FOYDALANILGAN ADABIYOTLAR:
1. Abdurrahim ibn Zayn Iroqiy. Tarhu-t-tasrib fi
sharhi-t-taqrib. J.1. – Bayrut. Dor ihyoi-t-turosi-l-
arabiy.
2. Abu Iso at-Termiziy. Sunanu-t-Termiziy. J. 9.
Daru-l-g‘arbi-l-islomiy.
3. Ibn Kasir. Al-bidoya va-n-nihoya. – Bayrut. J.
11. Dor ihyoi-t-turosi-l-arabiy, 1988.
4. Ibn Hajar Asqaloniy. Tahzibu-t-tahzib. J. 1. –
Haydarobod: Matbaa majlis doirat al-maorif an-
nizomiya, 1325.
5. Ibn Asokir. Tarixu Dimashq. J. 52. – Bayrut.
Doru-l-fikr, 1998.
6. Ibn Kasir. Al-bidoya va-n-nihoya. – Bayrut.
J.14. Dor ihyoi-t-turosi-l-arabiy, 1988.
7. Safadiy. Al-Vofiy bil vafiyyot. J. 2. – Bayrut. Dor
ihyoi-t-turos.
8. Tojuddin Subukiy. Tabaqotu-sh-shofi’iyati- l-l-
kubro. J. 2. – Qohira. Dor Hajr, 1992.
9. Fuad Sezgin. Tarixu-t-turosi-l-arabiy. J.1. –
Riyoz. Idoratu-s-siqofa va-n-nashri bi-l-jomi’a, 1991.
10. Hoja Xalifa. Kashfuz zunun. J. 1. – Bayrut.
Doru-l-fikr.
11. Shavkoniy. Naylu-l-avtor. J.1. Idoratu -t-
tibo’ti-l-muniriya.
12. Shamsuddin Zahabiy. Mashhur daholar siyrati. –
T. Sharq, 2015.
13. Abu Abdulloh Muhammad ibn Ismoil Buxoriy.
Hadis (Al-Jome’ as-sahih). J. 1-4. (1-nashri). – T.:
Qomuslar Bosh tahririyati, 1991-1996.
14. Abu Abdulloh Muhammad ibn Ismoil Buxoriy.
Sahihul Buxoriy. Al-jomi’ as-sahih (Ishonarli to‘plam)
(Shayx Abdulaziz Mansur tahririda). 2-kitob. – T.:
“O‘zbekiston milliy ensiklopediyasi” Davlat ilmiy
nashriyoti, 2008.
15. Abu Abdulloh Muhammad ibn Ismoil ibn
Mug‘iyra Buxoriy. Sahihul Buxoriy. – Misr, 2001.
16. Alimov U. Imom Buxoriy barakoti. – T.:
Movarounnahr, 2007.
17. Imom Buxoriy ta’rifi. – Samarqand, Imom
Buxoriy xalqaro markazi, 2018.
18. Imom Buxoriy. Al-adab al-mufrad (Adab
durdonalari). – T., 1990.
19. Imom Buxoriy. Al-adab al-mufrad. – T.:
Toshkent islom universiteti, 2008.
20. Mamadaliyev S. Imom Buxoriy ta’rifi. – T.:
Cho‘lpon, 1996.
21. Uvatov U. Hadis ilmning sultoni. – Samarqand:
Imom Buxoriy xalqaro markazi, 2009.
22. O‘rta asr sharq allomalari ensiklopediyasi. –
Samarqand, Imom Buxoriy xalqaro markazi, 2016.
23. Usmonxon Temurxon o‘g‘li, Baxtiyor Nabixon
o‘g‘li. Imom al-Buxoriy muhaddislar sultoni. –T.:
O‘zbekiston milliy ensiklopediyasi, 2004.
24. Shayx Abdussalom al-Muborakfuriy. Imom al-
Buxoriy. (U. Uvatov tarjimasi). – T.: Toshkent islom
universiteti, 2008.
25. Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf.
Hadis va Hayot. J. 1. – T.: Sharq, 2008.
26. http://kh-davron.uz
27. http://zarnews.uz
Убайдулла УВАТОВ,
Отабек МУҲАММАДИЕВ
ИМОМ БУХОРИЙ
Ушбу китоб юқори синф ўқувчилари
ва талабалар учун мўлжалланган
«Ёшларимизга биз қандай улуғ боболаримиз
ўтганлигини етказиб берсак, уларнинг маънавий бойлиги
ошади. Шунингдек, улуғ олим ва мутафаккир боболаримиз
маънавий меросини халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгига
сингдирсак, уларга муносиб бўлиб ва улардан ўрнак олиб
яшашига жуда катта ижобий таъсирини кўрсатади».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
ИМОМ БУХОРИЙ
(810–870)
Исми шарифлари. Тўлиқ исмлари – Абу Абдуллоҳ
Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн
Бардизбаҳ Жуъфий Бухорийдир. Сўнгги исмлардан
кўриниб турибдики, Имом Бухорийнинг асл
насаблари ажамлар(араб бўлмаган)га бориб тақалади.
Имом Бухорий бобосининг отаси Муғийра Бухоро
ҳокими Яман Жуъфийдан исломни қабул қилиб,
Бухорони ватан тутган ва унда яшаб қолган. Бирон
шахснинг раҳнамолигида мусулмончиликка кирган
киши ўз ҳомийсининг нисбасига мансуб бўлганидек, у
ҳам Бухорога келгач, зикр этилган нисбани олган эди.
Шу боисдан уни Жуъфий деб атардилар.
Ким бўлганлар? Буюк ватандошимиз ўз даврининг
таниқли олими ва муҳаддиси Муҳаммад ибн Исмоил
Бухорийнинг ҳадис илмига оид бўлган Қуръони
каримдан сўнг исломнинг иккинчи манбаси
ҳисобланган “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари ўзига хос ўрин
тутиб, бутун дунёга машҳур бўлган.
Халқ орасида Имом Бухорий номи билан машҳур
бўлганлар. Исмлари – Муҳаммад, кунялари – Абу
Абдуллоҳ бўлган. Бухорода туғилганликлари учун
Бухорий нисбаси берилган. Ҳадис илмида илми етук
бўлганликлари учун “Имом” деб танилганлар.
Ислом олами ва муҳаддислар орасида “Амирул
муъминийна фил ҳадис” (“Ҳадис илми бобида
мўминлар амири”), “Ал-Имомул миқдом (“Жасур
имом”) ”Имомул муҳаддисийн” (“Муҳаддислар
имоми”), “Саййидул фуқаҳо (“Фақиҳлар саййиди”)
каби юксак унвонлар билан тилга олинадилар.
Қачон ва қаерда туғилганлар? Имом Бухорий
ҳижрий 194 сана, шаввол ойининг 13-куни, милодий
810 йил 20 июльда жума намозидан кейин, Бухоронинг
Пойканд шаҳрида таваллуд топганлар.
Қандай оилада вояга етганлар? Оталари Исмоил
ибн Иброҳим Бухорода тақводорлиги билан танилган,
ҳадис илми билан шуғулланган олимлардан бири
бўлган. Исмоил ибн Иброҳим Муҳаммад
алайҳиссаломнинг ҳадисларини тўплашдек катта
бахтга муяссар бўлган. Бу йўлда бир қанча ўлкаларга
сафар қилган. Ҳаммод ибн Зайд, Молик ибн Анас ва
бошқа улуғ муҳаддислардан ҳадис ёзиб олган.
Уларнинг хизматида бўлган. Улуғ олимлардан
ҳадислар эшитиб, уларни ўзининг атрофидаги
кишиларга айтиб берган. Ҳадис илми билимдони
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг суҳбатида бўлган.
Исмоил ибн Иброҳим ниҳоятда ҳалол инсон бўлиб,
вафот этаётган пайтида: “Мен кўп мол-дунё
тўплаганим йўқ, зеро, илм дунё аҳли билан
келишмаслигини биласиз. Аммо шуни комил ишонч
билан айтаман, тўплаган мол-дунёимда шубҳали
бирор дирҳам аралашганини билмайман. Улар
орасида ҳатто бирор ҳаром танга ё луқма йўқдир.
Аллоҳ ҳузурида бу борада ҳисобга тортилишидан
кўнглим хотиржам. Жанозамга кўп маблағ
харжламайсизлар, қолганини аҳлим нафақаси,
фарзандлар таълими учун ишончли кишига
топширасиз”, деб ўзларининг энг яқин шогирдлари
Аҳмад ибн Ҳафсга васият қилади.
Имом Бухорийнинг онасига ҳам: “Фарзандларимни
сизга омонат қолдираяпман, барчангизни Аллоҳнинг
паноҳига топшираман. Унинг Ўзи энг яхши
ҳимоячидир. Васиятим эсингизда бўлса керак: ўғлим
Муҳаммадга яхши илм берасиз. Расулуллоҳ
ҳадисларини тўплаш ва тадқиқ қилиш ишига
рағбатлантирасиз. Бутун умидим ўғлим Муҳаммаддан.
Ожиз бандани йўқлаб туринглар!” деб васият қилади.
