий фанларни (тарих,
гегорафия, жамиятшунослик, рус ва форс тиллари) олиб борган.

Мадраса ўқувчилари оилада диний тарбия олган, диндор бўлган ва
шуни таъсирида диний билим олгани ўқишга кирган. Ўқувчилар мадрасада
юқори малакали мударрислардан диний фанлар бўйича чуқур билим олиб,
диний арбоб кадрлар бўлиб етишиб чиққан. Шу билан бирга, уларга дунёвий

91

фанлардан сабоқ бериб ўз ватанини севадиган, совет давлати сиёсатини
тушунадиган, масжидлардаги ваъзларида қавмларга уни етказа оладиган
кадрлар қилиб етиштиришга ҳаракат қилинган. Шу мақсадда диний
ташкилотларга раҳбарлик қилиб турадиган совет партия органлари мадраса
ва ЎОҚМДН нинг диний кадрлар тайёрлашдаги фаолиятини қандай фанлар,
қайси дарсликларни ўқишини назорат қилиб турган, тегишли кўрсатмалар
бериб борган. «Мир Араб» мадрасаси ўқув режаси доимо марказнинг
кўрсатмалари асосида Ўзбекистон диний ишлар бўйича кенгаш вакили
иштирокида тузилган. Бу органларнинг топшириғи ЎОҚМДН томонидан
сўзсиз бажарилган.

60-70-йиллар бошларида совет давлатининг Шарқ мамалакатлари ва
ЎОҚМДН нинг мусулмон дунёси, айниқса, араб давлатлари мусулмонлари
билан алоқаларининг кенгайиши, мустаҳкамланиши араб, инглиз тилларини
мукаммал биладиган, илоҳиёт фанларини чуқур тушунадиган, чет
мамалакатлар вакиллари билан бемалол алоқа қиладиган диний кадрларга
эҳтиёж туғилди. Шу муносабат билан Ўрта Осиё ва Қозоғистон
мусулмонлари диний назорати 1971 йил 1 июнда СССР Диний ишлар бўйича
кенгаш вакилига олий маълумотли диний кадрлар тайёрлаш учун Тошкентда
Олий курс ташкил қилишга рухсат беришни сўраб, хат билан мурожаат
қилди. Хатга диний кадрлар тайёрловчи олий мактаб низомини илова қилган.
Низомда шундай дейилган: ЎОҚМДН ва СССР Диний назоратлари
идораларида хизмат қиладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида
Диний назорат қошида Тошкентда Олий мактаб очилади.

СССР Диний назоратлари ўзларининг чет мамлакатлар билан
алоқаларида юқори малакали кадрларга эҳтиёжини ҳисобга олиб, олий
мактаб ўқув режасига қатор махсус фанлар киритилди. Мактабни
битирганлар араб, рус, ўзбек тилларини мукаммал билиши, инглиз тилида
гаплашиш малакаси, Қуръон ва бошқа диний фанларни чуқур ва атрофлича
ўзлаштирган бўлиши, шунингдек, халқаро аҳвол бўйича билим даражаси

92

кенг бўлиши, ҳозирда жаҳонда мавжуд давлатларнинг сиёсий ижтимоий
тузумларини тушуниши керак бўлган.

ЎОҚМДН нинг диний Олий мактаб очиш тўғрисидаги таклифи КПСС
МК, Ўзкомпартия МК ва Ўзбекистон Министрлар Советида муҳокама
қилиниб, Тошкентда диний Олий мактаб очишга рухсат берилган. Бу
мактабнинг расмий очилиши 1971 йил 1 ноябрда Тошкентда тантанали
равишда бўлиб ўтган. Олий диний мактабнинг очилишига тайёргарлик
ишлари ва очилиши тўғрисида Ўзбекистон Диний ишлар бўйича вакили
М.Мираъзамов 1971 йил 11 ноябрда СССР Диний ишлар бўйича кенгаш
раиси В.А.Куроедовга ахборот ёзган. Ахборотда Олий диний мактабнинг
очилиши тўғрисидаги хабардан ташқари, мактаб 4 йил ўқишга
мўлжалланганлиги ва Совет иттифоқи Диний назорат идораларида чет
мамлакатлар билан алоқалар ишида фойдаланиш учун диний кадрлар билим
савиясини оширишга мўлжалланганлиги қайд қилинган. Шундан келиб
чиқиб, Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакили иштирокида
мактабнинг ўқув режаси тузилган ва ўқувчилари танлаб олинган. Мактабда
ўтиладиган фанлар соатлари ўқувчилар таркибининг ва ўқув юртининг ўзига
хос томонларини ҳисобга олган ҳолда аниқланган. Ўқув режасида диний ва
дунёвий фанларни ўқитиш билан бирга, ўқувчиларни инглиз тилида
гаплашишни ўргатиш ва араб тили бўйича билимини такомиллаштиришга
алоҳида эътибор берилган. Биринчи курсга СССР даги барча Диний
назоратлардан 20 нафар талаба қабул қилиш белгиланган. 1971 йил 10
ноябрга қадар 13 талаба қабул қилинган ва ўқиш бошланган.

1972 йил сентябрь ойида Олий диний мактаб директори
Мавлянқуловнинг ўқишнинг бориши тўғрисидаги маълумотномасида
кўрсатилишича, мактаб талабалари 4 йилда 28 та фандан сабоқ олиши лозим
бўлган: жумладан, тафсир, ҳадис, фиқҳ, тажвид, шариат асоси, ислом тарихи,
адабиётшуносликка кириш, араб адабиёти ва унинг тарихи, араб тили
грамматикаси, нотиқлик, полиграфия, шеър ёзиш қоидаси, таржима
назарияси, рус тили, совет адабиёти, қадимги дунё тарихи, Ўрта Осиё ва

93

Ўзбекистон тарихи, ўрта асрлар тарихи, СССР тарихи, араб мамлакатлари
тарихи, умумий жаҳон географияси, араб мамлакатлари географияси,
жамиятшунослик, халқаро ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар тарихи, сиёсий
иқтисод, фалсафа асослари, инглиз тили, форс тили. Бу фанлар I – IV
курсларда, ҳар бир курсда алоҳида ўқув режаси асосида ўтилган. Олий диний
мактабда ўқитиладиган фанларнинг кенглиги, хилма-хиллиги шуни
кўрсатадики, талабаларга мактабнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб,
ҳам диний, ҳам дунёвий чуқур билим берилган.

Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакили 1980 йил декабрда
кенгаш вакилига юборган Тошкентдаги Олий диний мактаб ва «Мир Араб»
мадрасаси ҳақидаги маълумотномасида мактабнинг 10 йиллик фаолияти
тўғрисида умумий маълумотлар берилган.

1971/72 – 1979/80 ўқув йиллари давомида талабалар уч маротаба 1975,
1979, 1980 йилларда мактабни битириб чиққан. Жами 51 нафар талаба
битирган. Битирувчилар диний назоратлар бўйича қуйидагича тақсимланган:

- Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати – 40 киши,
жумладан, Ўзбекистондан 24 киши;

- Россиянинг Европа қисми ва Сибир мусулмонлари диний назорати –
4 киши;

- Шимолий Кавказ мусулмонлари диний назорати – 3 киши;
- Кавказ мусулмонлари диний назорати – 4 киши битирган.
Мударрислар ЎОҚМДН раҳбарлари, чет эл диний университетиларини
битирган домуллалар бўлган. Дунёвий фанлардан Тошкент олий ўқув
юртларида ишлаётган профессор-ўқитувчилар, жумладан, 3 нафар фан
доктори, 10 нафар фан номзодлари дарс берган. Олий диний мактабга мос
фанларнинг ўқитилиши ва билим доираси кенг, юқори малакали, тажрибали
мударрислар, профессор, доцентларнинг дарс бериши туфайли мактаб
талабалари Диний назоратлар талабига жавоб берадиган, араб, инглиз
тилларида эркин гаплаша оладиган, таржима қила оладиган билимдон
кадрлар бўлиб етишиб чиққан.

94

СССР Министрлар Совети қошидаги Диний ишлар бўйича
кенгашининг 1977 йил 18 февралдаги қарорига асосан «Мир Араб»
мадрасаси ўқувчилар таркиби 10 кишига (шунингдек, Олий диний мактаб
талабалари сони ҳам 10 кишига) орттирилган ва жами 60 кишига етказилган.
1980-81 ўқув йилида 6 нафар ўқувчи резерв қилиб олиниб ўқувчилар сони 66
нафар бўлган.

1984 йил 14 июнда «Мир Араб» мадрасасида навбатдаги битириш
маросими бўлган. Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг 1984
йил 25 июнда юқори ташкилотларга Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари
диний назорати қошидаги ўқув юртларининг навбатдаги битириши
тўғрисидаги маълумотномасида кўрсатилишича мадрасани 11 нафар ўқувчи
битирган.

Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг 1984 йил 25
июндаги ЎОҚМДН қошидаги ўқув юртларини навбатдаги битириб чиқиш
тўғрисидаги маълумотномасида 1984 йил 21 июнда Имом ал-Бухорий номли
Тошкент Ислом институтини навбатдаги битириш маросими бўлганлиги
тўғрисида хабар берган. Институтни 11 нафар талаба битирган. 1984 йили
институтни талабалар битиргандан кейин 1984/85 ўқув йилига 38 нафар
талаба қолган. Шунинг учун институтга қўшимча 12 нафар талаба қабул
қилиш мўлжалланган.

Ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаларининг
билим даражаси мусулмон мамлакатларидаги диний университетлардан
қолишмаган. Чет эл диний ўқув юртларида ўтиладиган фанлар Тошкент
ислом институтида ҳам ўтилган. Мударрислар жамоаси ҳам юқори малакали
бўлган. 80-йиллар бошларида Тошкент ислом институти проректори
С.Муҳитдиновнинг институт ўқитувчилари рўйхатида кўрсатилишича,
институтда 20 нафар мударрис ва профессор-ўқитувчилар талабаларга сабоқ
берган. Мударрислардан 4 нафари Қоҳирадаги «Ал-Азҳар» диний
университетини, 2 нафари Ливия Диний универститетини битирган, диний

95

фанлардан дарс берадиган яна 4 нафар мударрис Тошкент ислом
институтини битирган.

Тошкент ислом институтини жаҳондаги айрим мусулмон Диний
ташкилотлари яхши билган ва қадрлаган. Ўзбекистон Диний ишлар бўйича
кенгаш вакили У. Рустамовнинг 1984 йил июнда СССР Диний ишлар бўйича
кенгаш раиси В.А. Куроедовга юборган маълумотномасида кўрсатилишича,
1984/85 ўқув йили Афғонистон ва Болгария мусулмон диний ташкилотлари 6
нафар ўқувчини Тошкент ислом институтига жўнатишга қарор қилган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати қошидаги
диний ўқув юртларида ўқитиш сифатини ортиши натижасида «Мир Араб»
мадрасаси ва Ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг нуфузи
йилдан йилга ортиб борди.

Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси
Марказий давлат архивида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний
назорати ва унинг ҳузуридаги ўқув юртларини диний арбоб кадрлар
тайёрлаш бўйича фаолиятига оид кўплаб ҳужжатлар сақланиб қолган. Бу
ҳужжатларда «Мир Араб», «Бароқхон» мадрасалари ва Тошкент ислом
институтининг очилиши ва фаолияти кенг ва атрофлича баён этилган. Совет
органларининг назоратида ўрта ва олий маълумотли кадрларнинг
тайёрланиши ва СССР давлати ички ва ташқи сиёсатини чуқур биладиган,
совет тузумига содиқ диний арбобларнинг масжидларда, Диний назоратда
ишлашидан Совет ҳукумати ҳам манфаатдор эди. Шунинг учун Совет
органлари мадрасалар ва диний институтни очишга рози бўлган.

Ислом динига, жумладан, мадрасаларга қарши кураш 1960 йил 1
январдаги КПСС МК нинг «Диний арбобларнинг диний маросимлар
ҳақидаги совет қонунларини бузишини тугатиш тўғрисида»ги ва
ЎзКПМК нинг шу масала тўғрисидаги қарорларидан кейин кучайган.
Республика кенгаш вакили бу қарорларни бажара бориб, «Бароқхон»
мадрасасини тугатган, «Мир Араб» мадрасаси фаолиятини кескин чеклаган.

96

Диний ташкилотларнинг ҳуқуқларини чеклаш ҳам, уларнинг нуфузини,
қадр қимматини орттириш ҳам Совет ҳукуматига боғлиқ эди. XX асрнинг 60-
70-йилларда Совет ҳукумати учун Шарқ мамлакатлари, жумладан, араб
мамлакатлари билан дипломатик алоқаларни кучайтириш зарур бўлган.