Оталари ҳақ гапни айтаётган эди. У киши ҳадис
тўплашда қанчалик омонатдорлик, эҳтиёткорлик
кўрсатган бўлса, мол-мулк топишда ҳам ҳаром ва
шубҳадан шунчалик тийилди. У фарзандларининг
камоли, илмининг юқиши асосан ҳалқум поклигига
боғлиқлигини яхши биларди. Улар нафақасининг
фақат ҳалол-покдан бўлишига интилгани-интилган
эди. Шу боис ҳозир охиратдаги ҳисоб-китобларидан
хотиржам, нафси рози ҳолда омонатини топшираётган
эди.
Оталари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу
алайҳи васалламга содиқ инсон бўлиб, ҳадисларини
тўплаб, бутун оламга танитсин деган мақсадда
ўғилларига Муҳаммад деб исм қўядилар.
Имом Бухорий оталаридан қолган бойликдан
фойдаланиб, ёшликларини илм олиш учун сарфлаб
ўзларидан кейин келадиган келажак авлод учун юксак
бир намунани тақдим этдилар. У зотнинг
тарихларидаги ёшлик йилларининг ўзи ёшларимиз
учун бир мактаб вазифасини бажаради.
Оналари. Муҳаммаднинг оталари гўдакликларида
вафот этиб, ёшлик чоғидан оналари тарбиясида ўсиб-
улғайдилар. Оналари солиҳа, обида, тақводор, фозила
ва илм-маърифатли аёл бўлганлар. Қуръонни тўлиқ ёд
олиб, Имом Бухорийнинг оталари Исмоил ибн
Иброҳим ёрдамида 8 минг ҳадис ёдлаганлар.
Фарзандлари Муҳаммад ибн Исмоил гўдаклик
чоғларида кўзларига бир мусибат етиб, кўзлари кўр
бўлиб қолади. Оналарининг тўхтовсиз Аллоҳ таолога
қилган илтижо ва дуолари сабаб Муҳаммаднинг
кўзлари яна асл ҳолига қайтиб, кўра бошлайди. Шу
боис манбаларда ул муҳтараманинг исмлари зикр
қилинмасдан, “Дуоси мустажоб аёл” номи билан тарих
зарварақларида муҳрланиб қолган.
16 ёшларида оналари ва акалари Аҳмад билан
биргаликда Ҳаж ибодатини адо этдилар. Аҳмад ёш
жиҳатидан у кишидан анча катта эди. Ҳаждан
қайтгандан кейин акалари Бухорода вафот этди.
Муҳаммад эса илм олиш ниятида Маккаи
мукаррамада яшаб қолдилар.
БОЛАЛИКДАГИ УСТОЗЛАРИ
Имом Бухорий ёшлик чоғларида Бухоронинг
таниқли муҳаддисларидан саналган олим Дохилийдан
ҳадис илмидан сабоқ олганлар. Ҳадисларни ўрганиш
бўйича ушбу олим ташкил этган тўгаракнинг шуҳрати
атрофга кенг тарқалган бўлиб, унинг фаолияти ёйилиб
улкан самараларга эришган.
Имом Бухорийнинг шоҳ асари бўлган “Саҳиҳул
Бухорий”нинг асосий ровийларидан бири Абу
Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Матар ибн Солиҳ
Фирабрий (845-932) шундай деган: “Имом
Бухорийнинг варроғи (ёзганларини оққа кўчирувчиси)
Муҳаммад ибн Абу Ҳотам ҳамиша “Мен Бухорийдан ўз
қулоғим билан “Мен бошланғич мактабда ўқиган
пайтларимдаёқ Аллоҳ менга ҳадисларни ёдлаш
илҳомини ато этганди” деганини эшитдим. Мен ундан:
“Ўшанда неча ёшда эдингиз?” – деб сўрадим. Устоз: “Ўн
ёшда ёки ундан ҳам кичик эдим. Сўнгра мактабни
битириб, устоз Дохилий ва бошқалардан ҳадислар
юзасидан сабоқ ола бошладим. Кунлардан бир кун
устоз дарс пайтида: “Суфён, Абу Зубайрдан ҳадис
ривоят қилган, Зубайр эса Иброҳимдан”, – деб
қолдилар. Шунда мен: “Ҳеч қачон Абу Зубайр
Иброҳимдан ривоят қилмаган”, – дегандим, устоз
менга танбеҳ берган бўлдилар. Мен устозга:
“Қўлингизда бўлса, асл манбага бир қаранг”, – дедим.
Устоз ичкари хонага кириб қайтиб чиққач: “Эй
ғулом бола, унда тўғриси қандай бўлади?” – дедилар.
Мен: “Зубайр аслида ибн Аъдийдан, у эса Иброҳимдан
ҳадис ривоят қилган”, – дедим. Шунда устоз қаламни
олиб ёзганларини тузатиб қўйдилар-да менга қараб:
“Сен ҳақ экансан”, – дедилар. Шунда кимдир ундан:
“Ўша вақтда неча ёшда этингиз?” – деб сўраганди.
“Ёшим ўшанда ўн бирда эди”, – деб жавоб
қилгандилар. Яна суҳбатида давом этиб у: “Ўн олти
ёшга кирганимда эса Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий
(736-798) ва Вакийъ ибн Жарроҳ ибн Мулайҳ
Равосийнинг (747-814) китобларини тўлиқ ёдлаб олиб,
шунингдек, анавиларнинг, яъни “асҳобур
райъ”ларнинг (сўзма-сўз: фикр асҳоблари – мантиқий
фикрлаш асносида ақлий хулосаларга таяниб ҳукм
чиқарувчи мутафаккирлар) каломларини ҳам билиб
олгандим. Шундан кейин волидам ва акам Аҳмад
билан муборак ҳаж сафарига йўл олдим”, –
дегандилар”. Бундан аён бўладики, Имом Бухорийнинг
хорижга дастлабки сафари 210/825 санага тўғри
келади.
Илм талабида қилган сафарлари. Имом Бухорий
ўз ҳаётлари давомида кўп маротаба ва том маънода
сермаҳсул сафарларда бўлдилар. У киши ўз
замоналарида қарийб барча исломий мамлакатларга,
баъзи бирларига эса бир неча маротабадан сафар
қилдилар. Бу ҳақда Имом Бухорийнинг ўзлари шундай
деганлар:
“Мен Сурия, Миср ва Арабистон ярим оролларини икки
марта зиёрат қилдим, бир неча марта Басрада бўлдим,
олти йил Ҳижозда (Саудия Арабистони) яшадим, Куфа ва
Бағдод шаҳарларида неча марта бўлганимни эслолмайман”.
Машҳур тарихчилардан бири Хатиб шундай ёзади:
“Бухорий барча диёрлар муҳаддислари ҳузурига сафар
қилди. У Хуросонда, Жиболда, Ироқ шаҳарларининг
барчасида, Ҳижозда, Шомда, Мисрда ёзди. Бағдодга бир неча
марта кирди”.
Ҳофиз айтади: “У Маккадан қайтганидан кейин турли
диёрлардаги ҳадис устозлари ҳузурига, сафар қилиш
имкони бўлган ерларга борди. Балхда, Нишопурда, Райда,
Бағдодда, Куфада, Мадинада, Воситда, Дамашқда,
Асқалонда, Ҳимсда ва бошқа ерларда бўлди”.
Устозлари. Имом Бухорий баъзи устозлари,
шунингдек, ундан дарс олиб сабоқларидан баҳраманд
бўлиб фойдаланганлар ҳақида сўзласак, улар жуда
катта бир бобни ташкил қилиб, уларнинг аниқ ададини
келтириш мушкул. Шу боисдан алломанинг илмий
сафарларининг ғоятда кенг қамровлиги, ровийларнинг
беҳад кўплиги, унинг иноятининг беқиёс даражада
улканлигининг далили учун ҳар бир иқлим ва
шаҳарлардаги устозларидан баъзиларига
диққатингизни қаратамиз.
Абу Абдуллоҳ Ҳоким ёзишича, Бухорий зикр
қилинган шаҳарларга фақат илм талабида сафар
қилган ва у жойларда узоқ муддат яшаб,
машойихларидан сабоқ олган. Шунингдек, Абу
Абдуллоҳ Ҳоким: “Мен фақат Имом Бухорий сабоқ
олган машойихларнинг энг таниқлиларидан бир
гуруҳи исмларини келтирдимки, бу билан унинг ҳадис
тўпламдаги иснодининг (ровийларининг) нақадар
олий даражада бўлганлигини кўрсатиш мақсадим
эди”, деган.
Хатиб Бағдодийдан (1002-1072 йилларда яшаган
машҳур тарихчи) ривоят қиладиларки, у: “Имом
Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) турли-туман шаҳарлардаги
муҳаддислар ҳузурига бориб, Хуросон, Жибол, Ироқнинг
барча шаҳарлари, Ҳижоз, Шом, Миср ва Бағдодга неча
марталаб келиб ҳадислар ёзиб олган”, деб таъкидлаган.
Кўпчилик олимлар Жаъфар ибн Муҳаммад
Қаттондан ривоят қилганлар. У шундай деган: “Мен
Бухорийнинг ўзидан эшитгандим, у: “Мен мингдан ортиқ
устоз олимлардан ҳадислар ёзиб олганман. Менда исноди
зикр этилмаган биронта ҳам ҳадис йўқ”, деган эди”.
Аммо Имом Бухорийдан ҳадис бўйича сабоқ
олганларга келсак, уларнинг сони ҳар қандай ҳисоб-
китобдан ортиқ, зикрларини келтиришдан кўра ҳам
машҳурроқ эдилар. Даставвал Фирабрийдан ривоят
қилиниб, у: “Саҳиҳ” асарининг Имом Бухорийдан
етмиш минг киши эшитган, менинг ўзимдан бошқа
ровийларни ҳисобга олганда, деган. Аслини олганда
Имом Бухорийдан бундан ҳам зиёда кишилар ривоят
қилган. Чунки ушбу китобнинг аввалроғида зикр
этганимиздек, унинг илмий мажлисларига йигирма
мингдан ортиқ тингловчи қатнашиб, ундан ҳадис
эшитиб ривоят қилардилар. Имом Бухорийдан
ҳадислар ривоят қилган йирик алломалардан “Саҳиҳ”
асарининг соҳиби имом Абулҳусайн Муслим ибн
Ҳажжож, Абу Исо Термизий, Абу Абдураҳмон Насоий,
Абу Ҳотим Розий, Абу Зуръа Розий, Абу Исҳоқ
Иброҳим ибн Исҳоқ Ҳарб, Солиҳ ибн Муҳаммад
Жазара Ҳофиз, Абу Бакр ибн Ҳузайма, Яҳё ибн
Муҳаммад ибн Саъид ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ
Мутийин ва улардан бошқалар бўлиб, булар
ҳаммалари ўз даврининг йирик алломалари-ю машҳур
ҳофизлари саналадилар. Хатиб Бағдодийнинг
ёзишича, Бағдодда имом Бухорийдан ҳадис ривоят
қилганларнинг энг охиргиси олим Ҳусайн ибн Исмоил
Муҳамилий бўлган.
Имом Бухорий илм ва ҳадис талабида умрларининг
кўп қисмини сафарларда ўтказганликлари аввал ҳам
айтиб ўтилган эди. Шунинг учун у кишининг устозлари
жуда кўп бўлган. Муҳаддислар кимдан бирорта ҳадис
ривоят қилган бўлса ҳам, ўша шахс унга устоз,
уларнинг ўз истилоҳлари билан айтиладиган бўлса –
шайх ҳисобланади.
“Тарихи Бағдод” китобида зикр қилинишича, Имом
Бухорийнинг ўзлари “Мен мингдан кўп шайхдан ёзиб
олганман”, деганлар.
Бу ҳақда Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ:
“Бухорийнинг вафотидан сал олдин “Бир минг
саксон кишидан ҳадис ёзиб олдим, ҳаммалари ҳадис
соҳибидирлар” деганларини эшитганман”, деган.
Мутахассис уламолар Имом Бухорийнинг
устозларини қуйидаги икки қисмга тақсимлайдилар:
Биринчи қисм: иқлимлар ва шаҳарлар бўйича:
Макка.
1. Абулвалид Аҳмад ибн Муҳаммад Азрақий.
2. Абдуллоҳ ибн Язид Муқрий.
3. Исмоил ибн Солим Соиғ.
4. Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Зубайр Ҳумайдий ва
бошқалар.
Мадина.
1. Иброҳим ибн Мунзир Ҳизомий.
2. Муторриф ибн Абдуллоҳ.
3. Иброҳим ибн Ҳамза.
4. Абу Собит Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ.
5. Абдулазиз ибн Абдуллоҳ.
6. Яҳё ибн Қазаъа ва бошқалар.
Шом.
1. Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий.
2. Абу Наср Исҳоқ ибн Иброҳим.
3. Одам ибн Абу Иёс.
4. Абу Яман Ҳакам ибн Нофеъ.
5. Ҳаёт ибн Шурайҳ ва бошқалар.
Бухоро.
1. Муҳаммад ибн Салом Пойкандий.
2. Муҳаммад ибн Юсуф Бухорий.
3. Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий.
4. Ҳорун ибн Ашъас ва бошқалар.
Марв.
1. Али ибн Ҳасан ибн Шақийқ.
2. Абдон ибн Усмон.
3. Муҳаммад ибн Муқотил ва бошқалар.
Балх.
1. Маккий ибн Иброҳим.
2. Яҳё ибн Бишр.
3. Муҳаммад ибн Абон.
4. Ҳасан ибн Шужоъ ва бошқалар.
Ҳирот.
1. Аҳмад ибн Абдуллоҳ Ҳанафий.
Нишопур.
1. Яҳё ибн Яҳё Тамимий.
2. Бишр ибн Ҳакам. Аҳмад ибн Ҳафс.
3. Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий ва бошқалар.
Рай.
1. Иброҳим ибн Мусо.
Бағдод.
1. Муҳаммад ибн Исо Таббоъ.
2. Муҳаммад ибн Собиқ.
3. Сурайж ибн Нуъмон.
4. Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалар.
Басра.
1. Абу Осим Набийл.
2. Сафвон ибн Исо.
3. Бадал ибн Муҳаббир.
4. Ҳарам ибн Ҳафс ва бошқалар.
Восит.
1. Ҳассон ибн Ҳассон.
2. Ҳассон ибн Абдуллоҳ.
3. Саъийд ибн Сулаймон ва бошқалар.
Куфа.
1. Убайдуллоҳ ибн Мусо.
2. Абу Нуъайм.
3. Аҳмад ибн Яъқуб.
4. Исмоил ибн Абон ва бошқалар.
Миср.
1. Усмон ибн Солиҳ.
2. Саъийд ибн Абу Марям.
3. Асбиғ ибн Фараж ва бошқалар.
Жазийра (Дажла ва Фурот орасидаги ерлар).
1. Аҳмад ибн Абдулмалик Ҳарроний.
2. Аҳмад ибн Язид Ҳарроний ва бошқалар.
Иккинчи қисм: Табақотлар бўйича:
Абулфазл Мақдисий ва бошқа уламоларнинг
таъкидлашларича, Имом Бухорийнинг машҳур “Ал-
Жомеъ ас-саҳиҳ” китобларида келтирган ҳадисларни
олган шайхлари беш табақадан иборатдир.
Биринчи табақа:
Имом Бухорий билан ҳадисни ривоят қилувчи
тобиъийн орасида фақат бир ривоятчи бор холос.
Улардан бири Муҳаммад ибн Абдуллоҳ
Ансорийдир.
Имом Бухорий у орқали, Ҳумайддан, у Анасдан
ривоят қилган.
Маккий ибн Иброҳим ва Абу Осим Нубайллар ҳам
биринчи табақага кирадилар.
Имом Бухорий улар орқали Язийд ибн Абу
Убайддан, у Салама ибн Акваъдан ривоят қилган.
Улардан яна бири Убайдуллоҳ ибн Мусодир.
Имом Бухорий у орқали Маъруфдан, у эса Абу
Туфайл ва Алидан ривоят қилган.
Юқорида зикри келганларга ўхшаганлар биринчи
табақадан бўладилар.
Бухорий Молик, Саврий, Шўъба ва бошқалардан
ҳадис олган улар эса ўз табақасидан олишган.
Иккинчи табақа:
Тобиъийнлардан ҳадис олган имомлардан ривоят
қилувчи қавмлардир.
Ҳижозликлардан Ибн Журайж, Молик, Ибн Абу
Зеъб, Ибн Уяйналар.
Шомликлардан Шуъайб, Авзоъий ва иккисининг
табақасидагилар.
Ироқликлардан Саврий, Шўъба, Ҳаммод, Абу
Авона, Ҳаммомлар.
Мисрликлардан Лайс, Яъқуб ибн Абдурроҳманлар
ва бошқа жуда кўп кишилардир.
Учинчи табақа:
Имом Бухорий ўзларини кўрган бўлса ҳам, улардан
ҳадис эшитмаган қавмлар.
Бу табақага Язид ибн Ҳорун ва Абдурраззоқлар
мисол бўлади.
Тўртинчи табақа:
Имом Бухорийнинг табақасидаги қавмлар бўлиб,
улар орқали ўз шайхларининг ривоятларини олганлар.
Буларга Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Идрис Мисол
бўлади.
Бешинчи табақа:
Имом Бухорийдан иснод, ёш, вафот ва маърифатда
кейин турадиган қавмлар бўлсалар ҳам, у киши
улардан ривоят қилганлар. Уларга Абдуллоҳ ибн
Ҳаммод Омулий ва Ҳусайн Қаббонийлар мисол
бўлади.
Мақдисийнинг айтишича, Имом Бухорийнинг
ўзлари:
“Муҳаддис токи ўзидан юқори, ўзи тенги ва ўзидан
кичиклардан ривоят қилмагунча комил бўла
олмайди”, деганлар.
Шогирдлари. Имом Бухорийнинг шогирдлари
ниҳоятда кўп бўлган. Мўътабар манбаларнинг
гувоҳлик беришича, улуғ олим ҳаётининг бош китоби
бўлмиш – “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”дан у кишининг
бевосита раҳбарликларида 90 минг киши таълим
олган.