Шундай шароитда СССР даги мусулмон диний ташкилотларининг
мусулмон мамлакатлари диний ташкилотлари билан алоқаларини
кенгайтириш мақсадида Москвада СССР мусулмонларининг чет эллар билан
алоқа бўлими ташкил қилинди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари
диний назорати қошида ҳам чет эллар билан алоқалар бўлими ва Ал-Бухорий
номидаги Тошкент ислом институти очилди. Бу институт СССР диний
ташкилотлари учун асосан чет эллар билан алоқаларда фойдаланадиган олий
маълумотли диний кадрлар етиштириб чиқаришга мўлжалланган эди. СССР
ҳукумати мусулмон диний ташкилотларини Шарқ мамлакатлари мусулмон
диний ташкилотлари билан алоқаларининг мустаҳкамланиши ва уларнинг
СССР ҳукумати, ислом динининг ҳолати тўғрисида ижобий фикрда бўлиши
тарафдори эди. Шу ниятга эришиш учун совет ҳукумати Диний назорат
қошида Ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини очишга рухсат
берган. Институтни битирган олий маълумотли диний арбоблар Диний
назоратни чет давлатлар мусулмон диний ташкилотлари билан алоқасини ва
масжидлар фаолиятини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Таянч сўз ва иборалар: мусулмон диний ўқув юртлари, мадраса,
мусулмон диний арбоблари, мударрис, домулла, муфтий, резиденция,
тажвид, тафсир, фиқҳ, ҳадис.

Савол ва топшириқлар
1.ЎОҚМДН Президиумининг 1945 йил 6 февралдаги мажлисида диний
мадраса очиш тўғрисида қандай қарор қабул қилинган?
2. Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг СССР кенгашига
1945 йил 25 майда юборган ахборотида кўрсатилишича, ЎОҚМДН мадрасалар
ишини ташкил қилиш бўйича қандай фикрларни билдирган?

97

3. Ўзбекистон Халқ Комиссарлар Совети 1945 йил 29 ноябрдаги қарори
билан қайси шаҳарларида мусулмон диний арбоблари тайёрлаш учун
ЎОҚМДНга мадрасалар очишга рухсат берган?

4. ЎОҚМДН нинг диний Олий мактаб очиш тўғрисидаги таклифи КПСС
МҚ, Ўзкомпартия МҚ ва Ўзбекистон Министрлар Советида муҳокама
қилиниб, қайси шахарда диний Олий мактаб очишга рухсат берилган?

5. Ислом динига, жумладан, мадрасаларга қарши кураш 1960 йил 1
январдаги КПСС МҚнинг «Диний арбобларнинг диний маросимлар ҳақидаги
совет қонунларини бузишини тугатиш тўғрисида»ги қонуннинг таърифлаб
беринг?

6. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати қошида ҳам
чет эллар билан алоқалар бўлими ва Ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом
институтининг вазифаларни қандай тушунасиз?

3.2. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний
бошқармасининг чет эл мусулмон ташкилотлари билан алоқалари

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати 1943 йилда
ташкил қилинган. Шундан кейин чет эл мусулмон ташкилотлари билан
алоқалар бошланган. Дастлабки алоқалар ЎОҚМДН ва бошқа СССР
мусулмон диний назоратлари вакилларининг Саудия Арабистонига, Маккага
ҳаж сафари билан боғлиқ бўлган. ЎОҚМДН чет эллар билан алоқалар
бўлимининг бир маълумотномаси ва Маккага ҳаж сафарига борган Диний
назорат вакилларининг ҳисоботларига қараганда 1945 йиллари ҳаж сафарига
муфтий Эшон Бобохон ибн Абдумажидхон, муфтий ўринбосари Шайх
Зиёвутдин ибн Эшон Бобохон ва бошқалар раҳбарлигида борган.
Мусулмонлар делегацияси Саудия Арабистонига Эрон, Ироқ, Ливан, Миср
орқали борган. ЎОҚМДН вакиллари биринчи бор бу мамлакатлар
мусулмонлари ва уларнинг диний ташкилотлари, масжидлари раҳбарлари
билан мулоқотда бўлган.

98

XX асрнинг 40-йиллар охири – 50-йиллар бошларида Ўзбекистон
мусулмонлар ҳаёти, ЎОҚМДН иши билан танишгани чет эллардан келган
меҳмонлар билан суҳбатлар шундан далолат берганки, улар совет воқелиги
мусулмонлар ҳаёти, диний эътиқоди тўғрисида нотўғри тушунчага эга
бўлган. Бу фикрни ўзгартириш учун улар билан алоқани кенгайтириш
зарурлиги маълум бўлган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига
мусулмонлар диний эътиқоди ҳолати билан танишгани мусулмон
мамлакатлари ва айрим дин арбобларининг келиши йилдан йилга кўпайиб
борган. СССР Диний ишлар бўйича кенгаш раиси И.В. Полянскийнинг 1956
йил 1 мартда Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаш вакили
Н.Искандаровга ёзган махфий хатида кўрсатилишича, СССР мусулмон диний
ташкилотларига, асосан Ўзбекистон ва Озарбайжонга 1955 йил давомида бир
неча ўн чет эл делегациялари келган. 1956 йилда Эрон, Афғонистон, Миср ва
Туркия давлат арбоблари келиши кутилмоқда эди.