Уларнинг сафида машҳур муҳаддислар Муслим ибн
Ҳажжож, Имом Термизий, Имом Насоий, Ибн
Хузайма, Ибн Абу Довуд, Муҳаммад ибн Юсуф
Фирабрий, Иброҳим ибн Маъқал Насафий, Ҳаммод
ибн Шакар Насовий, Мансур ибн Муҳаммад Базданий
ва яна кўплаб улуғ олимлар бор.
Имом Бухорий болалик чоғларидаёқ
шогирдларининг саноғи йўқ эди. Ёшлик чоғида Басра
аҳли маърифат толиблари у кишининг ортидан
югурар эди. Ҳатто мажбур қилиб йўл устига ўтқазиб
олиб ҳадис сўрашар эди.
Ўша мажлисларда минглаб одам жамланар эди.
Уларнинг кўпи ҳадисларини одамлар ёзиб оладиган
шайхлар бўларди. Имом Бухорий эса ҳали мўйлови
чиқмаган ёш бола эди.
“Тарихи Бағдод” китобида бу ҳақда қуйидагиларни
ўқиш мумкин:
“Абу Бакр Айян айтади: “Муҳаммад ибн Исмоилдан
Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг эшиги олдида
ҳадис ёзиб олдик. Унинг юзида бирорта ҳам тук йўқ
эди.
Бир марта Бухорий Басрага келганларида жарчи
“Эй аҳли илмлар! Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий
келдилар!” деб жар солди.
У кишини излаб борганлар Басра жоме масжидида,
устун ортида намоз ўқиётган қоп-қора соқолли ёш
йигитни кўрдилар. У намозини ўқиб бўлиши билан
ўраб олиб, улар учун имло мажлиси қуришни илтимос
қилишди. У киши рози бўлдилар.
Шунда жарчи иккинчи марта Басра жоме
масжидида туриб “Батаҳқиқ, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад
ибн Исмоил Бухорий келдилар! Биз у кишидан имло
мажлиси қуришни сўрадик! У киши эртага фалон
жойда мажлис қуришга рози бўлдилар!” деб жар
чақирди.
Эртасига фақиҳлар, муҳаддислар, ҳофизлар ва
нозирлардан кўп минг одам жамланди.
Бағдодда ҳам у кишининг минглаб шогирдлари бор
эди. Абу Али Солиҳ ибн Муҳаммад Бағдодий айтади:
“Муҳаммад ибн Исмоил Бағдодда мажлис қурар
эди. Мен унинг имлосини одамларга етказиб турар
эдим. Унинг мажлисига йигирма мингдан зиёд одам
жамланар эди”.
ИМОМ БУХОРИЙНИНГ
ВАФОТЛАРИ
Муҳаммад ибн Абу Ҳотам Варроқ шундай дейди:
“Ғолиб ибн Жаброил – Хартанг қишлоғида турганда
Имом Бухорий унинг уйида тўхтаган эди – шундай
деганини эшитганман.
Имом Бухорий бир неча кун Хартангда
яшаганларидан кейин Самарқанд аҳлидан элчи келиб,
улар уни Самарқандга келишга таклиф қилганларидан
олдинроқ у бетобланиб қолган эдилар. Шундай (касал)
бўлсалар-да, у киши бунга розилик бериб, отланиб
жўнашга ҳозирлик кўра бошладилар. Кавушларини
кийиб, саллаларини ўрадилар. Кейин отга миниш
учун у томон қараб йигирма қадамча юргач (мен уни
қўлтиғидан суяб борардим), бизга қараб: “Мени ўз
ҳолимга қўйинглар, тобим қочди”, дедилар. Биз у
кишини ўз ҳолларига қўйдик, шунда у киши кўпдан-
кўп дуолар ўқидилар-да, ётиб олдилар ва жон таслим
қилдилар. У кишидан жуда кўп тер оқиб чиқди. У
киши васият қилиб: “Мени уч кийим-бошда (асвоб)
кафанланглар, унда кўйлак ҳам, салла ҳам бўлмасин”,
дегандилар.
Имом Бухорийнинг вафоти 870 йили (ҳижрий 256)
Ийд ал-фитр (Рўза ҳайити) кечаси юз берган эди.
Ёшлари ўн уч куни кам олтмиш икки ёшда эди. Аллоҳ
у кишига ўз раҳматини бениҳоя қилсин!
ИМОМ БУХОРИЙ МЕРОСИ
Имом Бухорий асарлари хусусида сўз юритганда,
Имом Қасталоний фикрини келтириб ўтиш кифоя,
яъни: “Имом Бухорий асарлари қуёш етган жойгача
етиб борди. Дунёнинг ҳамма жойини эгаллади. Унинг
фазлини ҳеч ким инкор қилолмайди. Асарларининг
энг улуғи – “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” (“Саҳиҳул
Бухорий”)дир”.
Имом Бухорийга нисбат берилиб келинадиган
асарлар сирасига қуйидагилар киради:
1. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”);
2. “Ал-Адаб ал-муфрад“ (“Адаб дурдоналари”);
3. “Рафъул йадайни фис солат” (“Намозда икки
қўлни кўтариш ҳақида);
4. “Ал-Қироату холфал имам” (“Имомнинг ортидан
намоз ўқиш”);
5. “Биррул волидайн” (“Ота-онага яхшилик
қилиш”);
6. “Ат-Тарихул кабир” (“Катта тарих”);
7. “Ат-Тарихул авсат” (“Ўрта тарих”);
8. “Ат-Тарихус сағир” (“Кичик тарих”);
9. “Холқ афъол ал-ъибад” (“Бандалар феълларининг
яратилиши”);
10. “Аз-Зуаъфо вал матрукийн ” (“Заиф ва тарк
қилинганлар ҳақида”);
11. “Ал-Муснадул кабир” (“Катта муснад”);
12. “Ат-Тафсирул кабир” (“Катта тафсир”);
13. “Китобул ашриба” (“Ичимликлар ҳақида
китоб”);
14. “Китобул ҳиба” (“Совғалар ҳақида китоб”);
15. “Асомиус саҳоба” (“Саҳобалар исмлари”);
16. “Китобул вуҳдон” (“Биттадан ҳадис айтган
саҳобалар ҳақида китоб”);
17. “Китобул мабсут фил ҳадис”(“Ҳадис ҳақида
муфассал китоб”);
18. “Китобул ъилал фил ҳадис” (“Ҳадислардаги
иллатлар ҳақида китоб”);
19. “Китобул куна” (“Кунялар ҳақида китоб”);
20. “Китобул фавоид” (“Фойдалар ҳақида китоб”);
21. “Қазойоус саҳоба ват тобиъийн” (“Саҳоба ва
тобиъийнлар муаммолари”);
22. “Ал-Жомеъул кабир” (“Катта тўплам”);
23. “Ал-Жомеъус сағир” (“Кичик тўплам”);
24. “Бадъул махлуқот” (“Махлуқотларнинг
яратилиши”);
25. “Сулосиётул Бухорий” (“Саҳиҳи Бухорий”
асаридаги санади уч ровийли ҳадислар);
26. “Машйахатуҳу” (“Имом Бухорий учрашган
шайхлар ҳақида”).
Бу китобларнинг баъзилари қўлёзма ҳолида
сақланаётган бўлса, баъзилари нашрдан чиққан, яна
бошқалари бизгача етиб келмаган, фақат имомларнинг
ривоятларида қайд этилган, холос. Айниқса, ҳозирда
дунёнинг турли институтларида ушбу асарларни
ўрганишга қизиқиш янада ортиши баробарида уларни
илм аҳлига ва кенг оммага тақдим қилиш ишлари ҳам
амалга оширилмоқда.
Бу китоблар ичида энг улуғи, шубҳасиз, “Ал-Жомеъ
ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) бўлиб, у Аллоҳ
таолонинг китоби – Қуръони каримдан кейинги
ўринда туради. Мазкур китоб халқ орасида тарихда
ҳам, ҳозирда ҳам “Саҳиҳи Бухорий” номи билан
машҳур. Қуйида биз муҳаддиснинг юқорида номлари
зикр этилган асарларининг ҳар бирини қисқа-қисқа
тавсифлаб ўтамиз.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” – “Ишончли тўплам”
()الصحيح الجامع
Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” асари муқаддимасида
Бухорий мазкур асарни “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ ал-муснад
мин ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва
сунаниҳи ва айёмиҳи” (“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам ҳадислари, суннатлари ва ҳаётларидан саҳиҳ
иснодли мухтасар тўплам”) деб номлаган. Аммо асар
“Саҳиҳул Бухорий” номи билан машҳур. Бундай
шуҳрат топишига сабаб, тафсир, фиқҳ ва бошқа диний
илмлар борасида саҳиҳ ривоятлар келтирилганидир.
Асар 97 боб, 4000 такрорсиз ҳадислардан иборат, жами
7275 ҳадис киритилган. Мазкур асар бизгача Имомнинг
шогирди – Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (845-932)
томонидан ривоят усулида, сўнг аслдан кўчириш йўли
билан етиб келган. Асарнинг қўлёзма нусхалари
ҳозирда дунёнинг кўпгина кутубхоналарида сақланади.
Жумладан, Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу
Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида
ҳам тўпламнинг турли йилларда кўчирилган 10 дан
ортиқ нусхаси сақланади. Бу нусхалар ичида
мўътабари ХIV асрда кўчирилгани саналади (СВР. Ж.
IV.).
Аммо дунёдаги энг қадимий нусхаси IХ асрнинг
охири Х аср бошларида ровийларнинг учинчи авлоди
томонидан кўчирилган нусха бўлиб, у Марокаш давлат
кутубхонасида сақланади. Асримизга келиб, асар
кўплаб нашриётларда чоп этилган. Юртимизда ушбу
тўплам биринчи бор 1974 йилда Имом Бухорийнинг
1200 йиллиги муносабати билан Тошкентда чоп
этилган, кейин 1991-95 йиллар оралиғида асарнинг
ўзбек тилидаги таржималари Қомуслар бош
таҳририяти томонидан нашр этилган.
“Адаб дурдоналари”
()المفرد الأدب
Ўз номи билан одоб-ахлоқ бобида машҳур бўлган
китоб. Китобни муаллифдан Абу Хайр Ахмад ибн
Жалил Бухорий Кирмоний Баззор ривоят қилиб
келтирган. Ундаги ҳадислар сони – 1322 та, 644 бобга
ажратиб тасниф этилган. Асар биринчи марта 1888
йилда Ҳиндистоннинг Ора шаҳрида тошбосма
услубида чоп этилган. “Кашфуз зунун” муаллифи
Ҳожа Халифа Суютийдан мазкур асардан кўчирмаси
бўлган, деб айтади.
“Намозда икки қўлни кўтаришлик”
( )الصلاة فی اليدين رفع
Бу асарни “Қуррат ал-аъйн би рафъ ал-ядайн фи ас-
солат” номи билан ҳам зикр қилишган. Ҳожа
Халифада қайд этилмаган. “Хойрул калом” ҳошиясида
келтирилган (Фиҳрист мактабат ал-Азҳар. Ж.1. – Б. 540).
Аммо Ҳожа Халифа шу ном остида ибн Қойим (ваф.
1350 й.) асарини келтиради (Кашф аз-зунун. – Б. 911).
Ибн Надим “Фиҳрист”ида “Китоб сунан ал-фуқаҳо”
номи билан келтиради.
“Сўзнинг яхшиси – имом ортида қироат
қилишликда”
()الامام خلف القرأة فى الكلام خير
1885 йил Ҳиндистонда баъзи шарҳлар билан чоп
этилган. 1902 йил Қоҳирада чоп қилинган (Фиҳрист
мактабат ал-Азҳар. Ж. 1. – Б. 466).
“Ота-онага яхшилик қилиш”
()الوالدين بر
Имом Бухорийдан Муҳаммад ибн Дилавайҳ ривоят
қилган. Ибн Ҳажар даврида бу китоб мавжуд бўлган
(Кашфуз зунун. – Б. 238). Аммо ҳозирда мавжуд
китоблар мундарижаларида зикр этилмаган.
“Тарих китоби”
()التأريخ كتاب
Бухорий бу китобни муҳаддислар табақалари
услубида ёзган ва унга ишончли ва ишончсиз ҳадис
ровийларини киритган. Китоб учта қисмга бўлинади
(Кашфуз зунун. – Б. 287):
1. “Катта тарих”. Бу асар Мадинада ёзилган. У ҳақида
муаллифнинг ўзи шундай дейди: “Тарихда мен
қиссасини билмаган исм жуда оз эди. Аммо китобнинг
узайиб кетишини хоҳламадим”. Асарда саҳобалардан то
Имом Бухорийнинг даврига қадар ҳадис ривоят қилган
кишилар ҳаёти келтирилади.
2. “Ўрта тарих”. Муаллиф китобни йил саналари
бўйича тартиблаган бўлиб, асарнинг бир қисми
бизгача қўлёзма шаклида етиб келган. Китобнинг бизга
маълум бир нусхаси Германияда ва яна бири Саудия
Арабистонида сақланади.
3. “Кичик тарих”. Муҳаддис бу асарни ҳам йил саналари
бўйича тартиблаган. Илк бор 1325/1907 йил Ҳиндистонда
муаллифнинг “Китоб аз-зуъафо ас-сағир” китоби ва Имом
Насоийнинг шу номли асари билан бирга босилган. Юсуф
Илён Серкиснинг “Муъжам” номли китобида мазкур
нашрнинг охирида “Асмоъ ар-рижол” номли рисола ҳам
илова қилинган, дейилади. Аммо бу китоб Бухорийга
тегишлими, йўқми, аниқ эмас.
“Бандалар феълларининг яратилиши”
()العباد افعال خلق
Ушбу асарнинг яратилиши хусусида Ҳожа Халифа
шундай ёзади: “Бу китобнинг ёзилишига сабаб Зуҳлий
билан унинг орасидаги машҳур воқеадир” (Кашфуз
зунун. – Б. 722).
Имом Бухорийдан бу асарни Юсуф ибн Райҳон ибн
Абдуссомад ва Фирабрийлар ривоят қилганлар. 1888
йили Деҳлида Заҳабийнинг “Китобул илм” номли
асари билан бир китоб ҳолида босилган.
“Заиф ва тарк қилинганлар ҳақида китоб”
()المتروكين و الضعفاء كتاب
Баъзи маълумотларга кўра, Имом Бухорийнинг
шундай номланувчи икки асари бўлган. Бири – “Аз-
Зуъафо ал-кабир”, иккинчиси – “Аз-Зуъафо ас-сағир”
бўлиб, бизгача фақат иккинчиси етиб келган. Асарда
ҳадис кишиларининг заиф (ишончсиз)лари ҳақида
муфассал маълумот берилади. Асар бир неча бор чоп
этилган. Имом Бухорийнинг ўзидан Абу Башр
Давлобий (“Ал-Куна” китоби муаллифи), Абу Жаъфар
Шайх ибн Саъид ва Одам ибн Мусо Хаворийлар ривоят
қилганлар. Асар “Ат-Тарих ас-сағир”, Имом
Муслимнинг “Ал-Мунфаридот вал вуҳдон”, Имом
Насоийнинг “Аз-Зуъафо вал матрукийн” номли
асарлари билан 1905 йил Ҳайдарободда чоп этилган.
“Ал-Муснад ал-кабир”
()الكبير المسند كتاب
Мазкур китоб ҳақида тўлиқ маълумотлар
сақланмаган бўлса-да, “Кашф аз-зунун”, “Ал-
Мустатрифа” асарларида унинг ҳақида Фирабрий
тилидан келтирилади (Кашфуз Зунун. – Б. 1684. Ал-
Мустатрифа. – Б. 46).
“Ат-Тафсир ал-кабир”
()الكبير التفسير كتاب
Ҳожа Халифанинг айтишича, Фирабрий зикр
қилган (Кашфуз зунун. – Б. 443). Бухорий уни
Фирабр қишлоғида имло қилиб берган (Тарих
Бағдод. Ж.2. . – Б. 14). Жазоирда ва Ҳиндистонда
унинг нусҳалари сақланади деб, “Имом Бухорий ва
унинг Саҳиҳи” китобида айтиб ўтилган.
“Ичимликлар китоби”
()الأشربة كتاب
Бу асарни Имом Дорақутний ўзининг “Aл-
Муъталиф ва ал-мухталиф” номли китобида эслатади
(Кашфуз зунун. – Б. 1392). Асар бизгача етиб келмаган.
“Китоб ал-ҳиба”
()الحبة كتاب
Бу асарни Муҳаммад Абу Хотам (Бухорийнинг
муқовачиси) эслатади (Кашфуз зунун. – Б. 1471).
Ибн Ҳажар айтади: “Бу китобда муаллиф 500
ҳадисни ривоят қилади. Шу ўринда айтиб ўтиш
лозимки, бу Вакеъ ибн Жарроҳнинг “Ал-Ҳиба” китоби
эмас, балки фақат ундан икки ёки уч ҳадисни ривоят
қилган. Абдуллоҳ ибн Муборакнинг санади дан ҳам 5
тача ҳадисни ривоят қилган” (Фатҳул борий
Муқаддимаси. Ж. 2. – Б. 201)
“Саҳобалар исмлари”
()الصحابة أسامى
Ушбу асар баъзан “Асмоъ ас-саҳоба” (“أسماء
)”الصحابةдеб ҳам аташади. Асарни муаллифдан
Абулқосим ибн Мундих ибн Форис ривоят қилган.
Имом Бағавий ўзининг “Муъжам ас-саҳоба”
китобида асардан истифода қилганини айтади
(Кашфуз зунун).
“Китоб ал-вуҳдон”
()الوحدان كتاب
Бу китобда фақат битта ҳадис айтган саҳобаларнинг
ҳадислари жамланган. Мазкур китобни Абул Қосим
ибн Мундих ўзининг “Ал-Маърифа” номли китобида
эслатиб ўтган.
“Китоб ал-мабсут фил ҳадис”
()الحديث فی المبسط كتاب
Бу асар ҳақида Халилий ўзининг “Ал-Иршод” номли
китобида қайд этаркан, шундай дейди: “Муҳиб ибн
Салим Бухорийдан мазкур китобни ривоят қилган”
(Кашфуз зунун. – Б. 1581).
“Ҳадислардаги иллатлар ҳақида китоб”
()الحديث فی العلل كتاب
Бу китоб ҳақида Абулқосим ибн Мундих эслатган.