Юқоридаги хатда кўрсатиладики, чет эл делегациялари таркибида
Совет Иттифоқига хайриҳоҳ кайфиятдаги инсонлар билан бир қаторда,
бизнинг мамлакатга душманларча муносабатда бўлган кишилар ҳам бўлиб,
улар мамлакатига қайтиб бориб, Совет халқи ҳаётини бузиб ёритиши
мумкин. Бунга 1955 йилда Совет Иттифоқига келиб, Ўрта Осиё ва
Қозоғистон диний назоратида бўлган АҚШ Олий суди аъзоси У. Дуглас
далил бўлиши мумкин. У АҚШга қайтиб борганидан кейин, Совет Иттифоқи,
жумладан, Ўрта Осиёда мусулмон динининг аҳволи тўғрисида бир қатор
журналларда туҳмат қилиб ёзилган мақолаларни эълон қилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, СССР Диний ишлар бўйича кенгаши
Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаши вакилига ёзган хатда қуйидаги
тавсияни берган: «СССР Министрлар Совети қошидаги Диний ишлар бўйича
кенгаш ходимлари (Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаши вакили СССР
кенгаши ходими ҳисобланган – Р.Ю.) бу масалалар билан шуғулланувчи
совет ташкилотлари ва давлат хизматчилари билан биргаликда Совет

99

Иттифоқига келган чет элликлар, ўз ватанига қайтишида бизнинг
мамлакатимиз тўғрисида яхши таассурот билан қайтиши учун барча зарур
чораларни кўриши лозим. Бу тўлалигича уларни СССР да мусулмон
динининг ҳолати билан ташишишга ҳам алоқадор бўлиши керак. Бу масалага
муносабатда чет элликлар СССР да мусулмон-диндорларига Конституция
бўйича ҳуқуқи тўла таъмин этилганлигига ишонч ҳосил қилиши керак».

Кенгаш Ўзбекистондаги вакилига мусулмон дини бўйича кўрсатилган
вазифани бажариш мақсадида яқин вақт ичида юқори идораларга мусулмон
дини бўйича бир қатор тадбирлар амалга ошириш тўғрисида таклиф билан
кириш зарурлигини кўрсатган. Бу тадбирлар натижасида чет элликларга
Совет Иттифоқида мусулмонлар ҳаётини, жумладан, уларнинг диний
ҳаётини имконият даражасида тўлароқ кўрсатиш мумкин бўлсин. Совет
қонунлари доирасида мусулмон дини бўйича тадбирлар ишлаб чиқишни
таклиф қилган. Бу тадбирларни ишлаб чиқишда чет элликлар масжидларга,
диний бошқармага кирганида, дин арбоблари, диндорлар билан
суҳбатлашганда улар қизиқадиган қуйидаги масалаларга эътибор беришни
таклиф қилган: республикада фаолият кўрсатаётган масжидлар, мадрасалар
борлиги, диний адабиётлар нашр қилиниши, мусулмонларнинг моддий
аҳволи, уларнинг чет эл мусулмон ташкилотлари билан алоқалари ва шунга
ўхшашлар. Ишлаб чиқилган тадбирни СССР Диний ишлар бўйича кенгашига
юборишни сўраган.

Ўзбекистон Министрлар Совети қошидаги Диний ишлар бўйича
кенгаш вакили Н. Искандаров 1956 йил 9 мартда СССР Диний ишлар бўйича
кенгаши раиси И.В. Полянскийга мусулмон диний ташкилотлар ишини
яхшилашга қаратилган тадбирларни юборган.

Бу тадбирларни кўриб чиқиб, СССР Диний ишлар бўйича кенгаш 1956
йил 24 мартда Ўзбекистон Диний ишлар бўйича кенгаши вакилига хат ёзиб,
қуйидаги таклифларни берган: «Тадбирларда баён этилган масалалар асосан
СССР да виждон эркинлигининг борлиги, мусулмонлар диний эътиқодини
эркин бажариши мумкинлигини чет мамлакатларига ташвиқот қилишни

100


Click to View FlipBook Version