Каттоний ўзининг “Ар-Рисола ал-мустатрифа”
китобида айтиб ўтган.
“Кунялар ҳақида китоб”
()الكنى كتاب
Бу асарни Абу Аҳмад Ҳоким “Ал-Куна” номли
китобида зикр қилган ва истифода этган (Кашфуз
зунун. – Б. 1453).
Ибн Субутий айтади: “Ким “Aл-Асмоъ” ва “Aл-
Куна” номли китобларини умид қилса, билсинки, у
Бухорийнинг китобидан сўзма-сўз кўчирилган. Фақат
қисман қўшимча қилинган”. Ҳайдарободда чоп
этилган.
“Фойдалар ҳақида китоб”
()الفوائد كتاب
Бу асарни Имом Термизий ўзининг “Сунан”ида
эслатган (Кашфуз зунун. – Б. 1448).
Аммо ЎзФА Шарқшунослик Институтида №2813
рақам билан сақланаётган “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”
қўлёзмасининг биринчи саҳифасида келтирилган.
“Саҳоба ва тобиъийнлар муаммолари”
()التابعين و الصحابة قضايا
Бу асар Имом Бухорийнинг энг аввал ёзган асаридир.
Бухорий бу хусусда шундай дейди: “18 га тўлганимда
“Қазоё ас-саҳоба ва ат-тобиъийн” китобини ёздим”
(Ҳаётул Бухорий. – Б. 30).
“Катта тўплам” ()الكبير الجامع
Ибн Тоҳир Мақдисий зикр қилади эслатган
(Кашфуз зунун. – Б. 843).
Бу китоб хусусида шу фикрни айтишимиз
мумкинки, муаллиф “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”ни шу
тўпламдан чиқарган.
“Кичик тўплам” ()الصغير الجامع
Бу асарни Абдуллох ибн Муҳаммад Ашқар ривоят
қилган (Кашфуз зунун. – Б. 530).
Ҳожа Халифа “Ат-Тарих ас-сағир”ни назарда тутиб,
“Ал-Жомеъ ас-сағир” деб айтган бўлса керак, чунки
Ибн Ҳажар ўз асари муқаддимасида Ашқардан “Ас-
Сағир” ривоят қилинган, деб айтади.
“Бадъул махлуқот”
()المخلوقات بدء
Бу хусусда маълумот фақат “Кашфуз зунун”да
учрайди.
“Сулосиётул Бухорий”
()البخاری ثلاثيات
Бу асардаги ҳадислар уч иснод орқали Муҳаммад
пайғамбарга тақалади. Китобдаги ҳамма ҳадислар
жами – 22 та. Китоб “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”дан олинган
бўлиб, турли ўлка хаттотлари совға сифатида чиройли
безаклар билан ёзишган. Бухорийнинг ўзи бу ҳадис
тўпламини алоҳида ажратиб ёзган эмас.
“Машйаҳатуҳу” ()مشيخته
Ушбу асар тўғрисида ягона маълумот Тожуддин
Субукийда учрайди: “Бухорий бу асарида ўзи
учрашган шайхлари ҳақида ёзган” (Табақотуш
Шофиъийя. Ж.2. – Б. 3).
“АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИ – ОЛТИ САҲИҲ
КИТОБЛАРНИНГ ЭНГ МУҲИМИ
Бу умматнинг уламолари Имом Бухорийнинг
тўпламларини нафақат суннатга доир жамики
китобларнинг энг буюги ва улуғи деб, балки исломга
доир барча китоблар ичида Аллоҳ таолонинг
Китобидан кейинги энг саҳиҳи деб ҳам қарор
қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
умматлари ва унинг уламоларининг Имом Бухорий
тўпламларини бошқа китоблар ичида энг саҳиҳ ва энг
афзал деб қарор қилганлари на шунчаки ўзаро
келишиб олганлик ва на тасодиф ва на фитна бўлмай,
балки Аллоҳ таолонинг илҳоми ҳамда бу китоб
муаллифининг ҳадиси набавиййани сақлаш ва унинг
ровийларини аниқлаш йўлида қилган жиҳоди
бадалига ато этган мукофотидир. Чунки Аллоҳ
субҳанаҳу ва таоло ўз динини ва ўз рисоласини бўлак
бандаларига етказмоқлари учун танлаган бу умматни
ғофиллигу нодонлик домига илиниб, ўзаро келишган
ҳолда залолатга юз бурмоқдан асрагандир.
Ушбу муҳим асарнинг аҳамияти шундаки, ҳадислар
(кенгроқ маънода “суннат” ёки “сунна”) Қуръони
каримдан кейин иккинчи ўринда туради. Биринчи
ҳижрий асрда ҳадислар Қуръон билан қўшилиб
кетмаслиги учун уларни тўплашга рухсат берилмас
эди. Лекин иккинчи ҳижрий асрнинг ярмига келиб,
кўп сабаблар, айниқса тўқима ҳадислар сони ошгани
туфайли ҳадисларни ёзиб олиб тўплаш ишига
киришилди. Биринчилардан бўлиб бу ишга қўл
урганлар Мадинада Молик ибн Анас, Муҳаммад ибн
Исҳоқ, Маккада Ибн Журайж, Куфада Суфён Саврий,
Басрада Ҳаммод ибн Солма, Яманда Муаммар ибн
Рошид, Марвда Абдуллоҳ ибн Муборак, Шом
(Сурия)да Авзоъий, Мисрда Лаис ибн Саъд эдилар.
Улар жамлаган асарлардан бизгача фақат Имом
Молик тўплаган “Ал-Муватто” китоби етиб келган.
Улардан кейин ҳадис тўпловчиларнинг иккинчи
табақаси етишиб чиқди. Улар “Муснадлар”
муаллифлари бўлиб, Аҳмад ибн Ҳанбал уларнинг
машҳур намояндаси эди.
Учинчи ҳижрий аср, ҳадисларни танқидий асосда
тўплаб, уларнинг саҳиҳларини заифларидан ажратиш
(саралаш), ровийларни ишонарли ва ишончли
эмасликларини белгилаб олиш даври эди. Бу даврда
олтита саҳиҳ китоб (“Сиҳоҳи ситта”) деб аталган энг
мўътабар асарлар муаллифлари майдонга чиқдилар.
Улар – Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом
Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа эдилар.
Ушбу олти китобдан энг саҳиҳ ва Қуръондан кейин энг
мўътабар деб қабул қилингани Имом Бухорийнинг
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари ҳисобланади.
Бухорий ўз асарини фиқҳ, илмининг бобларига
мослаштириб тартибга солди. Бухорий бу ҳақда
шундай деган экан: “Мен ушбу китобни олти юз минг
ҳадис ичидан ажратиб олиб, 16 йилда уни тамомладим
ва ўзим билан Аллоҳни ўртамизда уни ҳужжат қилиб
қўйдим”.
Фирабрий айтишича, у яна бундай деган экан: “Ҳеч
бир ҳадисни ғусл қилиб, икки ракат намоз ўқимай
туриб, Саҳиҳ китобимга киритган эмасман...”
“Саҳиҳул Бухорий” – 97 китоб, 3450 бобни ўз ичига
олиб, Ибн Салоҳ ва Нававий айтишларича, ундаги
ҳадислар сони такрорланган ҳадислар билан бирга 7275
тага етиб боради.
“Саҳиҳул Бухорий”нинг арабча шарҳлари:
Имом Бухорий бобомизнинг бу асарларига араб
тилида ҳам жуда кўп шарҳлар ва ҳошиялар ёзилган
бўлиб, улар ҳажм ва аҳамияти жиҳатдан хилма-
хилдир. Бу шарҳлар хусусида “Мозийдан таралган зиё”
китобида юзга яқин шарҳ ва уларнинг муаллифлари
ҳақида келтирилган:
1. “Шарҳ Ибн ал-Мунийр”нинг муаллифи Имом
Носируддин Али ибн Муҳаммад ибн Мунийр
Искандароний (ваф. 1296 й.) бўлиб, унинг қаламига
мансуб бу улкан шарҳ ўнта катта жилддан иборат.
Шунингдек, Имом Носируддин ибн Баттолнинг
“Саҳиҳул Бухорий”га бағишланган шарҳига тегишли
ҳошиялар ҳам ёзган.
2. “Шарҳ Саҳиҳул Бухорий”нинг муаллифи шомлик
олим Қутбиддин Абдулкарим ибн Абдуннур ибн
Мунийр Ҳалабий Ҳанафийдир (ваф. 1344 й.). Ўн
жилддан иборат бўлган бу шарҳ “Саҳиҳ”нинг ярмигача
етган. Муаллиф Имом Бухорий асарига мукаммал бир
шарҳ ёзишни ният қилган кўринади, лекин, афсуски,
бу шарҳ охиригача етмай қолган.
З. “Ал-Кавокиб ад-Дироий” номли шарҳнинг
муаллифи аллома Шамсуддин Муҳаммад ибн Юсуф
ибн Али Кирмоний (ваф. 1384 й.). Илм аҳли учун ғоятда
фойдали бўлган бу шарҳда муаллиф “Саҳиҳул
Бухорий”нинг шу хилдаги бошқа асарлардан
устунлиги ҳақида ишончли ва ёрқин далиллар
келтирган. Кирмонийнинг бу асари “Саҳиҳ”га ёзилган
шарҳларнинг энг муҳимларидан ҳисобланади.
Муаллиф ушбу асарини 1373 йилда Маккаи
мукаррамада ёзиб тугатган. Машҳур олим Ибн Ҳажар
Асқалонийнинг фикрича, Кирмонийнинг бу шарҳи
қатор хато-камчиликлардан ҳам холи эмас. Бу асар
Қоҳирада чоп этилган бўлиб, унинг қатор қўлёзмалари
Истанбул кутубхоналарида сақланади.
4. “Ат-Талвийҳ” номли шарҳ Имом Хофиз
Муғултоий ибн Қилич Туркий Алоуддин Мисрий
Ҳанафийнинг (ваф. 1361 й) қаламига мансуб. Ҳажм
жиҳатидан катта бўлган бу асар ҳам “Саҳиҳ”га ёзилган
муҳим шарҳлардан ҳисобланади.
5. Шайхулислом Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн
Ҳажар Асқалонийнинг (ваф. 1448 й.) “Фатҳул борий фи
шарҳи Саҳиҳул Бухорий” номли шарҳи Имом Бухорий
асарига битилган энг мўътабар шарҳдир. ХV асрда
яшаган буюк араб мутаффаккири Ибн Халдун ўзининг
“Муқаддима” номли машҳур асарида: “Ибн Ҳажар
Асқалонийнинг Имом Бухорий асарига ёзган “Фатҳул
борий” номли шарҳини “бутун ислом уммати
ўрганиши қарздир”, – деб ушбу асарни юксак
баҳолаган эди.
Дарҳақиқат, илмий нуқтаи назардан
Асқалонийнинг бу шарҳи ғоятда муҳим ва мукаммал
асар бўлиб, Имом Бухорий асарини ўрганган ҳар бир
тадқиқотчи ва ўқувчи унга мурожаат қилмасдан иложи
йўқ. Муаллиф ўз шарҳини 1414 йилда бошлаб, 1437
йилда, яъни йигирма уч йилда ёзиб тугатган бўлса-да,
унга умрининг охиригача (1448 йилгача) қўшимчалар
киритган. Асқалонийдан кейин “Саҳиҳул Бухорий”га
шарҳ ёзган барча муаллифлар Асқалонийнинг ушбу
машҳур шарҳига мурожаат қилганлар.
6. “Ҳадй ас-сорий муқаддимат Фатҳул борий” номли
шарҳнинг муаллифи ҳам Ибн Ҳажар Асқалоний
бўлиб, у “Фатҳул борий”га ёзилган муқаддима
ҳисобланади. Бу улкан асар ўн бўлимдан иборат. Бу
бўлимлар ўз навбатида фаслларга бўлинади.
Китобнинг охирида Имом Бухорийнинг таржимаи
ҳоли, асарлари ва шогирдлари ҳақидаги қимматли
маълумотлар келтирилган.
7. Олим Муҳаллаб ибн Абу Сафра Озадийнинг ( ваф.
1043 й.) қаламига мансуб “Шарҳул муҳаллаб” номли
шарҳ ҳақида деярли ҳеч бир маълумотга эга эмасмиз.
Фақат шу нарса маълумки, муаллиф ўз шарҳига қўшиб
“Саҳиҳул Бухорий”нинг матнини ҳам келтирган.
8. Аллома Абу Зинод (туғилган ва вафот этган йили
номаълум) Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” асарига ёзган
шарҳи “Ас-Сирож” деб аталади. Ушбу шарҳ ҳақида
манбаларда бошқа маълумотлар учрамаган.
9. “Ғойат ат-тавзийҳ лил-жомиъ ас-саҳиҳ” номли
шарҳнинг муаллифи аллома Усмон ибн Иброҳим
Сиддийқий Ҳанафий бўлиб, у тахминан ҳижрий X
асрнинг охирларида вафот этган. Ушбу шарҳнинг бир
қўлёзмаси Рампурдаги Ал-Мактабат ал-Амирийада
сақланади (шарҳ икки жилддан иборат).
10. “Баҳжат ан-нуфус” номли шарҳ Абдуллоҳ ибн
Саъид ибн Абу Жамра Озадий (ваф. 1276 й.) бўлиб,
унинг қўлёзма нусхаси Истанбулдаги Валиуддин
Султон Боязид кутубхонасида сақланади.
“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ГА БАҒИШЛАНГАН
БОШҚА АСАРЛАР ВА ТАРЖИМАЛАР
Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” асарига бағишланган
форсий бир қанча шарҳлар ва бошқа асарлар бўлиб,
улардан баъзилари ҳақида сўз юритамиз:
1. Аллома Нур Хаққ ибн Шайх Абд Ҳаққ Деҳлавий
(ваф. 1663 й.) қаламига мансуб шарҳ “Тайсийрул
Қорий” деб аталади.
2. “Шарҳ сулосиёт ал-Бухорий” номли асарнинг
муаллифи Мулло Алий ибн Муҳаммад Султон Қорий
Харавий (ваф. 1605 й.) бўлиб, бу шарҳ ҳақида баъзи
тарихчилар (масалан, Аҳмад Муҳиббий) ўз асарида
зикр қилганлар.
3. “Тайсийрул борий” номли шарҳнинг муаллифи
аш-Шайх Вақор Навозжанг Баҳодур (ваф. 1920 й.)
бўлиб, у “Саҳиҳул Бухорий”нинг муфассал
таржимасидан иборат ва арабча асли билан
биргаликда нашр этилган.
4. Шайх Разийуддин Абул Хайр Абдулмажидхон
Таванкий (туғилган ва вафот этган йили номаълум)
қаламига мансуб шарҳ “Муълимул Қорий шарҳ
сулосиёт ал-Бухорий” деб аталади. Мазкур шарҳ 1845
йилда Аккрада нашр этилган.
5. Имом Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн
Калабозий (ваф. 1008 й.)нинг “Асмо рижол Саҳиҳул
Бухорий” номли асари “Саҳиҳ” ровийларининг
исмларига бағишланган.
6. Абу Муҳаммад Абд Хаққ ибн Абдурраҳмон
Озадий Ашбийлий ибн Харрот (ваф. 1186 й.) яратган
асар “Ал-Жамъ байнас саҳиҳайн” деб аталади. Бу асар
қўлёзмасининг бир нусхаси Истанбулдаги Нур ал-
Усмонийа кутубхонасида сақланади (Мозийдан
таралган зиё).
“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИНГ ЖАҲОН ТИЛЛАРИГА
ТАРЖИМАЛАРИ
Европаликлардан дастлаб Крейзон исмли олим
“Саҳиҳул Бухорий”ни инглиз тилига таржима қилган.
Бу таржима 1879 йилда Белк шаҳрида ўн жилдда нашр
этилган.
Шунингдек, Имом Бухорийнинг бу асари 1935 йилда
немис алломаси Муҳаммад Асад (исломни қабул
қилгач, у шу исмни олган) томонидан мухтасар изоҳ ва
ҳошиялари билан икки жилдда нашр этилган. Ушбу
таржима ҳақида ўз вақтида қатор олимлар томонидан
яхши фикр-мулоҳазалар билдирилган эди. “Саҳиҳул
Бухорий”ни инглиз тилига доктор Муҳаммад
Муҳсинхон ҳам таржима қилиб нашр эттирган. Имом
Бухорий асарининг катта бир қисми немис тилига ҳам
таржима қлиниб, 1936 йилда Кембриджда бепул нашр
этилган.
“Саҳиҳул Бухорий”нинг дастлабки икки жилди
Аҳмад Наийм томонидан турк тилига ағдарилган. 1939
йилда ва ундан кейин Комил Мийрос деган олим бу
таржимани охирига етказиб, асарнинг тўлиқ
таржимасини 1928 йилда Истанбулда нашр эттирган.
“Саҳиҳул Бухорий” француз тилига О. Ходас ва В.
Марсуйс деган олимлар томонидан 1903-1914 йилларда
таржима қилинган бўлиб, беш жилддан иборат мазкур
таржима тегишли ҳошиялар, изоҳлар ва фаҳорислар
билан жиҳозланган ҳолда 1984 йилда Парижда нашр
этилган (Мозийдан таралган зиё).
ИМОМ БУХОРИЙ ҲАЁТИДАН ЛАВҲАЛАР
Имом Бухорийнинг Бағдодда имтиҳон қилиниши
Ҳадис илмининг султони – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад
ибн Исмоил Бухорий (810-870) тўплаган беназир мерос
– Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳиҳ (ишончли)
ҳадислари мана қарийб ўн икки асрки бутун
инсониятни рўшду ҳидоят йўлларига бошлаб
келмоқда. Буюк ватандошимизнинг ҳаётий ва илмий
фаолиятлари жумлаи жаҳонда муттасил равишда кенг
кўламда чуқур ўрганилиб, аллома ҳақида турли
тилларда юзлаб илмий ва оммабоп асарлар яратилган.
Мана шулардан бири суриялик олим Шайх
Муҳаммад Жамолуддин Қосимий Дамашқийнинг
(1866-1914) – “Ҳаётул Бухорий” (“Бухорийнинг ҳаёти”)
номли асари бўлиб, унда алломанинг ибратли ҳаёти ва
илмий салоҳияти ҳақида кўп қимматли маълумотлар
келтирилган. Араб тилида ёзилган мана шу асардан
Имом Бухорийнинг буюк бир фазилати – қувваи
ҳофизаси ва хотирасининг ақл бовар қилмайдиган
даражада кучли бўлганлиги хусусидаги бир лавҳани
ўзбекчага ўгириб, муҳтарам ўқувчиларимиз
эътиборларига ҳавола этишни лозим топдик.
Ибн Қаттон лақабли Абдуллоҳ ибн Адий ибн
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Муборак Журжоний
(ваф. 976 й.) шундай ҳикоя қилади:
“Бағдод уламоларидан бир қанчасидан эшитганман:
“Бир марта Муҳаммад Бухорий Бағдодга келганида
шаҳардаги ҳадисшунослар бу хабарни эшитгач, бир
жойга тўпланишиб, Бухорийнинг қувваи ҳофизасини
имтиҳон қилиб, синаб кўришмоқчи бўлишадилар. Шу
мақсадда улар ҳар хил ҳадислардан юзтасини ажратиб
олиб, уларнинг матнлари-ю иснодларини бутунлай
ўзгартириб, бир тоифа ҳадис иснодларини тамоман
бошқа матнларга, бошқа бир тоифа матнларни эса
батамом ўзга иснодларга алмаштириб қўйдилар ва
ушбу юз ҳадисни ўн кишига бўлиб ҳар қайсига ўнтадан
қилиб тақсимлаб бердилар. Илмий мажлис
бошланганида ушбу ҳадислар юзасидан Муҳаммад
Бухорийга савол беришларини уларга топширдилар.
Қачонки, Имом Бухорий билан келишилган илмий
йиғин вақти келганда – бу йиғинга бағдодликлардан
ташқари Хуросон ва бошқа ўлкалардан ҳам кўплаб
меҳмонлар тўплангандилар – йиғилган мажлис аҳли
тинчланиб, йиғин бошлангач, ўша (махсус)
тайёрланган ўн кишидан бири ўрнидан туриб (ўзига
берилган) ўн ҳадисдан бири ҳақидаги саволини
сўраганда Имом Бухорий: “Мен бунақа ҳадисни
билмайман”, – деб жавоб қилди. Шундан сўнг у киши
Бухорийдан бирин-кетин қолган ҳадислари ҳақида
сўради, Бухорий эса ҳар сафар: “Мен бунақа ҳадисни
билмайман”, – деб жавоб беради. Шунда ушбу йиғинда
қатнашган ва масаладан огоҳ бўлган баъзи уламолар
бир-бирларига маъноли қарашиб: “О, сезиб қолди-ёв”,
– деб пичирлашса, масаланинг асл моҳиятидан
бехабарлари эса Имом Бухорийнинг билими саёз,
қобилияти ўзига яраша ва хотираси заиф қабилида
айблай бошладилар.
Шундан сўнг иккинчи киши ўрнидан туриб ўша
бутунлай ўзгартирилган ҳадислардан бири ҳақида
савол берди. Имом Бухорий: “Мен бунақа ҳадисни
билмайман”, – деб жавоб қилди. У киши бошқа
ҳадислари ҳақида сўраганда ҳам у: “Мен бунақа
ҳадисни билмайман”, – деб жавоб қилди. У бирин-
кетин ўнта ҳадиси ҳақида сўраганда ҳам Бухорий ҳар
сафар: “Мен бунақа ҳадисни билмайман”, – деб жавоб
қилди. Сўнгра учинчи, тўртинчи ва қолганлари ҳам
ўша ўзгартирилган ҳадислари ҳақидаги саволларини
сўрадилар, Имом Бухорий эса ҳар сафар бир хил: “Мен
бунақа ҳадисни билмайман”, – деб жавоб қиларди.
Тайёрланган ўн киши саволларини бериб
бўлганларига ишонч ҳосил қилган Имом Бухорий
биринчи бўлиб савол берган кишига қараб: “Сиз
биринчи ҳадисни шундай (хато) айтдингиз, аслида
унинг тўғри шакли – бунақа, иккинчи ҳадисни бундай
ғалат айтдингиз – тўғриси эса ундай эмас – бундай,
учинчи, тўртинчи ҳадисларнинг ҳам тўғриси – бундай”,
деб у сўраган ўнта ҳадиснинг бирма-бир матнини
келтириб, уларнинг ҳар қайсисининг матнини асл-
тўғри иснодига, иснодини эса ўз матнига қайтариб
тўғрилаб айтди. Қолган савол берган тўққиз кишининг
сўраганларига ҳам худди шу зайлда бирма-бир
батафсил жавоб қилди. Йиғилган жамоатнинг ҳаммаси
имом Бухорийнинг қувваи ҳофизасига қойил қолиб,
унинг фазлу фазилатига таҳсинлар ўқиб, офаринлар
айтиб, алломани олқишладилар”.
Шош (Тошкент)нинг таниқли муҳаддисларидан
бири Ҳошид ибн Исмоил ибн Исо Шоший Ғаззол (ваф.
875 й.) шундай деб ёзган:
“Имом Бухорий ўспиринлик чоғида биз билан
бирга Басра машойихларидан ҳадислар эшитарди.
Ҳаммамиз устозлардан эшитганларимизни дарҳол
ёзиб борардик, Бухорий эса ҳеч нарса ёзмасдан фақат
эшитиб ўтирарди. Шу тариқа ўн олти кун ўтгач, у
биздан: “Назаримда, кўп ҳадис ёзиб юбордиларинг,
қани менга ёзганларингни кўрсатинглар-чи?” деб
қолди. Биз ёзган ҳадисларимизни ҳисоблаб кўрсак,
ўн беш мингдан ортиқ ҳадис ёзиб олган эканмиз.
Шунда Бухорий уларнинг ҳаммасини ёддан айтиб
бердики, ҳатто устозлардан ёзиб олган
ҳадисларимиздаги йўл қўйилган баъзи хатоларни
унинг ёддан айтганларига қараб тузатиб ҳам олдик”.
Муҳамад ибн Азҳор Сижистоний исмли олим шундай
деган: “Устоз Сулаймон ибн Ҳарбнинг (ваф. 839 й.) илмий
сабоқларида қатнашардим. Муҳаммад Бухорий ҳам
бизлар билан ҳадислар эшитарди-ю, лекин у сира
ёзмасди. Шунда талабалардан бирининг ғаши келиб:
“Муҳаммад нега сира ёзмайди?”, деб сўраб қолганди.
Унга: “У ўз юрти Бухорога қайтгандан кейин ёдидан
ёзади”, – деб жавоб қилгандилар”.
Аллома Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний: “Бу ўринда,
албатта, Имом Бухорийнинг истеъдоди тан
олинаётир, чунончи хатони тузатиб тўғри аслига
қайтаргани жуда ҳам ажабланарли иш эмас, чунки у
ҳофиздир. Ажабланарлиси шундаки, у ҳеч бир
тайёргарликсиз дафъатан ўзига атайин чалкаш
айтилган ҳадисларни хатосини тузатиб, уларни ёддан
ўз ўрнига қўйганидир”, – деб ёзган эди.
Аллома Абу Бакр Калвазоний: “Мен умримда
Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаганини сира кўрмадим.
У ҳар қандай илмий китобни олиб диққат билан ўқиб
чиқарди ва бир ўқишдаёқ ҳадисларни барча
масалалари билан биргаликда ёдида сақлаб қоларди”,
– деб таъкидлаган.
Имом Бухорийнинг шогирди бир сафар имом
ҳазратлари ҳоли қолганларида у кишидан: “Ёдлаш
(ҳифз)ни кучайтириш учун бирор даво борми?” деб
сўраган. Шунда Бухорий: “Ҳифз учун исноддаги илмга
ўта чанқоқлик ва саъй-ҳаракатнинг бардавомлигидан
ортиқ фойдали нарсани билмайман”, деб жавоб
қилганлар.
ИМОМ БУХОРИЙ ҲАҚИДА БОШҚАЛАР
“Имом Бухорийнинг тўпламлари ислом китоблари
ичида Аллоҳ таолонинг Китобидан кейинги энг буюк
ва энг афзал китоб бўлиб, у ҳозирги вақтда инсонлар
учун энг катта таянч бўлиб турибди”.
Имом Заҳабий
***
“Ҳадисга бағишланган машҳур тўпламларнинг
ҳаммаси ичида Муҳаммад ибн Исмоилнинг китобидан
яхши китоб йўқ”.
Имом Насоий
***
“Шу пайтгача Хуросондан Муҳаммад ибн Исмоил
Бухорийдек буюк аллома етишиб чиққан эмас”.
Аҳмад ибн Ҳанбал
***
“Устозлар устози, муҳаддислар саййиди, ҳадис
иллатларининг табиби, ижозат берсангиз,
оёқларингиздан ўпсам”.
Муслим ибн Ҳажжож
***
“Ироқда ва Хуросонда Муҳаммад ибн Исмоилдан
кўра ҳадис иллатларини, тарихини, санадлар илмини
чуқур биладиганини топмадим”.
Абу Исо Термизий
***